Президент интеллектуал мулк соҳасидаги вазифаларни белгилаб берди.

Президент интеллектуал мулк соҳасидаги

вазифаларни белгилаб берди.

Президент Шавкат Мирзиёев 12 октябрь куни интеллектуал мулк объектларини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш масаласида йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда айтилишича, интеллектуал мулк Европада ЯИМнинг 45 фоизини, Хитойда 12, Россияда 7 фоизни ташкил этади.

Йиғилишда интеллектуал мулк ҳимоясини кучайтириш, ҳар бир идора ва тармоққа илмий ютуқларни олиб кириш масалалари муҳокама қилинган.

Адлия вазирлиги ва Интеллектуал мулк агентлигига соҳани ривожлантиришга қаратилган уч йиллик дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган. Интеллектуал мулк яратувчиларини рағбатлантириш, патент эгаларини мукофотлаш каби имтиёзлар тизимини жорий қилиш зарурлиги таъкидланган.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда йилига 4500 атрофида интеллектуал мулк объекти, жумладан, 2 мингдан зиёд товар белгилари рўйхатдан ўтади.

Мисол учун, Навоий кон-металлургия комбинати сўнгги 10 йилда 35 та ихтирони рўйхатдан ўтказиб, уларнинг 16 тасидан 400 миллиард сўмдан ортиқ иқтисодий самара кўрган. Бу ишланмаларни бошқа давлатларнинг олтин қазиш корхоналарига сотиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Лекин бундай ихтиролар хорижда рўйхатдан ўтказиб келинмоқда. Чунки юртимизда қийматни баҳолаш тизими амалда ишламаяпти. Бунинг оқибатида кўплаб ишланмалар тижоратлаштирилмай қолиб кетмоқда.

Шу боис Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти мутахассислари билан баҳоловчилар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.

Келгуси йил биринчи чоракда саноат мулки патентлари платформасини яратиб, унга саноат тармоқларидаги интеллектуал мулк объектларини жойлаштириб бориш, вилоятлардаги корхоналар ва олий ўқув юртларининг интеллектуал мулк объектлари базасини яратиш бўйича топшириқлар берилди.

Ўтган йили 400 га яқин ихтиро, 110 та фойдали модел, 170 та саноат намунаси, 36 та селекция ютуғи рўйхатга олинган бўлса-да, атиги 43 та илмий ишланма тижоратлаштирилган холос.

Шу каби, ушбу йиғилишда маҳаллий товар белгиларини халқаро рўйхатдан ўтказиш масаласига ҳам эътибор қаратилган.

Бугунги кунда мамлакатимиз саноатининг бор-йўғи 72 та товар белгиси халқаро рўйхатдан ўтказилган. Лекин бу жуда кам. Аслида эса имкониятлар талайгина.

Масалан, Чуст пичоғи, Самарқанд нони, Марғилон адраси, Шеробод анори, Олтиариқ ва Паркент узуми, Хоразм қовуни, Сурхондарё хурмоси каби машҳур брендларни ҳудудий мансублиги бўйича рўйхатдан ўтказиб, халқаро бозорда фаол тарғиб қилиш мумкин.

Тадбиркорлар маҳсулотларини брендга айлантириш дастури ва электрон майдончасини ишлаб чиқиб, ҳудудларда брендлар ярмаркаси ўтказиш зарурлиги қайд этилди.

"Жаҳон бозорига чиқаётган маҳсулотларимизда Ўзбекистон овози жаранглаши керак, бренди бўлсагина маҳсулотларимиз ташқи бозорларда мустаҳкам ўрин эгаллай олади», дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Айрим тадбиркорлар халқаро брендлар билан бир хил номни рўйхатдан ўтказиб олгани сабабли хорижий инвестиция келишига тўсиқ бўлаётгани кўрсатиб ўтилиб, бундай ҳолатларни тартибга солиш юзасидан кўрсатма берилди.

 

 

Навбаҳор туман адлия бўлими бошлиғи Н.Исроилов

Президент интеллектуал мулк соҳасидаги  вазифаларни белгилаб берди.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.