Инсон ҳуқуқлари –олий қадрият

           Мустақил демократик йўлдан дадил одимлаётган Ўзбекистоннинг энг улуғ мақсади, аввало, халқимиз манфаатлари кўзланган ислоҳотларни амалга оширишга қаратилгани билан эътиборлидир. Бу жиҳатлар Конституциямизда ҳам мустаҳкамлаб қўйилган. Жумладан, Бош Қомусимизнинг II боб 13 моддасида "Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, унга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

  Маълумки, миллий ҳуқуқий мерос миллатимизнинг, халқимизнинг беназир бойлигидир. Бу бойлик энг катта қадрият ҳисобланган буюк мутафаккирларимиз, аллома – аждодларимиз ғояларида, асарларида чуқур ўз ифодасини топган.Жаҳон илму - фани ва маданияти ривожига бебаҳо ҳисса қўшган буюк аждодларимиз Шарқнинг мутафаккирлари ал - Бухорий, ал - Хоразмий, ат - Термизий, ал – Фарғоний, Беруний, Фаробий, Ибн Сино, А.Яссавий, ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд, Амир Темур, Улуғбек, Навоий, Бобур ва бошқа даҳоларнинг бизга қолдирган маънавий мероси инсон ҳуқуқларини ҳимоя илишнинг тарихий асослари сифатида намоён бўлмоқда.

Улуғ бобокалонимиз Амир Темур айтганидек: "Қаерда қонун ҳукмронлик қилса, шу ерда эркинлик бўлади".

Сўз мулкининг султони Алишер Навоий асарларида инсонпарварлик, одил подшоҳ, фақир мискинларга эҳтиром кўрсатиш, саховат, комил инсон хусусида жуда кўп фалсафий фикрлар мавжуд. Мутафаккир "Маҳбуб ул-қулуб” асарини одил подшоҳларни васф қилишдан бошлайди. Унинг фикрича, адолатли подшоҳнинг мамлакат ва халойиқ учун фойдасининг чеки-чегараси йўқ. Бундай подшоҳ, энг аввало, хулқ-одобда фақиру мискинларга, аҳолининг турли тоифаларига бирдек юмшоқ ва яхши муомалада бўлади. Адолатли подшоҳ юксак фазилатлар эгаси. У қўл остидагиларга марҳаматли бўлади, аммо золим ва қароқчилар, ўғрилар, йўлтўсарлар унинг ҳайбатидан, жазолаши ва қасос олишидан қўрқадилар. Подшоҳнинг саъй-ҳаракатлари, тиришқоқлиги туфайли мамлакатда тинчлик, осудалик ҳукм суради, унинг меҳр-муруввати ва қўли очиқлигидан халқ тўқ, фаровон яшайди.

Юртимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, адолатни қарор топтириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар бугун БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилиб, қўллаб-қувватланмоқда.Инсонни улуғлаш уни муҳофаза қилиш ва ҳар томонлама камол топтириш янги Ўзбекистоннинг асосий ғоясига айлантирилди.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмини яратиш, инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантриш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ижро этиш мақсадида 22 июнь 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-6012-сон Фармони тасдиқланди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу ҳужжатнинг тайёрланиши жараёнида 50 дан ортиқ давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан тақдим қилинган 200 дан зиёд таклиф ва мулоҳаза ҳисобга олинди. Фармонга мувофиқ, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг миллий стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси” тасдиқланади.

Миллий стратегияни тасдиқлашдан мақсад – мамлакатда турмуш даражаси ва фаровонликни оширишнинг муҳим ва зарурий шарти, давлатнинг жаҳон майдонидаги рақобатбардошлиги, унинг барқарор ривожланиши ҳамда демократик янгиланиши шарти сифатида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича давлат сиёсатининг асосий вазифалари ва йўналишларини белгилаб олишдан иборат.

Инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш бўйича долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамаси, халқаро ва миллий маслаҳатлашувлар натижасида ишлаб чиқилган мазкур концепция олти бўлимдан иборат бўлиб, миллий стратегиянинг асосий вазифалари 14 пунктдан иборат ҳолда кўрсатиб берилган. Белгиланган вазифаларни амалга оширишда фуқароларимизнинг ҳуқуқий маданияти алоҳида ўрин тутади. Инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш, жумладан бу борада ахборот тарқатиш, таълим бериш фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича устувор йўналишлар ҳам миллий стратегияда ўз аксини топган. Бу борада хусусан, партиямиз сайловолди дастурида кўрсатилган вазифалар, яъни жамиятда ҳуқуқий, сиёсий онг ва маданиятни ошириш орқали қонун устуворлигини таъминлаш; ҳуқуқий, сиёсий онг ва маданиятни умумжамоа маданиятининг ажралмас таркибий қисмига айлантириш; қонунларга риоя этиш кўникмасини шакллантиришда оила, таълим-тарбия масканлари, маҳалла, жамоатчилик институтлари имкониятларидан фойдаланишга қаратилган механизмларни яратиш; халқимизнинг сиёсий жараёнларда бевосита ва билвосита иштирокини юқори даражага кўтариш; қонун ва қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаларида аҳолининг фаол иштирокини кенгайтириш; коррупцияга қарши курашишнинг маънавий-маърифий ва жавобгарликнинг муқаррарлиги усулларини танлаш, одамлар онгида коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар бевосита стратегияда кўрсатилган вазифаларни амалда қўллашда ўз ўрнига эга.

Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясива уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»да инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш;мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш устувор вазифа сифатида белгилаб берилди.

Президентимиз Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек, "Янги Ўзбекистон стратегиясининг мақсади – юртимизнинг бахтли ва баркамол инсонлар фаровон яшайдиган, ижтимоий адолат тамойиллари тўлиқ қарор топган, дунёнинг ривожланган, барқарор ўсаётган ва инсон капитали юқори бўлган демократик давлатлари қаторидан жой олишини таъминлашдир”.

 

 

 Навоий вилоят иқтисодий ишлар бўйича Судлов ҳайъати раиси Т.Абдраманов

 

 

 

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.