Тумандаги дафн этиш жойларини сақлаш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида
|
Ўзбекистон Республикасининг "Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги Қонуни,(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами,
2010 й.,
52-сон, 508-модда) Ўзбекистон
Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
2011 йил 4 апрелдаги 101-сонли ""Дафн этиш ва дафн иши тўғрисида”ги Ўзбекистон
Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги Қарори (Ўзбекистон
Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 14-сон, 138-модда) ҳамда вилоят ҳокимининг 2015
йил 10 мартдаги Қ-37-сонли қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида
ҚАРОР ҚИЛАМАН:
1. Вилоят ҳокимининг 2015 йил 10 мартдаги Қ-37-сонли қарори раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.
Мазкур қарор ижроси юзасидан ишлаб чиқилган "Тумандаги дафн этиш жойларини сақлаш қоидалари” иловага мувофиқ тасдиқлансин.
2. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда тумандаги қабристонларни зарур даражада сақлаш ва ободонлаштириш ишлари ҳамда умумхалқ ҳашари, хотирлаш кунлари ва бошқа тадбирлар ташкил этиб борилсин.
3.Туман ободонлаштириш бошқармаси (Й.Жулиев) ва қабристонларнинг маъмурияти:
хизматлар учун қатъиян белгиланган тарифлар бўйича ҳисоб-китоб қилган ҳолда фуқароларнинг қабристонда кўрсатиладиган хизматларга доир буюртмаларини ўз вақтида ва сифатли бажарсинлар;
тумандаги қабристонларнинг ҳудудида "Тумандаги дафн этиш жойларини сақлаш қоидалари”га ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этилишини таъминласинлар ва амалга оширилган ишлар ҳамда қоидалар талаблари бузилиши ҳолатлари юзасидан ҳар чоракда туман ҳокимлигига ахборот тақдим этиб борсинлар.
4. Туман бош архитектори (О.Шодиев), туман Давлат санитария эпидемиология назорати маркази(Ш.Санаев) ва туман табиатни муҳофаза қилиш инспекцияси (Р.Ўзбеков)га:
қабристонлар ташкил этиш учун ер участкаси танлашни шаҳарсозлик ҳужжатлари, гидрогеологик тавсифлар, жой рельефининг хусусиятлари, тупроқ таркиби, атроф табиий муҳитга энг кўп йўл қўйиладиган экологик юкламаларни ҳисобга олган ҳолда аҳоли пунктлари ва ҳудудларни қуриш қоидаларига, шунингдек санитария меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ амалга ошириш;
қабристонларнинг хизмат кўрсатиш даври муддатларига риоя этилишини таъминлаш ҳамда ишлаб турган ва лойиҳалаштирилаётган қабристонларнинг санитария-ҳимоялаш зонаси ҳудудида бирор-бир турар жой ва жамоат биноларини қуриш ёки дафн этиш учун ажратилган ер участкаларидан ноўрин фойдаланилишининг олдини олиш ҳамда уларга йўл қўймаслик юзасидан аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш топширилсин.
5.Мазкур қарор "Навбаҳор тонги” газетасида эълон қилинсин ва ҳокимликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин.
6.Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
7.Ушбу қарор ижросининг назорати туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Н.Атакуловга юклатилсин.
Қ-205-сон
2015 йил 30 март
Туман ҳокимиА.Нарзиев
Туман ҳокимининг 2015 йил
"____” мартдаги
____ - сонли қарорига илова
Тумандаги дафн этиш жойларини сақлаш
ҚОИДАЛАРИ
1.Мазкур қоидалар туман ҳудудидаги дафн этиш жойлари (кейинги ўринларда қабристон деб аталади) ва қабр усти ёдгорликлари иншоотларини сақлаш ҳамда маҳаллий аҳоли, шунингдек бошқа миллатлар ва халқларнинг мавжуд анъаналари, урф-одатлари ва удумларига мувофиқ улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.
