30.09.2024
Навбаҳор туман ҳокими А.Ўроқовнинг 1 октябрь - “Устоз ва мураббийлар куни” умумхалқ байрами муносабати билан байрам ТАБРИГИ
Ассалому алайкум муҳтарам устоз ва мураббийлар!
Жонажон юртимиз узра мустақиллигимизнинг 33 йиллик тантаналари шукуҳи кезиб юрган ушбу кунларда барчамизнинг қалбимизга нур бағишлаб, билим ва тафаккур ёлқинларини ёққан, шарафли касб эгаси бўлган, Сиз азизларни 1 октябрь - “Устоз ва мураббийлар куни” байрами муносабати билан чин қалбимдан самимий табриклайман.
Фарзандларимизни жисмоний ва маънавий етук, баркамол инсонлар этиб ўстириш, вояга етказишдек эзгу ва маъсулиятли, айни вақтда машаққатли ишни ўз зиммасига олган, бир сўз билан айтганда, Ватанимизнинг эртанги кунининг пойдеворини яратаётган Сиз азизларнинг кундалик олийжаноб меҳнатингиз олдида барчамиз бирдек бош эгамиз.
Айни вақтда бевосита Президентимиз раҳбарликларида барпо этилаётган кўплаб таълим масканларини замонавий талаблар асосида жиҳозлаш, ўқув жараёнига илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари, интернет тизимини кенг жорий қилиш, ўқув машғулот ва лабаратория хоналарини ташкил этиш, дарслик ва қўлланмаларнинг янги авлодини яратиш, малакали педагог ва мураббий кадрлар тайёрлаш учун қанчадан-қанча меҳнат, куч ва маблағ сарфланаётганлиги барчамизга кундек равшан.
Юқоридаги сўзларнинг яққол мисоли сифатида шуни айтиш мумкинки, бугунги кунда туманимизда ҳам таълим тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар ўз натижасини кўрсатмоқда.
Жумладан, 2023-2024 ўқув йилида таълим сифатини оширишга қўшган ҳиссаси учун 1 нафар ўқитувчи “Халқ таълими фидойиси” медали, 6 нафар ўқитувчи “Халқ таълими аълочиси” медали билан тақдирланди.
Шу билан бирга туманимизда олий тоифали педагогларимиз 108 нафарга ҳамда 1 тоифали ўқитувчиларимиз 147 нафарга ошди.
Ўқитувчиларимизнинг 70 фоизи тоифали ўқитувчилардан иборат.
2023-2024 ўқув йилида 38 нафар ,битирувчиларимиз олтин медал билан умумтаълим мактабларини битирди.
Асосий Фан олимпиадасининг вилоят босқичида 10 нафар ўқувчи фахрли ўринларни қўлга киритган бўлса, 2 нафари ўқувчиларимиз Халқаро олимпиадаларда “Кумуш” ва “Олтин” медалларни қўлга киритди.
Жорий йилда 1105 нафар 11-синф ўқувчилари умумтаълим мактабларини тамомлаб, уларнинг 579 нафари (52,4%) ДТМ асосида олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинди.
Шунингдек, битирувчиларни келажакда ўз ўрнини топиш мақсадида уларнинг қизиқишларига қараб 64 турдаги ишчи касблар ва 12 турдаги креатив индустриал касбларга йўналтирилди.
Яъна шуни таъкидлаб ўтишимиз жоизки, Ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 2023 йилнинг биринчи мавсумида 11 та мактабга 8,2 млрд сўм, иккинчи мавсумда 3 та мактабга 2,6 млрд сўм ва қўшимча 16 та мактабга 9,3 млрд сўм, 2024 йилнинг биринчи мавсумида 10 та мактабга 9,6 млрд сўм, иккинчи мавсумга 6 та мактабга 8,0 млрд сўм маблағ эвазига умумтаълим мактаблари ғолиб деб топилиб, уларда қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилиб келинмоқда.
“Инвестиция” ва қўшимча дастурлар асосида 4 та (20, 30, 25, 35) мактабда ва 1 та (1) боғчада қуришлиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиб, қушимча 672 ўринли ўқувчи ўрни яратилди.
Шунингдек, 2 та (9, 12) мактабга спорт зал қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
Муҳтарам устозлар!
Фурсатдан фойдаланиб, сиз азизларни туманимиздаги барча ўқитувчи ва мураббийларга Ватанимизнинг бугунги равнақи, эртанги истиқболи йўлидаги масъулиятли меҳнатингиз учун туман аҳли номидан, ўз номимдан яна бир бор чуқур миннатдорчилик изҳор этишни ҳам қарз, ҳам фарз деб биламан.
Барчангизни қутлуғ байрамингиз билан самимий табриклаб, сизларга янги-янги ютуқлар, сиҳат-саломатлик, бахт-у саодат ҳамда хонадонингизга тинчлик-хотиржамлик тилайман.
Байрамингиз яна бир бор муборак бўлсин азиз устозлар!
https://t.me/navbahor_tumani_axborot_xizmati