15.10.2024
Шу биргина ифода орқали кўз ўнгимизда меҳрибон она, жонкуяр муаллима ва тарбиячи, умрининг катта қисми рўзғор ва фарзандлар ташвиши билан пахта даласи, ипак қурти парвариши билан ўтган заҳматкаш деҳқон, эл юрт саломатлиги йўлида ҳар куни ўнлаб чақирим яёв йўл босган шифокор хотин-қизлар, қўллари меҳнатдан қаварган содда аёлларимиз ва албатта шириндан шакар неваралар ардоғида бўлган бувижонларимиз намоён бўлади.
Уларни ҳар қанча қадрласа, эъзоз, эҳтиром ва ҳурмат кўрсатилса шунча кам. Ҳар йилнинг 15 октябрь куни Халқаро қишлоқ аёллари куни дея эътироф этилганлигининг ўзи ҳам дунё ҳамжамиятида қишлоқ аёлини қадрини улуғлаш йўлидаги муносиб ҳаракатлардан бири.
Навбаҳор туманида ҳам ушбу сана кенг нишонланди. Туман ҳокимлиги ташабуси ва қўллаб қувватлашлари туфайли ўзининг заҳматли меҳнати билан ном қозонган хотин-қизлар бир дастурхон атрофида тўплаган маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирга ташриф буюрган аёлларимизнинг аксарият кўпчилик қисми кўп йиллик самарали меҳнатлари учун “Шуҳрат” медали, халқ таълими аълочиси, “Мўътабар аёл” ҳамда “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган нуроний онахонлар, ҳозиргина пахта даласидан чиқиб келган теримчи опа-сингилларимиз, маҳаллаларнинг фаол хотин-қизлардан иборат бўлди.
Тадбир иштирокчиларини туман ҳокими Азамат Ўроқов, сектор раҳбарлари ва вилоят ҳокими ўринбосари Малика Мамадияровалар қизғин муборакбод этиб, жамият ҳаётида фаоллик кўрсатган хотин-қизларимизга аталган эсдалик совғалари топширилди. Шунингдек, маҳаллани ободонлаштириш ишларида бош-қош бўлаётган бир гуруҳ нуроний онахонларга ҳам эҳтиром кўрсатилди.
Маданий тадбир кўтаринки руҳда, дилтортар куй ва қўшиқлар оҳангига мос бўлган рақслар билан иштирокчиларга завқ бағишлади.