Билимли ва интилувчан ёшлар маскани

Билимли ва интилувчан ёшлар маскани

Бугунги кунда билимли ва интилувчан ёшлар учун кенг имкониятлар яратилган. Айниқса, спорт билан мунтазам шуғулланаётган, қолаверса хорижий тилларни мукаммал ўзлаштирган ўқувчиларга қатор имтиёзлар тақдим қилинаётгани уларнинг билим олишга ғайрати ва шижоатини оширмоқда.
Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги 5-умумтаълим мактаби мисолида айтадиган бўлсак, ушбу таълим муассасасида бугунги кунда 860 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Жорий ўқув йилини 73 нафар ўқувчи битираётган бўлиб, айни пайтда уларнинг 4 нафари муддатидан аввал олий таълим даргоҳи талабаси бўлиш имкониятига эга бўлган. Хусусан, 11-синф ўқувчиси Жавоҳир Тошқулов енгил атлетика спорт туридан Ўзбекистон чемпионатида эришган ғалабаси учун лицензияга эга бўлган бўлса, яна бир ўқувчи Дилноза Рўзиқулова стол тенниси спорт турида мамлакат чемпиони саналади. Уларнинг мазкур ютуғи грант асосида юртимиздаги исталган олийгоҳга ўқишга кириш имконини беради.  

Шунингдек, хорижий тилларни ўрганиш ҳам ёшлар учун кенг имкониятлар эшигини очиб бермоқда. Ушбу мактабнинг 11-синфида таълим олаётган Сабрина Шамсиева инглиз тилини билиш даражаси бўйича халқаро IELTS сертификатига эга бўлиб, Хитой ва Россия университетларига ҳозирданоқ ўқишга қабул қилинган. Мактабни битираётган яна бир ўқувчиси Шаҳина Шокирова эса япон тилини мукаммал ўзлаштиришга бел боғлаган. У Япониядаги Asian Pasific University ҳамда Буюк Британиядаги Belfast Queenʼs University олийгоҳларининг грант лойиҳаларини ютиб, айни пайтда мазкур университетларнинг бирида журналистика йўналишида таълим олишни режалаштирмоқда.

 Яқинда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги ташкил этилиши маълум қилингани бежиз эмас, — дейди мазкур мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Садоқат Душанова. – Бу албатта, хорижий тилларни ўқитиш ва ўрганиш тизимининг тубдан такомиллашишига кенг йўл очади.

Таъкидлаш керак, мактабда китобхон ўқитувчи ва ёшлар талайгина. Айни пайтда мактаб кутубхонасининг умумий китоб фонди қарийб 16 мингтани ташкил этиб, уларнинг 2 мингга яқини бадиий адабиётлардир. 9-синф ўқувчиси Ашраф Аҳмедов мактабнинг энг китобхон ўқувчиларидан бўлиб, у яқинда туман миқёсида ўтказилган "Ёш китобхон ўқувчи” кўрик-танловида биринчи ўринни эгаллади. Ушбу ўқувчи ўз шахсий кутубхонасида ҳозирча 200 дан зиёд китобларга ҳам эга.

Мазкур мактабнинг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Феруза Умарова ҳамда кўп йиллик рус тили ўқитувчиси Очил Бобоқулов энг китобхон педагоглардан саналади. Мактабда муваффақиятга эришаётган ёшларнинг ютуқлари замирида ана шундай фидойи устозларнинг саъй-ҳаракати мужассам.  

 Сирож АСЛОНОВ (сурат), ЎзА   
 
Билимли ва интилувчан ёшлар маскани
Билимли ва интилувчан ёшлар маскани                                              

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.