28.01.2025
Бугунги кунда деярли барча ташкилотлар фаолиятига ижтимоий тармоқлар орқали баҳо бериш мумкиндек бўлиб қолди. Негаки амалга оширилган вазифалар матбуот ва ахборот хизматлари томонидан узлуксиз ёритиб борилади. Бироқ маълумотни сифатли, тезкор ва холисона етказишда Ахборот хизматларига етарлича кўмаклашилмоқдами?
➡️Мазкур саволнинг жавобини Навоий вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати ишчи гуруҳи бугун Навбаҳор тумани ҳокимлиги мисолида ўрганди.
➡️Вилоят ҳокими матбуот котиби - ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Шоҳира Рауфбоева бошчилигидаги ишчи гуруҳ туман Ахборот хизматига яратилган шароитлар, хизмат томонидан амалга оширилган, шаффофликни таъминлаш борасида олиб борилган тизимли ишларни ўрганишда қатор ютуқлар баробарида камчиликларни ҳам аниқлади.
➡️Бир қарашда "Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-4366-сонли Президент Қарорига асосан яратиб берилиши керак бўлган шароитлар батамом яратилгандек. Бироқ шароитнинг сифати ҳам тўлақонли бўлиши кераклигини унутмаслик даркор. Фотовидеокамера, овоз ёзиш мосламалари, автотранспорт воситаси, алоҳида хона кабилар мавжуд, аммо компьютер жамланмаси (хизматга ноутбук ажратилган экан) бугунги кун тезкорлиги ва медиа материаллар сифатини таъминлашга жавоб бера олмайди. Меҳнатга хақ тўлаш борасида устама масаласи кечиктирилмоқда. Янгиланган расмий веб-сайтда "Очиқ маълумотлар" рукни ташкил этилиши лозим.
➡️Туман ҳокимлиги расмий босма нашри - "Навбаҳор тонги" газетаси бугунги кунда мунтазам обуначиларга, маблағга эга, лекин ижодий гуруҳ масаласи "чатоқ". Таҳририят замонавий фикрловчи, тезкорлик ва креативликка тўла, янгиликларга эҳтиёжманд замондошларга, шунингдек сифатли босмахона хизматларига муҳтож.
➡️Туман ҳокими Азамат Ўроқов билан суҳбат жараёнида барча масалаларда фикр алмашилди ва муаммоларни бартараф этиш бўйича хулосаларга келинди. Ўз ўрнида туман ҳокимининг янгиликларга очиқ ва танқиддан тўғри хулоса чиқара оладиган раҳбар эканлигини таъкидлаш лозим.
➡️ Ўрганиш ишлари аслида "мезбонлар" фойдасига хизмат қилади. Сифатли Ахборот хизмати ҳудудда амалга оширилаётган каттаю кичик ишларни сифатли ёритиб бериш ва бу билан тарихни ёзишга хизмат қилади.