“Tracker” автомашинасини миниш қимматга тушди

"Tracker” автомашинасини миниш қимматга тушди

Фуқаро Т.Назаров (исми-шарифи ўзгартирилган) муқаддам 2 маротаба судланиб, жазони ўтаб чиққанлигидан ўзига тегишли хулоса чиқармаган, йўқса қайта жиноятга қўл урмаган бўлар эди.
  Т.Назаров бу сафар фирибгарлик йўли билан банк маблағларини қўлга киритиш мақсадида, 2019 йилнинг 13 март куни ТИФ "Ўзмиллийбанк” АЖ филиалидан автокредит чиқаришни режа қилади ва "Навоийавтотеххизмат” МЧЖдан "Tracker Trkat” русумли автомашина сотиб олиш учун 36 ой муддатга йиллик 28 фоиз устама тўлаш шарти билан 150 000 000 сўм кредит маблағлари ажратиб бериш ҳақида банк билан ўртасида тузилган "Автокредит бериш тўғрисида” ги шартнома расмийлаштиради, шунингдек ўзи билан бирга қарз олувчи фуқаро Н.Давронованинг (исми-шарифи ўзгартирилган) шартномадаги имзосини сохталаштиради.
  У банк билан тузилган шартноманинг тегишли бандига асосан автомашинани 10 иш куни ичида гаровга қўйиш мажбуриятини олади ҳамда "Tracker Trkat” русумли автомашина сотиб олиши учун 
банкдан 150 000 000 сўм кредит маблағлари ажратилишига эришиб, ушбу пулларни "Навоийавтотеххизмат” МЧЖни АТ "Асакабанк” Навоий вилоят филиалидаги ҳисоб рақамига ўтказиб, у ердан 2019 йилда ишлаб чиқарилган "Tracker Trkat” русумли автомашинани сотиб олади.
  Шундан сўнг Т.Назаров банк раҳбариятини алдаб, автомашинани гаровга қўймасдан, уни 03.10.2019 йилда нотариус орқали расмийлаштирилган ASH №299711 NV–сонли шартномасига асосан фуқаро Абдулаев Шухрат Атоқуловичга 160 000 000 сўмга сотиб, сотувдан тушган пул маблағларини кредит қарздорлигини сўндириш учун сарфламасдан, ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юбориб, ТИФ "Ўзмиллийбанк” АЖ филиали манфаатларига 150 000 000 сўм жуда кўп миқдорда моддий зарар етказади.
Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман суди томонидан Т.Назаровни Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси 4-қисмининг "а” банди ва 
228-моддасининг 1-қисми билан айблаш ҳақидаги жиноят иши, 
2022 йил 7 июль куни судда кўриб чиқилди ва уни айби судда тўлиқ ўз исботини топганлиги сабабли, судланувчининг шахси, етказилган зарарни қопланмаганлиги, шунингдек, жазосини енгиллаштирувчи ҳолатларни эътиборга олиб, ЖКнинг 57-моддаси ва 59-моддасининг 8-қисми қўлланиб, 
5 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Авазжон Ибодов
Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг раиси
“Tracker” автомашинасини миниш қимматга тушди

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.