ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЯНГИЛИКЛАР.

Адлия вазирлиги томонидан қонунчиликдаги янгиликлар, қабул қилинаётган ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти билан танишинг.

1. "Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” Қонун Президент томонидан имзоланди
(ЎРҚ-566-сон, 10.09.2019 й.).

Қонун билан 10 дан ортиқ қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Судлар тўғрисидаги Қонунга киритилган ўзгаритишларга кўра, эндиликда судьялик учун 35 ёш бўлиш талаб этилади (илгари 30 ёш эди).

Шунингдек, судьялик лавозимига биринчи марта тайинланадиган захирадаги номзодлар Судьялар олий мактабида ўртача ойлик иш ҳақи сақланмаган ҳолда ўқиши белгиланди (илгари, ўртача ойлик иш ҳақи сақланган).

Қонун билан Халқ маслаҳатчиларининг ҳам ёши 35 ёш этиб белгиланди (илгари 30 ёш эди).

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

2. "Психиатрия ёрдами кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” Қонун Президент томонидан имзоланди
(ЎРҚ-567-сон, 12.09.2019 й.).

Қонун билан 10 дан ортиқ қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришга кўра жиноят содир этиш вақтида руҳий ҳолати бузилганлиги туфайли ўз ҳаракатларининг (ҳаракатсизлигининг) аҳамиятини тўлиқ даражада англай олмаган ёки уларни бошқара олмаган ақли расо шахс жавобгарликка тортилади.

Ақли расоликни истисно этмайдиган тарзда руҳий ҳолати бузилган шахсга нисбатан суд томонидан жазо билан бирга тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари тайинланиши мумкин.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

3. Хитой Халқ Республикаси, шу жумладан Хитой Халқ Республикаси Гонконг махсус маъмурий ҳудуди фуқаролари учун Ўзбекистон Республикасига киришда визасиз режимни белгилаш тўғрисида Президент Фармони
(ПФ–5819-сон, 12.09.2019 й.) қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб Хитой Халқ Республикаси, шу жумладан Хитой Халқ Республикаси Гонконг махсус маъмурий ҳудуди фуқаролари учун белгиланган тартибда мамлакатимиз халқаро аэропортлари орқали 7 кундан кўп бўлмаган муддатга визасиз кириш тартиби белгиланди.

4. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент Фармони қабул қилинди (ПФ-5817-сон, 11.09.2019 й.)

Фармон билан Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузурида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги ташкил этилди.

Агентлик истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқади ва амалга оширади.

Фармонга кўра, Агентликка истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уни бузган шахсларга нисбатан чора кўриш учун судга мурожаат қилиш каби ҳуқуқлар берилди.

5. "Чироқчи” эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисида Президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, Чироқчи туманида "Чироқчи” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилади.

Ташқи бозорларда талаб этилаётган ва импорт ўрнини босувчи, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича замонавий ишлаб чиқаришларни ташкил қилиш учун тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш ушбу ЭИЗнинг асосий вазифаларидан этиб белгиланди.

"Чироқчи” ЭИЗнинг фаолият кўрсатиш муддати 30 йилни ташкил этади ва фаолияти давомида унинг ҳудудида алоҳида солиқ, божхона ва валюта тартиботлари амал қилади.

6. Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги Президент қарори қабул қилинди
(ПҚ–4447-сон, 12.09.2019 й.)

Қарор билан тасдиқланган низомга кўра, эндиликда ёш ҳарбий хизматчиларга юқори даражали касбий сифатларга эга бўлган, тайёргарлиги энг яхши ҳарбий хизматчилар ва Қуролли Кучлар фахрийлари орасидан мураббийлар бириктирилади.

Шу билан бирга, қуйидаги ҳарбий унвонлар жорий этилди:

"III даражали сержант” - 3 йил;

"II даражали сержант” - 4 йил;

"I даражали сержант” - 5 йил.