2. Туман ободонлаштириш бошқармаси ва қабристонларнинг маъмурияти мазкур қоида ва бошқа қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан қуйидагиларни таъминлайди:
қабристонга асосий кириш жойида маъмурий ва бошқа бинолар, йўллар, хиёбонлар, тарихий ва мемориал қабрлар, жамоат ҳожатхоналари ва бошқа объектларнинг жойлашишини белгилаган ҳолда қабристоннинг схематик тархи, туман ободонлаштириш бошқармаси, қабристон маъмурияти тўғрисидаги (манзил ва алоқа боғлаш телефонлари) ва бошқа маълумотларни тахтада кўрсатган ҳолда ўрнатиш;
қабристонлар ҳудудида жамоат тартиби ва сокинликни бузиш, маст-аласт, гиёҳвандлик ҳамда бошқа ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи моддалар таъсири остидабўлиш, қабр усти ёдгорликларига ва яшил ўсимликларга шикаст етказиш, шунингдек қуруқ ўт, барг, шох-шабба ва дарахтларнинг шохчаларини ёқиш, мол ва бошқа уй ҳайвонларини боқиш, мевали кўчатлар ўтқазиш ҳамда қишлоқ хўжалиги экинлари ўстиришни олдини олиш;
бош хиёбон, асосий ва иккинчи даражали йўлларда тўсиқсиз юриш ва ўтиш имкониятини (қордан тозалаш, музни парчалаш, қум сепиш ва шу кабиларни) таъминлаш;
муҳандислик иншоотларининг зарур даражада ишлашини таъминлаш, ташқи тўсиқ, бино ва иншоотлар, йўллар, муҳандислик тармоқлари ва иншоотларининг жорий ва мукаммал таъмирланишини амалга ошириш ҳамда кўкаламзорлаштириш;
туман ФҲДЁ бўлими томонидан берилган, ўлим тўғрисида белгиланган шаклдаги тегишли ҳужжатлар ва суд-тиббий хулоса бериш билан боғлиқ ўлимларга оид ҳужжатлар тақдим этилганидан кейин дафн этиш учун жой (участка) ишлаб турган қабристонларда бепул ва қатъиян санитарияга доир ва бошқа қоидалар ҳамда меъёрларга мувофиқ фуқароларга (ташкилотларга) уларнинг буюртманомаларига кўра ажратиш;
марҳумларни гўр қазиш меъёрлари ва қоидаларига риоя этган ҳолда дафн этишни таъминлаш;
қабрнинг рўйхат рақамини кўрсатилган бетон устунга ўрнатиш;
қабристонда зарур даражадаги тартибни таъминлаш бўйича, шу жумладан умумхалқ ҳашари, хотирлаш кунлари ва бошқа тадбирларни ташкил этишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин алоқада бўлиш;
қабр атрофида металлдан ясалган ва бошқа тўсиқларни ўрнатиш (ўсимликлардан иборат яшил тўсиқлардан ташқари), қўшни қабрларнинг ҳудудларини ва бўш ер участкаларини эгаллаб оладиган қабр усти ёдгорликларини барпо этишни тақиқлаш;
дафн этилганнинг қариндошларига эскириб кетган қабр усти ёдгорлиги тўғрисида ёзма хабар қилиш ва уни тузатишни талаб қилиш;
ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишини таъминлаш, ёнғинга қарши шитларни зарур миқдорда ёнғинга қарши анжомлар билан бутлаш.
3. Қабристон хизматларидан фойдаланувчи фуқаролар (ташкилотлар)нинг ҳуқуқларга ва мажбуриятлари:
тегишли диний конфессия қабристонида вафот этган яқинлари ва қариндошларини дафн этиш учун бепул участка олиш ҳамдақабрга ва қабр усти ёдгорликларига қараш учун қабристон анжомларидан бепул фойдаланиш;
маросим хизматларидан фойдаланиш ва уларга белгиланган тарифлар бўйича ҳақ тўлаш;
буюртирилган хизматларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини қабристон маъмуриятидан талаб қилиш;
4.Маҳаллий давлат ҳокимияти органи мазкур қоида ва бошқа қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан қуйидагиларни таъминлаши шарт:
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва диний ташкилотларнинг таклифларини ҳисобга олган ҳолда экологик экспертиза ва санитария-гигиена хулосаси мавжуд янги қабристонларни барпо этиш ва ишлаб турганларини қайта қуриш ҳамда кўчириш (ёпиш) ишларини ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, белгиланган тартибда қарорлар билан расмийлаштириш;
ёпилган қабристонларга дафн этиш, шу жумладан эски қабрга дафн этишни тақиқлаш;
қабристонларни кўкаламзорлаштириш — қабристон ҳудуди атрофида яшил зона барпо этиш, хиёбонлар, йўллар, майдончалар бўйлаб дарахтлар, буталар ва яшил иҳота ўсимликлари экишни маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга ошириш;
аҳоли пункти учун қабристонга ер участкалари унинг ҳудудидан ташқарида, яъни қўшни туман (шаҳар) ҳудудида берилган ҳолларда лойиҳалаш, қуриш, сақлаш ва фойдаланиш бўйича барча харажатлар қабристон жойлашган жой туманнинг маҳаллий бюджети ҳисобига, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга ошириш;
5. Туман архитектура ва қурилиш бўлими, туман Давлат санитария эпидемиология назорати маркази ва туман табиатни муҳофаза қилиш инспекцияси мазкур қоида ва бошқа қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан қуйидагиларни таъминлайди:
илгари қабристонлар жойлашган ҳудудлардан, улар кўчирилган пайтдан бошлаб йигирма йил ўтгандан кейин фойдаланишга рухсат берилгандан сўнг мазкур ҳудудлардан фақат манзарали яшил ўсимликлар ўтқазиш учун фойдаланишни ҳамда ушбу ҳудудларда бино ва иншоотлар қуриш олдини олиш ва уларга йўл қўймаслик юзасидан аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш;
қабристонлар ташкил этиш учун ер участкасини танлаш шаҳарсозлик ҳужжатлари, гидрогеологик тавсифлар, жой рельефининг хусусиятлари, тупроқ таркиби, атроф табиий муҳитга энг кўп йўл қўйиладиган экологик юкламаларни ҳисобга олган ҳолда аҳоли пунктлари ва ҳудудларни қуриш қоидаларига, шунингдек санитария меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ амалга оширилишини ҳамда дафн жойининг белгиланмаган узоқ муддат мавжуд бўлишини таъминлаш;
6. Туман ободонлаштириш бошқармаси дафн этиш жойларини сақлаш ва ободонлаштиришга юридик ва жисмоний шахсларнинг хайр-эҳсонларни йиғиш, ҳисобга олиш ва улардан мақсадли фойдаланишни ташкил этиш бўйича мазкур қоида ва бошқа қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан қуйидагиларни таъминлайди:
юридик ва жисмоний шахсларнинг хайр-эҳсонларидан (пул маблағлари, товар-моддий бойликлар бериш, шунингдек ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) қабристон ҳудудини сақлаш ва ободонлаштириш жорий ва мукаммал таъмирлаш мақсадларида фойдаланиш;
жисмоний шахс томонидан нақд пул маблағлари тарзидаги хайр-эҳсонлар исмини ошкор этмасдан ёки (жисмоний шахснинг хоҳишига кўра) ушбу жисмоний шахс билан бошқарма ўртасида тузиладиган ихтиёрий хайр-эҳсон қилиш тўғрисидаги шартномага асосан беради.
7. Туман ҳокимлиги молия бўлими ва туман Ғазначилик бўлими хайр-эҳсонларни жамғариш ижроси бўйича назоратни мазкур қоида ва бошқа қонун ҳужжатларига асосан олиб боради.
8.Қабристонларни ёпиш тўғрисидаги қарорлар мажбурий тартибда оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниб ҳокимликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади. Ушбу турдаги қарорлар ижроси бўйича ва ташкилий ишлар режасини тегишли ижрочиларга ҳамда аҳоли пунктларига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари орқали ҳам етказилади.
Туман ҳокимининг
2015 йил "____”мартдаги _____-сонли қарорига
илова
Тумандаги қабристонларда дафн этиш хизматларини кўрсатиш бўйича таклифлар миқдори
Т/р |
Хизмат тури |
Ўлчов бирлиги |
Сўммаси
|
1. |
Гўр қазиш |
1 ўринга |
30 000 |
2. |
Тегишли диний конфессия қабристонида вафот этган яқинлари ва қариндошларини дафн этиш учун учаска олиш |
1 ўринга |
Бепул |
3. |
Маросим хизматларидан фойдаланиш |
1 кунга |
20 000 |
4. |
Қабрга ва қабр усти ёдгорликларига қараш учун қабристон анжомларидан фойдаланиш |
1 ўрин/кунга |
Бепул |