Қонунчиликдаги янгиликлар

Қонунчиликдаги янгиликлар

 

"Физика соҳасидаги таълим сифатини ошириш ва илмий тадқиқотларни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5032-сон, 19.03.2021 й.) қабул қилинди. 

Қарор билан 2021–2023 йилларда физика фанлари бўйича таълим сифатини ошириш ва физика соҳасидаги илмий тадқиқотларнинг натижадорлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури (Комплекс дастур) тасдиқланди.

Физика фани бўйича кадрларни, хусусан, қишлоқ жойлардаги мактабларнинг ўқитувчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини ривожлантириш Комплекс дастурнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

2021–2022 йилларда босқичма-босқич республика ҳудудларида физика фанига ихтисослаштирилган жами 28 та таянч мактаби ташкил этилиб, уларга тегишли ОТМнинг кафедралари бириктирилади.

Шунингдек, 2021–2023 йилларда жами 175 та мактабда физика фани чуқурлаштириб ўқитиладиган синфлар ташкил этилади.

2021/2022 ўқув йилидан:

-умумий ўрта таълим муассасаларида физика фани кенгроқ ўқитиладиган вариатив ўқув режаси жорий қилинади;

-ихтисослаштирилган мактабларда физика фани таянч ўқув режада белгиланган ўқув соатлар доирасида ҳафтасига 3 соатдан ўқитилади.

2021 йил 1 октябргача физика фани ўқитувчиларининг малакасини ошириш бўйича ўқув модуллари ишлаб чиқилади.

2022 йил 1 январгача:

-Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги биттадан "Баркамол авлод” болалар мактабларида "STEM” физика клублари ташкил этилади;

-физика фанидан билимларни баҳолаш бўйича миллий сертификатлаш тизими жорий қилинади.

2021/2022 ўқув йилидан тажриба-синов тариқасида 20 та умумтаълим муассасасида "виртуал лаборатория” лойиҳаси таълим жараёнига татбиқ этилади.

2022 йил 1 сентябрдан ихтисослаштирилган мактабларнинг физика фани бўйича миллий сертификатлаш тизимида максимал баллнинг 70 ва ундан юқори фоизини тўплаган физика фани ўқитувчиларига базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик устама ҳақи 50 фоиз миқдорида тўланади.

 

Бундан ташқари қарорга кўра, 2021 йил 1 сентябрдан:

-ОТМнинг "Физика”, "Биотиббиёт физикаси”, "Физика ва астрономия” каби бакалавриат таълим йўналиши талабалари ўртасида ўтказиладиган республика фан олимпиадаси ғолиблари ва физика бўйича нуфузли халқаро олимпиадалар совриндорлари физика мутахассисликлари бўйича қабул параметрларидан ташқари давлат гранти асосида магистратурага ўқишга қабул қилинади;

-физика фанлари бўйича халқаро ва республика олимпиадалари ғолибларини тайёрлаган профессор-ўқитувчиларга ойлик маошининг               100 фоизи миқдорида бир марталик пул мукофоти;

-физика фанлари бўйича талабалар учун тўгараклар олиб бораётган профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маошларига 25 фоиз миқдорида ҳар ойлик устама ҳақ тўланади.

Шунингдек, 2022–2024 йилларда жами 21 та ОТМнинг физика фани бўйича ўқув лабораториялари замонавий жиҳозлар билан таъминланади.

2021/2022 ўқув йилидан олий таълим тизимида физика фанлари соҳаларга мослаштирилган ҳолда ўқитилади.

2021 йил 1 ноябргача ёшлар ўртасида физика фанларига қизиқишни ошириш мақсадида "Ёш физиклар портали” ишга туширилади.

Шунингдек, Самарқанд давлат университети тузилмасида физика соҳалари бўйича кадрлар тайёрловчи "Самарқанд давлат университетининг муҳандислик физикаси институти” ташкил этилади.

Қарор билан Ўзбекистон Миллий университети, Самарқанд давлат университети, Фанлар академияси ҳузуридаги Ядро физикаси институти ва Ион-плазма ва лазер технологиялари институтига физика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) ва фан доктори (Dsc) илмий даражаларини бериш ваколати тақдим этилади.

 

 

Навбаҳор туман адлия бўлими бошлиғи                       Н.Исроилов

 

Қонунчиликдаги янгиликлар

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.