Ҳуқуқий ҳимоя

Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 ав-густдаги "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-391-сонли Қонуни мамлакатимизда хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш ҳамда мазкур соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришдан иборат бўлиб, ушбу Қонун билан амалдаги Ўзбекистон Республикасининг жами 43 та, шундан 10 та Ўзбекистон Республикаси Кодексларига ва 33 та қонунларига ўзгартириш ва кўшимчалар киритилган.

Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги "Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4725-сонли Фармонига асосан хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш борасида белгилаб берилган янги меъёрларнинг ҳуқуқий асосларини таъминлаш мақсадида қабул қилинди.

Қонун айрим норматив-хуқуқий ҳужжатларга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларда:

-суд ва прокуратура органларининг тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги ролини ошириш;

-давлат, ҳукуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг хўжалик ва молиявий фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун жавобгарлигини ошириш;

-тадбиркорлик субъектларига берилган имтиёз ва преференцияларнинг амалиётда қўлланилишининг назорат қилиш механизмини такомиллаштириш масалаларига жиддий эътибор қаратилган.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексининг 290-моддасига киритилган ўзгартиришга мувофиқ, мол-мулкни хатлаш суриштирувчининг ёки терговчининг қарори бўйича прокурор розилиги билан ёки бу тергов ҳаракатини бажаришни тергов органига топширишга ҳақли бўлган суднинг ажрими бўйича амалга оширилиши белгиланди.

Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари орасидаги низоларни тезкорлик билан кўриб чиқиб қонуний ҳал этилишини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодекснинг 116,122 ва 125-моддаларига ўзгартиришлар киритилиб, хўжалик судлари томонидан даъво аризаларини иш юритувга қабул қилиш ва ишларни суд муҳокамасига тайёрлаш муддатлари ўн кундан беш кунгача, шунингдек, давлат ёки бошқа органнинг ҳужжатини ҳақиқий эмас, мансабдор шахснинг ҳаракати (ҳаракатсизлиги)ни ноқонуний деб топиш бўйича ишларни кўриш муддати 30 кундан 15 кунгача қисқартирилди.

Тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари жавобгарлигини ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг XVI-боби алоҳида XVI1-боб билан тўлдирилиб "Тадбиркорлик фаолия-тига тўсқинлик қилганлик, ғайриқонуний равишда аралашганлик ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажоввуз қиладиган бошқа ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик” деб номланди.

Нодир ЖУМАНАЗАРОВ,

туман ДСИ бошлиғи.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.