03.09.2024
Навбаҳор тумани ҳокими Ўроқов Азамат Шодиевичнинг умумий ўрта таълим мактабларида “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” шиори остида “Биринчи қўнғироқ” тадбири
МАЪРУЗАСИ
Ассалому алайкум, азиз устозлар, қадрли ўқувчилар!
Сизларни, Жонажон Ватанимиз – Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак - Ватанмиз!” шиори остида ўтказилаётган бугунги “Биринчи қунғироқ” байрам тадбири билан барчангизни қизғин табриклайман.
Бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари ва халқимизнинг хохиш иродаси билан мактаб таълимини ривожлантириш масаласи буюк умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ, халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Унда 48 та мақсадли кўрсаткичларга эришиш бўйича аниқ механизмлар белгиланди.
Масалан, 2030 йилга бориб ўқувчилар билимини баҳолаш бўйича PISA халқаро дастури рейтингида Ўзбекистоннинг жаҳондаги етакчи 30 та мамлакат қаторидан жой эгаллаши мақсад қилиб қўйилган.
Хусусан, таълим соҳасида туманимизда амалга оширилаётган ижобий ишлар бўйича тўхталиб ўтсам.
Туманда жами 37 та умумий ўрта таълим мактаби 1 та Президент агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб ва 1 та “Баркамол авлод” болалар мактаби фаолият олиб бормоқда.
Ўқитувчининг шаъни, қадр-қиммати ва нуфузини ошириш мақсадида яратиб берилаётган имтиёз ва имкониятлар натижасида ҳозирги кунда ўқитувчиларимизнинг 70 фоизи олий ва биринчи тоифаларни қўлга киритди. Бу эса ўтган йилларга нисбатан 40 баробарга ошганлигидан далолатдир.
Жорий йилнинг ўзида таълим сифатини оширишга қўшган ҳиссаси учун 2 нафар ўқитувчи “Халқ таълими фидойиси” медали, 6 нафар ўқитувчи “Халқ таълими аълочиси” медали билан тақдирланди.
Ушбу кўрсатгич ўтган йилларга караганда қарийб 30 фоизга ошиб, ўқитувчиларимиз ўртасида соғлом рақобат пайдо бўлди.
Натижада Асосий Фан олимпиадасининг вилоят босқичида 10 нафар ўқувчи фахрли ўринларни қўлга киритган бўлса, 2 нафар ўқувчи халқаро олимпиадаларда “Олтин медал” ва “Кумуш медал”ни қўлга киритди.
(Жумладан, 21-мактаб ўқувчиси Қучқоров Шахзод Отабек ўғли “Олтин медал”ни қўлга киритган бўлса, 15-мактаб ўқувчиси Зоирова Нозанин Мақсуд қизи “Кумуш медал” соҳибаси бўлди)
Олий ўқув юртларига кириш бўйича яратиб берилаётган имконият ва имтиёзлар натижасида жорий йилда мактабларимизни тугатган 1105 нафар битирувчиларнинг 585 нафари ёки 53 фоизи ДТМ асосида олий ўқув юртларига ўқишга киришга муяссар бўлди.
Мамлакатимиздаги хорижий олий ўқув юртларига ўқишга кириш истагида бўлган битирувчиларимизнинг билимга бўлган чанқоқликларидан келиб чиқиб, жорий йилда олий ўқув юртларига кириш кўрсатгичини 80 фоизга етказишни мақсад қилиб олганмиз.
Яъна шуни таъкидлаб ўтишимиз жоизки, Ҳурматли Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида 2023 йилнинг биринчи мавсумида 11 та мактабга 8,2 млрд сўм, иккинчи мавсумда 3 та мактабга 2,6 млрд сўм ва қўшимча 16 та мактабга 9,3 млрд сўм, 2024 йилнинг биринчи мавсумида 10 та мактабга 9,6 млрд сўм маблағ эвазига умумтаълим мактаблари ғолиб деб топилиб, уларда қурилиш-таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилиб келинмоқда.
Бундан ташқари охирги уч ой давомида 6 та мактабда ва 1 та мактабгача таълим ташкилотида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Жумладан, 20-мактабда 180-ўринли, 30-мактабда 180-ўринли, 25-мактабда 96-ўринли, 35-мактабда 96-ўринли қўшимча бино қуриш ишлари амалга оширилаётган бўлса, 9-сонли ва 12-сонли мактабларда спорт майдонларини қуриш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, тумандаги 1-сонли мактабгача таълим ташкилотида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Ушбу лоҳийалар давлат бюджети ҳисобидан қарийб 10,0 млрд сўм маблағ ажратилди.
Мазкур 7 та мактаб ва боғчаларимизда мукаммал таъмирлаш, янги бинолар қуриш, спорт заллар қўриш каби қўрилиш таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, янги ўқув йилига фойдаланишга топширилмоқда.
Юртимизда таълим тизимида яратилган шарт-шароитлардан унумли ва мақсадли фойдаланиш натижасида жисмонан соғлом ва баркамол салоҳиятли ёшларимиз нуфузли халқаро мусобақаларда, кўрик-танлов ва фестивалларда фахрли ўринларни қўлга киритиш орқали ўзларининг иқтидор ва истеъдодларини намойиш этиб келмоқда.
Жонажон Ватанимизнинг янги қиёфасини яратишда ўз меҳнати, ташаббускорлиги ва маънавий фазилатлари билан бошқаларга ўрнак ва намуна бўлаётган азму шижоатли ёшларимиз учун “Мард ўғлон” давлат мукофоти ҳамда “Келажак бунёдкори” медали таъсис этилди.
Ҳар бир ҳудудда иқтидорли ўқувчилар учун “Президент мактаблари” ташкил этилмоқда.
Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш тизими такомиллаштирилиб, қабул квоталари оширилди.
Шу нуқтаи назардан, сўнгги икки йилда умумтаълим мактабларини қуриш ва таъмирлаш ишлари ўтган йилга нисбатан 2 баробарга оширилди.
Ҳурматли Юртбошимиз таъбири билан айтганда “Бизнинг энг катта ишончимиз, мадад-таянчимиз – бу ўсиб келаётган ёш авлоддир”.
Шундай экан, келажагимиз ворисларини Ватанга муҳаббат, халқимизга садоқат, аждодларимизга муносиб авлод этиб тарбиялашда ҳаммамиз бирдек масъулмиз.
Зеро бугунги, глобаллашув жараёнларида мафкура соҳасида бўшлиқ бўлмайди. Онгу тафаккуримиз ахборот олишдан, фикрлашдан, таъсирланишдан тўхтамайди. Ҳар доим маънавий озиққа эҳтиёж сезамиз. Шундай экан, нафақат сиз азиз ёшлар, балки, ҳар биримиз зарур озиқни ўзимиз яшаётган муҳитдан олмас эканмиз, турли ёт хуружлар таъсирида асл қиёфамизни йўқотишимиз мумкин.
Бу борада давлат ва жамият тараққиётида таълим-тарбиянинг аҳамияти, устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир.
Сизларни Ўзбекистон Давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрами ҳамда “Билимлар куни” билан яна бир бор чин дилдан самимий табриклайман.
Янги ўқув йили барчангизга омадлар, янги ютуқлар, зафарлар олиб келсин!