Суд тизимидаги янгиликлар.

Суд тизимидаги янгиликлар.

 

Жорий йилнинг 12-13 январь кунлари давлатимиз раҳбари томонидан суд тизимини такомиллаштиришга оид бир қатор Қонунлар ва Фармон имзоланди.

Хусусан, "Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–663-сон, 12.01.2021 й.) Президент томонидан имзоланди.

Қонун билан Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Киритилган ўзгартиришларга кўра, ишларни назорат тартибида кўриш инстанцияси тугатилди.

Инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларнинг иқтисодий судларга тааллуққли эканлиги белгиланди.

Ишлар инвестициявий низо бўйича йирик инвесторнинг, рақобатга оид иш бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра Олий суд томонидан кўрилади.

Прокурорларнинг барча иқтисодий суд мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқи бекор қилинди. Эндиликда прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ёки прокурорнинг даъво аризаси билан қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши мумкин.

Бизнес омбудсманга ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти бериш ҳуқуқи берилди.

Бундан ташқари, Олий суд судьяси кассация шикояти бўйича иқтисодий суддан ишни талаб қилиб олишга ҳақли эканлиги белгиланди.

Назорат инстанцияси бекор бўлган бўлсада, кассация тартибида кўрилган иш такроран кўрилиши мумкин.

 

Шу каби, "Суд қарорларини қайта кўриш институтининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун (ЎРҚ–665-сон, 12.01.2021 й.) Президент томонидан имзоланди.

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Киритилган ўзгартишларга кўра, маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишлар эндиликда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан кўрилади.

Эндиликда фуқаролар ўз ҳисобидан маъмурий баённоманинг кўчирма нусхасини, шунингдек суд мажлисининг аудио- ёки видеоёзувини олишга ҳақли.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги қарор устидан маъмурий баённомани тузган орган томонидан ҳам шикоят берилиши мумкин.

Маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни назорат тартибида кўриш бекор қилиниб, апелляция инстанцияси жорий этилди.

Суд ҳужжатининг ноқонунийлиги, асослантирилмаганлиги билан бир қаторда уларнинг адолатсизлиги ҳам суд ҳужжатини кассация тартибида ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлиши белгиланди.

Кассация инстанцияси суди маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни Олий суд раиси, Бош прокурор ёки уларнинг ўринбосарлари киритган протестга кўра кассация тартибида такроран кўради.

 

"Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун (ЎРҚ–662-сон, 12.01.2021 й.) Президент томонидан имзоланди.

Киритилган ўзгартишлар билан Маъмурий суд ишларини юритишда назорат инстанцияси тугатилди.

Бизнес омбудсманга биринчи инстанция судининг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти тақдим қилиш ҳуқуқи берилди.

Апелляция шикояти қарор қабул қилингандан бир ой муддатда берилиши мумкинлиги белгиланди (илгари бу муддат 20 кун эди).

Апелляция шикоятини иш юритишга қабул қилиш масаласини ҳал этишга оид ажрим ҳақида иштирок этувчи шахслар 3 кунда хабардор қилинади (илгари хабардор қилиш ажрим чиқарилган кунда амалга оширилган).

Кассация шикояти апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинганидан 1 йилда берилиши мумкин (илгари ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганидан кейин бир ой ичида берилиши мумкин эди).

Шунингдек, манфаатдор шахслар ишларни кассация тартибида такроран кўриш тўғрисида протест келтириш ҳақидаги ариза билан Олий суд раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарларига мурожаат қилишга ҳақли.

 

"Жиноят ишлари бўйича суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–664-сон, 12.01.2021 й.) Президент томонидан имзоланди.

 

Қонун билан Жиноят ишларини ҳам назорат тартибида кўриш инстанцияси бекор қилинди.

Суриштирувчи, терговчи, суд мажлиси котиби маълум бир ишда қатнашганидан сўнг кейинчалик уни қайта кўриб чиқиш учун суриштирувни, дастлабки терговни юритишда такроран иштирок этиши, шунингдек суд мажлиси баённомасини юритиши мумкин.

Эндиликда судда жиноят ишини муҳокама қилиш фақат айбланувчиларга нисбатан ва эълон қилинган айблов бўйича олиб борилади (илгари ҳақиқатни аниқлаш мақсадида – айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинмаган бошқа шахсларга нисбатан олиб борилган).

Судланувчини янги айблов бўйича жиноий жавобгарликка тортиш асосларини аниқлаш эндиликда судланувчининг, унинг ҳимоячисининг, қонуний вакилининг илтимосномасига кўра ҳам амалга оширилади (илгари ушбу тартиб фақат прокурорнинг ёки жабрланувчининг, унинг вакилининг илтимосномасига кўра амалга оширилган).

 

"Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–661-сон, 12.01.2021 й.) Президент томонидан имзоланди.

Қонун билан Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Киритилган ўзгартиришларга кўра, ишларни назорат тартибида кўриш инстанцияси тугатилди.

Фуқаролик ишининг якка тартибда ва ҳайъатда кассация тартибида такроран кўриш 5 нафар судьядан иборат таркибда амалга оширилиши белгиланди.

Ишни биринчи инстанция судида кўрган судья, агар суднинг ҳал қилув қарори апелляция ёки кассация инстанцияси суди томонидан бекор қилинган бўлса, бу ишни такроран янги очилган ҳолатлар бўйича ишларни кўриш, шунингдек сиртдан иш юритиш тартибида қабул қилинган ҳал қилув қарорини қайта кўриш ҳолларида кўриши мумкин.

Шунингдек, прокурор фуқаролик ишларида бошқа шахсларнинг аризалари билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин эмас.

Эндиликда Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил суднинг ҳал қилув қарори устидан апелляция тартибида шикоят қилиши мумкин.

Апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши, кассация шикояти (протести) бўлса апелляция инстанцияси судининг ажрими қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида берилиши мумкинлиги белгиланди.

 

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори ва апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан берилган кассация шикояти (протести) Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилиши белгиланди.

 

"Суд органлари фаолиятини молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ–6134-сон, 13.01.2021 й.) қабул қилинди.

 

Фармонга мувофиқ, 2021 йилдан бошлаб Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, Олий суд, қуйи судлар судьялари, Судьялар олий мактаби ва уларнинг аппарати ходимлари, Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг иш ҳақлари ва қўшимча тўловлари тўлиқлигича Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Бунда қуйидаги тўловлар 2021 йил 1 октябргача Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, 2021 йил 1 октябрдан бошлаб эса республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади:

судлар, Судьялар олий кенгаши судьялари ва уларнинг аппарати ходимлари, Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг кўп йиллик хизматлари учун устамалар;

Олий суд, Судьялар олий кенгаши судьялари ва аппаратлари ходимлари, Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг малака даражаси ва мансаб даражаси учун қўшимча ҳақ.

Фармон билан Судьялар, суд аппарати ходимлари, Судьялар олий кенгаши, шунингдек, Судьялар олий мактаби, Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари тасдиқланди.

 

Юқорида қайд қилинган қонунлар ва фармон Республикамизда одил судлвни амалга оширишда судьяларнинг мустақиллигини таъминлашга, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади шубҳасиз.

Навбаҳор туман адлия бўлими бошлиғи Н.Э.Исроилов

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.