Келажак йўлидаги ғамхўрлик

Болалар ўзларининг беғубор табиати билан бизни доимо ўзига мафтун этади. Ҳаётда уларни яхши кўра туриб, ўз болалигини қўмсамайдиган одам топилмаса керак. Бир сўз билан айтганда, болалар-келажагимиз.

Шунинг учун ҳам юртимизда ўсиб келаётган ёш авлодни асраб-авайлаш, уларга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш доимий эътиборда. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Истиқлолимизнинг дастлабки йилларида Ўзбекистон Республикаси қўшилган илк халқаро шартномалардан бири ҳам "Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциядир.

Инсон ҳуқуқи бола ҳуқуқидан бошланади, деган сўзлар бугун бутун дунё тан олган мазкур халқаро ҳуқуқий ҳужжатнинг асосий мазмун-моҳиятини ташкил этади. Бугунги кунда мамлакатимиз жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида Конвенцияда мустаҳкамланган тамойилларни миллий қонунчилигимизда ҳам тўлиқ акс эттириб, шу асосда фаолият юритаяпти. Зеро, болаларнинг эркин улғайиши, камол топиши учун шароит яратиб бериш демократик фуқаролик жамиятига хосдир.

Мамлакатимизнинг Асосий Қонунида ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканлиги, давлат ва жамият етим ҳамда ота-оналарнинг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлаши, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларини рағбатлантириши, фарзандлар ота-оналарининг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъий назар, қонун олдида тенг эканликлари ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланган.

Меҳнат қонунчилигимизда ўн саккиз ёшга тўлмаган ўсмирлар меҳнат муносабатларига киришишининг қонуний асослари белгилаб берилди. Унга кўра, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатга оид муносабатларда катта ёшдагилар билан тенг ҳуқуқда бўладилар, меҳнатни муҳофаза қилиш, иш вақти, таътиллар ва бошқа меҳнат шароитлари соҳасида улар учун меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа меъёрийлар ҳужжатларда белгиланган қўшимча имтиёзлардан фойдаланадилар.

Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатидан шу тоифа ходимларининг соғлиги, хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган меҳнат шароити ноқулай ер ости ва бошқа ишларда фойдаланиш тақиқланади. Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг белгилаб қўйилган меъёрдан ортиқ оғир юк кўтаришлари ва ташишларига йўл қўйилмайди. Иш вақти муддати ўн олтидан ўн саккиз ёшгача бўлган ходимлар ҳафтасига ўттиз олти соатдан, ўн олти ёшгача бўлган шахслар учун ҳафтасига йигирма тўрт соатдан ошмайдиган қилиб белгиланди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда бозор муносабатлари шароитида кўп болали оилаларни ижтимоий ҳимоялашга алоҳида эътибор берилмоқда. Болаларга нафақа тўлашнинг янги тизими жорий этилди. Маҳалла ва ўзини-ўзи бошқариш идоралари моддий ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаб, уларга нафақа пули тўлашни йўлга қўйди. Шу билан бирга, "Ногиронлар ижтимоий ҳимояси тўғрисида” ги Қонун қабул қилиниб, ногирон болаларга ўн олти ёшгача нафақа тўлаш тўғрисидаги ҳукумат қарори шу йўналишдаги хайрия ишларидан бири бўлди.

Вазирлар Маҳкамасининг "Болаликдан ногиронлар туғилишининг олдини олиш учун янги туғилган чақалоқлар ҳамда ҳомиладор аёлларга туғма ва бошқа паталогияни барвақт аниқлаш бўйича "Она ва бола скринги” давлат тизимини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатимизда қатор скрининг марказлари ишга туширилиб, замонавий диагностика асбоб-ускуналари ва бошқа воситалар билан жиҳозланди.

Болаларнинг умумэътироф этилган ҳуқуқларидан бири-илм олиш ҳуқуқидир. Бу эса Конституциямизнинг 41-моддасидаги "Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга” деган қоида билан ҳамоҳангдир. Фарзандларимизнинг бу ҳуқуқлари бугунги кунда "Таълим тўғрисида” ги қонун ва Кадрлар тайёрлаш бўйича миллий Дастур орқали ҳаётга тадбиқ этилмоқда. Мамлакатимизда тўққиз йиллик бепул мажбурий таълим жорий қилиниб, гимназия, лицей ва коллежлар тизими вужудга келтирилди. Буларнинг ҳаммаси юртимизда ҳар томонлама соғлом ва комил фарзандлар етишиб чиқиши учун замин яратмоқда.

Зариф ЎТАМУРОДОВ,

Жиноят ишлари бўйича туман суди девонхона мудири.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.