04.09.2024
Ғўзани дефолиация қилиш (баргсизлантириш) мўл ва сифатли пахта ҳосилини етиштиришдаги муҳим агротехник тадбир ҳисобланади. Бу тадбирни амалга ошириш эвазига қисқа алмашлаб экиш тизимида ғўзадан сўнг бошоқли экинларни ўз вақтида сифатли қилиб экиб олиш имконияти яратилади. Дефолиация тадбири сифатли ва тўғри ўтказилганда баргларнинг тўкилиши таъминланибгина қолмасдан, ғўзадаги бўлиқ кўсаклар 10-15 кун эрта пишиб етилади, 1-терим салмоғи 15-20% га ошиб, юқори сифатли хом-ашё ҳажми кўпаяди. Шунинг билан биргаликда дефолиант ғўза касалликлари ва зараркунандаларига, айниқса қора шира тушган майдонларга самарали таъсир этади. Мазкур агротадбир қора ширани келтириб чиқарувчи ғўза битларига барҳам бериб, кўсак ва толанинг чиришини камайтиради.
Дефолиацияни муддатида ва сифатли ўтказилиши пахта териш машиналарининг самарали ишлашини ва қўл теримида иш унумини 15-20 фоизга ошишини таъминлайди, кузги бошоқли дон экинларини сифатли экиб, эрта ундириб олишга қулай шароит яратади. Аксинча, дефолиация сифатсиз ўтказилган ёки умуман ўтказилмаган ғўза қатор орасига экилган кузги буғдой тўлиқ униб чиқмайди. Чунки, тупроққа қуёш нурларининг етарли тушмаслиги натижасида майсалар нимжон, сарғимтир рангда бўлиб, ўз муддатида тупламайди, касалликка тез чалинади, бинобарин даладан тўлиқ кўчат олиш имконияти бой берилади.
Алоҳида шуни таъкидлаб ўтиш лозимга турли табиий ва антропоген омиллар таъсирида кўсаклар очилиши кечигаётган майдонларда кўсакларни пишиб етилишини тезлаштирувчи ЭТИФОН препаратини қўллашни, шу билан бирга ҳаво ҳароратининг пасайиб кетишини инобатга олиб айрим майдонларда десикация ўтказиш тавсия этилади. Дефолиантларни ғўза баргига таъсир этиш бўйича қаттиқ таъсир этувчи ва юмшоқ таъсир этувчи дефолиантларга бўлинади. Қаттиқ дефолиантлар асосан хлорат магний асосида ишлаб чиқилган дефолиантлар (ХМД 60%, суюқ хлоратмагний 43%, Супер ХМД-с ва б.)-бу дефолиантлар таъсирида барглар қуриган қовжираган ҳолда тушади. Кичик кўсаклар ҳам нобуд бўлади.
Юмшоқ таъсир этувчи дефолиантлар Тидиазурон+диурон таъсирчан моддалар асосида ишлаб чиқилади. Бу дефолиантлар ғўзага юмшоқ таъсир этиб, барглар яшиллигича тўкилади. Кичик кўсаклар ҳам пишиб етилади. Натижада қўшимча ҳосил олинади ва терилган пахтани ифлослантирмасликка эришилади.
Навоий вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Навбаҳор тумани бўлими инспекторлари Х.Тураев, Ф.Очилов, У.Хайитов