Қонунчиликдаги янгиликлар.

Қонунчиликдаги янгиликлар.

 

"Биотехнологияларни ривожлантириш ва мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–4899-сон, 25.11.2020 й.) қабул қилинди.

Қарор билан:

-2020-2024 йилларда биотехнологияларни ривожлантириш ва мамлакатнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури;

-Биотехнологиялар соҳасида 2020-2024 йилларда бажариладиган устувор илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш дастури тасдиқланди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Биологик хавфсизлик кенгаши ташкил этилиб, Кенгаш маслаҳат органи ҳисобланади ва мамлакатнинг биологик хавфсизлиги соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқишда давлат органлари, илмий, нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди.

Қарорга кўра, "Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудида:

-"Вакциналар ишлаб чиқариш майдончасини ишга тушириш” лойиҳаси амалга оширилади;

-Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти ҳузурида хавфсизлик даражаси бўйича

"BSL-3” халқаро стандартига мос келувчи тажриба-синов лабораторияси ташкил этилади.

Шунингдек, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар марказида Копенгаген университети (Дания) билан ҳамкорликда қуйидагилар ташкил этилади:

-замонавий фудомикс лабораторияси;

-"ҳужайра технологиялари” илмий лабораторияси;

-биотехнология, биология, биотиббиёт, кимё соҳаларида яратиладиган катта ҳажмли маълумотларни таҳлил қилиш бўйича "Big Data” миллий лабораторияси.

Бундан ташқари, Фанлар академиясининг Микробиология институтида "фитовирусология” илмий лабораторияси фаолияти йўлга қўйилади.

Мазкур биотехнологик лабораторияларни 2021 йил якунига қадар ишга тушириш назарда тутилган.

Шунингдек, "Ўзбекистон Республикаси биологик хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Қарорга кўра, 2020 йил 1 декабрдан биотехнологиялар соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун жалб қилинадиган кредитлар бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача (50 фоизи ҳам киради), бироқ 8 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда кафиллик берилади.

Кредит суммаси 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган биотехнологиялар соҳасида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун жалб қилинадиган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун қуйидаги миқдорларда компенсация берилади:

-миллий валютадаги кредитлар бўйича – Марказий банк асосий ставкасининг 1,5 бараваридан ортиқ, бироқ 5 фоизли пунктдан ошмаган миқдорда;

 

-хорижий валютадаги кредитлар бўйича – тижорат банклари томонидан белгиланган ставканинг 30 фоизи, бироқ 4 фоизли пунктдан ошмаган миқдорда.

Биотехнологиялар соҳасида илмий тадқиқотлар ва инновацион фаолиятни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистонга 3 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган тўғридан-тўғри инвестиция киритган хорижий илмий ташкилотларга илмий тадқиқотларни амалга ошириш учун 10 миллиард сўмгача мақсадли грантлар тақдим этилади.

 

Навбаҳор туман адлия бўлими бошлиғи Н.Исроилов

Қонунчиликдаги янгиликлар.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.