27.09.2024
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексида конституциявий нормаларга мувофиқ боланинг оилада тарбияланиши оила қонунчилигининг устувор тамойилларидан бири сифатида тан олинган.
Миллий қонунчилигимизда фарзандликка олиш институтининг жорий қилинганлиги ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг мустаҳкам пойдеворидир.
Илгари болалар туман ва шаҳар хокимининг қарорига мувофиқ фарзандликка берилган бўлса, энди болани фарзандликка олишни истаган шахсларнинг аризасига кўра, васийлик ва хомийлик органининг фарзандликка олишнинг асослилиги ва фарзандликка олинаётган боланинг манфаатига тўғри келиши ҳақидаги хулосаси ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан фарзандликка берилади.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 151-моддасига кўра, фарзандликка олишга фақат вояга етмаган болаларга нисбатан ва фақат уларнинг манфаатларини кўзлаб йўл қўйилади.
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг аризалари бўйича фарзандликка олиш ҳақидаги ишлар фарзандликка олинаётган боланинг яшаш ёки турган жойидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари судловига тааллуқли.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида доимий яшаб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси, шунингдек қаерда доимий яшаётганликларидан қатъи назар чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг фарзандликка олиш ҳақидаги аризалари фарзандликка олинаётган боланинг яшаш ёки турган жойидаги тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича судига, фуқаролик ишлари бўйича вилоятлар ёки Тошкент шаҳар суди судловига тааллуқли.
Фарзандликка олиш тўғрисидаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида назарда тутилган қоидалар бўйича алоҳида иш юритиш тартибида фарзандликка олувчилар (олувчи), васийлик ва хомийлик органлари вакиллари, шунингдек прокурор иштирокида суд томонидан кўриб чиқилади.
Қонунчиликка кўра бу тоифадаги ишлар судларда ёпиқ суд мажлисида кўрилади ва ишга алоқадор бўлмаган шахсларнинг суд мажлисига киришига рухсат берилмайди. Суд мажлисида иштирок этган шахслар фарзандликка олиш сирини қонунда белгиланган тартибга зид равишда ошкор қилса жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантирилади.
Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судида 2024 йил 6 ой давомида фарзандликка олиш билан боғлиқ 20 та ишлар кўрилиб, шундан 18 таси қаноатлантирилган, 2 таси рад қилинган.
Аксарият аризалар қаноатлантирилган бўлсада, қонунчиликда фарзандликка олишни истисно этувчи ҳолатлар ҳам мавжуд бўлиб, ушбу ҳолатлар Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 152-моддасида кўрсатилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди раиси А.Ҳамраев