29.10.2024
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддасига кўра, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга.
Айрим ҳолларда иш берувчиларнинг меҳнат қонунчилиги талабларини қўпол равишда бузиши натижасида ходимларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари учраб туради.
Судга даъвогар А жавобгар МЧЖга нисбатан ишга тиклаш масаласида мурожаат қилиб, айби бўлмасада меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинганлигини, бир неча ташкилотларга мурожаат қилган бўлсада ижобий натижа бўлмаганлигини, ишга тиклаш ва мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ундиришни сўраган.
Аниқлашича, даъвогар А жавобгар МЧЖда 2022 йилдан бери ишлаб келиб, 27.12.2023 йилдаги буйруғига асосан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 161-моддаси 2-қисми 5-бандига асосан, яъни меҳнат интизомини бир марта қўпол равишда бузилиши муносабати билан иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Судлар томонидан меҳнат шартномасини бекор қилишни тартибга солувчи қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 2023 йил 20 ноябрдаги 26-сонли қарорининг 62-бандига кўра, судлар ушбу тоифадаги низоларни кўришда меҳнат шартномаси бекор қилинишининг ёки бошқа ишга ўтказишнинг асослилигини исботлаб бериш мажбурияти МКнинг 174-моддасига кўра иш берувчига юклатилишини назарда тутишлари лозим.
Судда иш берувчи вакиллари даъвогарнинг МЧЖнинг мол-мулкини талон-тарож қилганлиги ҳақидаги важларни келтирди.
Аммо, судда бу важларни тасдиқловчи хужжатларни тақдим қила олмади, тақдим қилинган хужжатларда даъвогарнинг МЧЖ мулкини ўғирлик ёки талон-тарож қилганлиги ҳолати тасдиқланмаган, даъвогарнинг айбли харакатлар содир қилганлигини тасдиқловчи суд қарори мавжуд эмас, ўғирлик ёки талон-тарож қилинган бўлса мулк олиб қўйилганлиги ҳақида далолатнома ҳам тузилмаган.
Суднинг ҳал қилув қарорига кўра, МЧЖнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруғи ғайриқонуний деб топилиб, бекор қилинди ҳамда даъвогар фойдасига мажбурий прогул кунлари учун иш ҳақи ва маънавий зарар ундириш белгиланди.
Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди раиси А.Ҳамраев