28.10.2024
Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни қонунга хилоф равишда ташкил этиш ёки ўтказиш, шу жумладан ана шундай ўйинлар учун қиморхоналар ташкил этиш ёки уларни сақлаганлик учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 278-моддасида жиноий жавобгарлик белгиланган.
Навбаҳор туманида яшовчи фуқаро Х.Ж. 2024 йил 23 июль куни соат тахминан 16:00ларда яшаш хонадонида қиморхона ташкил қилиб, танишлари Б.А, Б.Э, ва Б.Б.лар билан биргаликда таваккалчиликка асосланган қимор ўйинини ташкил қилиб, ҳар бир ўйин учун 5 000 сўмдан чўтал пули олиб, пул эвазига қимор ўйнаб ўтирган вақтда Навбаҳор тумани ИИБ ХПБ ва ЖҚБ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган ва воқеа жойидан ДБК-1 номли карта ҳамда қиморга тикилган жами 1 495 000 сўм нақд пуллар ҳужжатлаштириб олинган.
Тергов органи томонидан фуқаро Х.Ж.га нисбатан қўзғатилган жиноят иши 2024 йил 8 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судида кўриб чиқилди ва у Ўзбекистон Республикаси ЖК 278-моддасининг 1-қисми билан айбли деб топилиб, Х.Ж.нинг оилавий шароити оғирлиги, муқаддам судланмаганлиги, айбига тўлиқ иқрорлиги, иккинчи гуруҳ ногирони экани инобатга олиниб, ушбу ҳолатларни жиноятнинг ижтимоий хавфини жиддий камайтирувчи ҳолатлар деб топилиб, ЖКнинг 57-моддасини қўллаб соат 2100 дан эрталаб соат 0600 га қадар яшаш хонадонидан чиқишни чеклашдан иборат 4 (тўрт) йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Шунингдек, суд ҳукми билан ашёвий далил сифатида олинган
1495000 сўм пуллар давлат фойдасига мусодара қилиниб, бир дона ўйин картаси тегишли тартибда йўқ қилинди.
Жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судининг раиси А.Сайдуллаев