Шунингдек, ўқиш давомийлиги 5 йил бўлган олий ҳарбий таълим муассасаларининг битирувчилари учун "лейтенант” ҳарбий унвонини олиш учун хизмат муддати 1 йил этиб белгиланди.

7. Енгил саноатни янада ривожлантириш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори
(ПҚ–4453-сон, 16.09.2019 й.) қабул қилинди

Қарор билан хомашёни қайта ишлаш асосида бозор талабларига мос тўқимачилик, тикув-трикотаж, чарм-пойабзал ва мўйначилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт қилишнинг 2020–2025 йилларга мўлжалланган мақсадли параметрлари тасдиқланди.

2021 йил 1 январдан:

божхона чегараси орқали ярим тайёр чармни олиб чиқишда экспорт қилинадиган маҳсулот қийматининг 10 фоизи миқдорида;

экспорт қилинадиган ҳар бир килограмм ип-калава учун 0,01 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилади.

2020 йил 1 январдан ялпи тушумнинг умумий ҳажмида тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларининг экспорти 60 фоиздан кам бўлмаган экспорт улушига эга бўлган корхоналар 2023 йил 1 январгача мол-мулк солиғини тўлашдан озод этилади.

8. Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни уй-жой билан таъминлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Ҳукумат қарори (760-сон, 11.09.2019 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, ёш оилалар учун қурилаётган 2116 та уй-жой қиймати дастлабки бадалининг 65 фоизигача бўлган қисми Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағи ҳисобига 7 йил муддатга қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизига тенг бўлган ставкада ссуда тариқасида ажратилади (ҳозирга қадар бошланғич бадал Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан тўлиқ тўлаб берилган).

Шунингдек, ипотека кредити бўйича биринчи 5 йил ниҳоясига етгач кейинги бутун муддат учун ҳисобланган қайта молиялаштириш ставкасига тенг миқдордаги фоизларнинг 25 фоизи Ўзбекистон ёшлар иттифоқи маблағи ҳисобига тўланади.

9. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг мактабгача таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорга асосан Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) тасарруфидаги болалар боғчалари истисно тариқасида, ИИВнинг идоравий мансублигида қолдирилган ҳолда Мактабгача таълим вазирлиги тизимига ўтказилди.

Қарорга кўра, ушбу боғчаларнинг таълим-тарбия жараёнини мувофиқлаштириш ва методик бошқариш Мактабгача таълим вазирлиги томонидан амалга оширилади.

ИИВнинг болалар боғчалари раҳбарлари Мактабгача таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда ички ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

2019 йил 1 октябрдан:

ИИВ болалар боғчалари тарбияланувчилари умумий ўринлари сонининг 80 фоизи ички ишлар органлари ходимлари ва ҳарбий хизматчиларининг фарзандлари учун ажратилади;

20 фоизи эса Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларига мувофиқ жамланади.

10. Ҳукумат қарори (778-сон, 17.09.2019 й.) билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланилаётган, сотиш ёки шахсий фойдаланиш учун олиб кириладиган ва ишлаб чиқариладиган мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Қарорга мувофиқ, мобил қурилмалар:

2019 йил 1 ноябргача – уларни автоматик тарзда мобил алоқа операторлари тармоқларига улаш (активлаштириш) орқали бепул асосда;

2019 йил 1 ноябрдан – жисмоний шахслар, импорт қилувчилар ва ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг мобил қурилмаларни халқаро ўзига хос идентификация кодлари бўйича рўйхатга олиш тизимига мурожаат қилиши орқали бепул, 2019 йил 1 декабрдан эса пулли асосда рўйхатга олинади.

Низомга кўра, мобил қурилмаларни рўйхатга олиш Тизим оператори ёки Тизим рўйхатга олувчисига мурожаат бўйича амалга оширилади.

Аввал рўйхатга олинган мобил қурилмалар қайта рўйхатга олинмайди.

 

Навбаҳор туман

адлия бўлими.

 

 

 

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.