Эндиликда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни иккиламчи ижарага бериш мумкин

Эндиликда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни

иккиламчи ижарага бериш мумкин

"Қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ерлардан ва ўрмон фонди ерларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун президент томониданимзоланди.

Қонун билан Ер кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни иккиламчи ижарага бериш мумкин.

Бунда, ушбу тоифадаги ерлар 1 йилгача муддатга иккиламчи ижарага берилади.

Инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик асосида ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ёки ўрмон фонди ерларини иккиламчи ижарага бериш тарафларнинг келишувига кўра, лекин ер участкасини ижарага бериш шартномаси муддатидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Ер участкасини иккиламчи ижарага бериш шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Ер участкасини ижарага бериш шартномасининг муддатидан илгари бекор қилиниши иккиламчи ижара шартномасининг ҳам бекор қилинишига сабаб бўлади (шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса).

Ер участкасини иккиламчи ижарага бериш шартномасини муддатидан илгари бекор қилиш тарафларнинг келишувига кўра, бундай келишувга эришилмаган тақдирда эса суднинг қарорига кўра амалга оширилади.

Иккиламчи ижарага берилган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаси олди-сотди, гаров, ҳадя, айирбошлаш объекти бўлиши мумкин эмас.

"Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, фермер хўжалигига берилган ер участкалари қишлоқ хўжалик экинларини оралиқ экиш учун 1 йилгача бўлган муддатга иккиламчи ижарага берилиши мумкин.

"Деҳқон хўжалиги тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, деҳқон хўжаликлари ўзига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга берилган ер участкаларини ёки унинг бир қисмини қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш мақсадида вақтинча фойдаланишга бериши мумкин.

Бунда, ер участкасидан вақтинча фойдаланиш тартиби тарафларнинг келишуви асосида белгиланади.

 

 

Навбаҳор туман адлия бўлими бошлиғи Н.Исроилов

 

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.