14.01.2025
Азиз тумандошлар!
Ўз ҳаётини Ватанни ҳимоя қилишдек энг улуғ ва олижаноб ишга бағишлаган барча ҳарбий хизматчиларни, туманимиз аҳлини Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ҳамда “14-январь – Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Ушбу байрам арафасида аввало ўз жанговар постида доимо ҳушёр ва сергак туриб, юртимиз сарҳадларини кўз қорачиғидек асраб келаётган мард ва жасур, содиқ ўғлонларни, ҳақиқий ватанпарвар инсонларни шарафлаб, ана шундай ботир ва жонкуяр фарзандларни тарбиялаб вояга етказган ҳурматли ота-оналарга, ўз муқаддас бурчини адо этишда ҳамиша тоғдек таянч бўлиб келаётган уларнинг оила аъзоларига чуқур миннатдорчилик билдираман. Халқимизнинг ҳарбий соҳадаги бой меросига таяниб, Жалолиддин Мангуберди, Соҳибқирон Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк саркарда боболаримизнинг жанговар анъаналарини муносиб давом эттириб келаётган, жисмоний ва маънавий етук, замонавий билим, қурол-яроғ ва техникаларни пухта эгаллаган, давлат ва халқ манфаатлари учун ҳар қандай синов ва машаққатларни енгиб ўтишга тайёр бўлган ҳарбийларимиз доимо фаол иштирок этиб келаётганлари ҳар қандай юксак эътирофга муносибдир. “Халқ ва армия – бир тану бир жондир” деган эзгу тамойил асосида бугунги кунда фуқароларимиз армиянинг ҳар томонлама ёрдами ва кўмагини ҳаётнинг барча соҳаларида амалда ҳис этмоқдалар. Айниқса, мураккаб синов даври бўлган пандемия пайтида ва фавқулодда ҳолатлар оқибатларини бартараф этишда, биз учун ҳеч нарса билан ўлчаб, қиёслаб бўлмайдиган бебаҳо бойлик – тинчлик ва осойишталикни асраш ва ҳимоя қилишда бу якдиллик янада яққол намоён бўлмоқда.
Қуролли Кучларимиз тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотларда ҳам “Инсон қадри учун” деган муҳим тамойил марказий ўринга қўйилаётгани сизларга яхши маълум. Ҳеч шубҳасиз, ҳаётимизнинг барча жабҳаларини қамраб олаётган бундай жадал ўзгаришлар юртимизда ҳарбий хизматнинг обрў-эътибори, армия ва халқ бирлиги янгича мазмунга эга бўлиб, ёшларимиз қалбида армиямиз билан фахрланиш туйғуси, Ватан ҳимоячисидек олижаноб касбга ҳурмат-эҳтиром ҳиссини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Ватанимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч, эркин ва фаровон ҳаётининг мустаҳкам кафолати бўлган Ўзбекистон Қуролли Кучлари ўтган 33 йилда ғоят мураккаб ва айни пайтда шонли шаклланиш йўлини босиб ўтди.
Айниқса, кейинги йилларда олиб борилаётган туб ислоҳотлар натижасида миллий армиямиз ҳар қандай хавф-хатарга муносиб зарба бера оладиган қудратли, тезкор ва самарали кучга айланиб бормоқда. Буларнинг барчаси бутун халқимизда, айниқса, ёшларимизда миллий армиямиз билан фахрланиш туйғусини, Ватан ҳимоячисидек шарафли касбга ҳурмат-эҳтиром ҳиссини уйғотмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг шонли 33 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан яна бир бор самимий табриклайман. Сизларга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт-саодат, тинчлик ва фаровонлик тилайман. Жонажон Ўзбекистонимизга садоқат билан хизмат қилишдан ҳеч қачон чарчаманг, мард ва жасур Ватан посбонлари!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!