10.07.2024
Ўргимчакканалар ????
Лотинча номи: Tetranychidae
Зарари: Ўргимчаккана – Марказий Осиёда ғўза ва бошқа полиз экинларининг энг хавфли зараркунандаларидан бири. Бу зараркунанда айрим далаларда пахта ҳосилининг яримидан кўпроқ қисмини нобуд қилиб қўйиши мумкин. Одатдаги йилларда ўргимчаккана ялпи пахта ҳосилининг 6–10 % ни, баъзи йилларда эса ҳатто 50-60 % ни нобуд қилади.
Ўргимчаккана ҳосилни камайтириш билан бирга пахта сифатини ҳам пасайтиради. Кана кўплаб тушган ғўза тупларидаги кўсакларнинг толаси 1–1,5 мм қисқаради. Ўргимчакканалар 248 турдаги ўсимлик билан озиқланади, шундан 173 тури бегона ўтлар, 38 тури буталар, 37 тури қишлоқ хўжалик экинларидир.
Ғўзада одатда, баргнинг орқа томонига жойлашиб ўргимчак уяси ясайди ва шу уяда ривожланади, урғочи кана ўша уя тубига ўрта ҳисобда 140 та, кўпи билан 600 тагача тухум қўяди. Зарарланган барглар сарғаяди, қурийди ва тўкилади. Ўргимчаккана ривожланиши учун ҳаво ҳарорати 26—33°C ва нисбий намлик 55—60% бўлиши энг қулай шароит ҳисобланади. Ўргимчаккана кузда қайси далада озиқланган бўлса, ўша далада ёки унга яқин жойда (тўкилган барглар тагида, кўсак-кўрак ичида, йиғиштириб олинмаган ғўзапоянинг илдиз бўғзида, тупроқ ёриқларида ва кесакчалар остида) қишлайди. Қишлаётган каналар жуда қаттиқ совуққа чидайди, сернам жойларда совуқ -15—20°C бўлганда ҳам атиги 1—2 донаси, -29°C да эса ҳаммаси нобуд бўлади.
Кураш чоралари: Кимёвий усул: Ўргимчакканага қарши олдини олиш (профилактик) чора сифатида олтингугурт талқонидан етарлича чанглатиш, 0,5-1 С градусли олтингугуртли оҳакли қайнатмасидан (ООҚ) гектарига 300 литр пуркаш тавсия этилади. Шу ўринда таъкидлаш жоиз, олтингугурт кукуни қанчалик майдаланган бўлса самараси шунчалик яхши бўлади ва ўсимлик барги устидан ёмғир сувлари ёки шамол таъсирида ювилиб кетиши қийинлашади.
Вегетация давомида 10% ўсимликлар баргининг орқа сатҳи ўргимчаккана билан 5-25% қопланганда ёки иқтисодий зарар миқдор мезондан (ИЗММ) ошганда ўргимчаккана учун кимёвий воситалар қўллаш лозим бўлади, хусусан Гекситиазокс+ пропаргит (АГРО-ГОЛД 72% к.э. 1 л/га, ), Гекситиазокс (НЕОССОРАН 10%н.кук. 0,13-0,2 л/га, ), Пропаргит (Омайт, NEO-mayt 57% 1,5 л/га) асосли ва бошқа рухсат этилган кимёвий воситалардан бирини қўллаш тавсия этилади, ёки бошқа таъсир этувчи (рухсат этилган) инсектицид кимёвий восита ҳам қўллаш мумкин.
Навоий вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Навбаҳор тумани бўлими инспекторлари
Х.Тураев, У.Ризақулов, Ф.Очилов, У.Хайитов, К.Кулдошов