12.07.2024
Бу борадаги ислоҳотлар халқаро рейтингларда ҳам ўз аксини топмоқда. Жумладан, Жаҳон банкининг Аёллар, бизнес ва қонун индексида Ўзбекистон 2020 йилда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича аҳамиятга молик ислоҳотларни амалга оширган 27 та давлат қаторига киритилди.
Мамлакатимиз парламентида хотин-қизлар сони ортиб, айни вақтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатларнинг 32 фоизини, Сенат аъзоларининг эса 25 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда.
Шунингдек, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг 31 фоизи ҳам хотин-қизлардан иборат. Бу билан Ўзбекистон миллий парламенти хотин-қиз депутатлари сони бўйича дунёдаги 190 та парламентлар ўртасида 37-поғонага кўтарилди.
2017 йилда хотин-қизларнинг бошқарув соҳасидаги улуши 27 фоизни ташкил этган бўлса, бугунга келиб бу кўрсатгич 33 фоизга, сиёсий партиялар сафида 40 фоиздан 47 фоизга, тадбиркорликда эса 21 фоиздан 37 фоизга ўсди. Буларнинг барчаси юртимизда кейинги йилларда хотин-қизларга берилаётган имкониятлар, яратилаётган шароитлар натижаси, десак айни ҳақиқат.
Ҳукуматимиз томонидан “Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги Конвенциянинг аъзоси сифатида миллий қонунчилигимизга унинг нормаларини киритиш, уйғунлаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада муҳим қадамлар қўйилди.
Жумладан, 2019 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.
Ҳозирда мамлакатимиз парламенти юқори палатаси таркибида аёллар камситилишининг ҳар қандай шаклига барҳам бериш бўйича миллий қонунчиликда халқаро стандартларни уйғунлаштириш билан шуғулланувчи янги Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси самарали фаолият юритмоқда.
Бугунги кунда Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали - vacancy.argos.uz орқали ўтказилган очиқ мустақил танловларда ҳам хотин-қизлар учун тенг шароитлар яратиб келинмоқда.
Ҳозирда Навоий вилоятидаги давлат фуқаролик хизмати жорий этилган давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган 3703 нафар давлат хизматчиларининг 830 нафарини ёки 22,4 фоизини хотин қизлар ташкил этади.
Шунингдек, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан давлат хизматчилари лавозимларини эгаллаш учун кадрлар захирасини шакллантириш, уларнинг хизматда кўтарилишида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар таъминланган ҳолда амалга ошириб келинмоқда.
Яқин йилларда аёлларимиз орасидан вазирлар, бошқа юқори лавозимларга муносиб кўрилган раҳбарлар сони янада кўпаяди. Бу айнан аёлларга бўлган ишонч, улар салоҳиятига берилган юксак баҳодан далолат беради. Шу билан бирга халқнинг ишончини оқлайди, ўзининг бор салоҳиятини ишга солиб, олдига қўйган мақсадларига эришиш йўлида фидойилик намуналарини кўрсатишга ундайди, албатта. Айни дамда гендер тенгликнинг асосий жиҳатларидан бири ҳам аслида шундан иборат.
Гуллола Эргашева,
Навбаҳор тумани ҳокими ўринбосари,
оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи.