18 турдаги маълумот ва ҳужжатнинг аҳоли ҳамда тадбиркорлардан талаб қилиниши бекор қилинди.

18 турдаги маълумот ва ҳужжатнинг аҳоли ҳамда тадбиркорлардан талаб қилиниши бекор қилинди.

 

"Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.

Фармон билан 2021 йил 1 июндан давлат хизматлари кўрсатиш ва ортиқча тартиб-тамомилларни қисқартириш бўйича қуйидаги енгилликлар яратилмоқда:

-7 та турдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини (туғилиш, никоҳ тузилганлиги, никоҳдан ажралиш, ўлим, исм ва фамилияни ўзгартириш, оталикни белгилаш ҳамда фарзандликка олишни) қайд этиш;

-никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш;

-хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш экстерриториал тамойил асосида амалга оширилади.

Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда ФҲДЁ билан боғлиқ барча маълумотлар фуқаролардан талаб қилинмасдан электрон тизими орқали олинади.

Тадбиркорлик субъекти бўлган юридик шахсларнинг вакилига давлат хизматларидан фойдаланиш учун йиғим ва давлат божини нақд пул шаклида тўлашга рухсат берилди.

Шунингдек, хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходимини аккредитация қилишда ОИТС касаллиги йўқлиги тўғрисидаги сертификатни талаб қилиш амалиёти бекор қилинди.

QR-код (матрик штрихли код) орқали берилган ҳужжатлар бўйича уларнинг дубликатларини бериш тартиби бекор қилинди. Эндиликда ушбу ҳужжатларнинг дубликатини ЯИДХП орқали бепул олиш мумкин.

450 дан ортиқ қонун ҳужжатида белгиланган 18 турдаги маълумот ва ҳужжатларни аҳоли ҳамда тадбиркорлардан талаб қилиниши бекор қилинди, ушбу ҳужжатлар ваколатли давлат органи томонидан "Электрон ҳукумат” платформаси орқали олинади.

18 турдаги маълумотларни ва ҳужжатларни идоралараро интеграциялашув платформасидан фойдаланган ҳолда "Электрон ҳукумат” тизими орқали бериш йўлга қўйилади. Натижада аҳолининг идорама-идора сарсон бўлиб юриши олди олинади.

Фармонга кўра, 2021 йил 1 майдан хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш учун ариза-анкетани ва давлат божини электрон шаклда ЯИДХП орқали тўлаш имконияти яратилади.

2021 йил 1 июндан 16 ёшга тўлган шахсларга ID-карталари бериш уларни солиқ тўловчи сифатида ҳамда пенсия тизимида ҳисобга қўйиш билан бир вақтда амалга оширилади.

2021 йил 1 июлдан солиқ органларида солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритиш жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (ЖШШИР)дан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

 

ЖШШИР барча давлат, банк, ижтимоий ва бошқа хизматларни кўрсатишда фуқаронинг шахсини тасдиқловчи ягона идентификатор деб ҳисобланиши белгиланди. Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан жисмоний шахсларни идентификация қиладиган алоҳида рақамларни юритишга йўл қўйилмайди.

2021 йил 1 июлга қадар:

-Ўзбекистон фуқароларининг ҳамда Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасига эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг СТИРи ЖШШИР билан ўзаро бирлаштирилади;

-СТИР мавжуд бўлмаган фуқароларни ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни ЖШШИР орқали солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўяди.

2021 йил 1 июндан:

Давлат хизматлари агентлиги юридик шахсларни (нодавлат нотижорат ташкилотлари, банклар ва кредит бюроларидан ташқари) давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ягона ваколатли орган деб белгиланди.

Шунингдек, ҳозирда рўйхатдан ўтказишнинг ҳуқуқий асосига эга бўлмаган давлат органлари ва ташкилотларини, юридик шахслар бирлашмалари, ширкатлар, матлубот ва кооперативлар ҳамда адвокатлик тузилмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилиши белгиланди.

Фармонга кўра, жисмоний шахснинг ўлими қайд қилингандан сўнг ваколатли органларнинг вазифалари аниқ белгиланди. Унга кўра:

Ички ишлар вазирлиги – вафот этган шахснинг фуқаролик паспорти ёки ID-картаси, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳаракатланиш ҳужжатлари, ҳайдовчилик гувоҳномаларини ҳисобдан чиқаради, фуқаро қидирувда бўлса, қидирув ва жиноят-процессуал ишларига тегишли маълумотлар киритади;

Мудофаа вазирлиги – вафот этган шахс ҳарбий рўйхатдан чиқарилишини;

Ташқи ишлар вазирлиги – вафот этган чет эл фуқаролари ва чет элда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар бўйича тегишли хорижий давлатга ёки унинг Ўзбекистондаги ваколатхонасига хабар берилишини;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги – вафот этган шахс ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатидан чиқарилишини;

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги – вафот этган шахс "Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси ҳисобидан чиқарилишини;

Давлат солиқ қўмитаси – солиқ қарзи мавжуд бўлмаган вафот этган шахс солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан чиқарилишини;

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси – вафот этган шахснинг дафн маросими учун бир марталик нафақа тайинланишини ва унга бошқа турдаги пенсия ва нафақалар ҳисобланиши тўхтатилишини;

 

Давлат хизматлари агентлиги – вафот этган якка тартибдаги тадбиркорнинг Тадбиркорлик субъектларининг Ягона давлат реестрида фаолияти тугатилган мақомига ўтказилишини таъминлайди.

2021 йил 1 июндан бошлаб:

-ФҲДЁ органлари томонидан давлат статистика органларига далолатнома ёзувларининг нусхаларини юбориш ва ҳисоботларни топшириш амалиёти бекор қилинади. Бунда статистика органлари ҳисоботларни реал вақт режимида онлайн олади ва шакллантиради;

-ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа органларга тадбиркорлар тўғрисидаги маълумотларни Агентлик ва давлат хизматлари марказларидан сўраш тўхтатилади. Ташкилотлар ушбу маълумотларни Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизимидан мустақил равишда олади.

 

 

 

Навбаҳор туман адлия бўлими бошлиғи                       Н.Исроилов

18 турдаги маълумот ва ҳужжатнинг аҳоли ҳамда тадбиркорлардан талаб қилиниши бекор қилинди.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.