Суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар.

Суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар.

 

Давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 30 июнь куни "Одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш" борасидаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилган ва йиғилишда Президентимиз томонидан одил судловни таъминлаш борасида ўтган йилларда амалга оширилган ислоҳотларнинг натижаси таҳлил қилинган эди.

Таҳлилларга кўра, 2020 йилда аҳолидан келиб тушган мурожаатларнинг 8 мингдан зиёди ёки 44 фоизида судларда ишлар тўлиқ ва холис кўрилмаётгани, узоқ муддат чўзилаётгани билдирилган эди.

Бу ҳолат одамларнинг ҳали судлардан рози эмаслигини, уларнинг судлар чиқарган ҳужжатларнинг қонунийлигига ишонмаслигини англатмоқда.

Йиғилишда Президентимиз Олий суднинг назорат тартибида ишларни кўришини ҳам тугатиш масаласини қўйган эди.

Президентимиз видеоселектор йиғилишидаги таҳлиллардан келиб чиқиб, 2020 йил 24 июлда ПФ-6034-сонли Фармонини имзолади.

Фармонда судлар фаолиятини такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган бир қанча чора-тадбирларни белгилаб берилди.

Жумладан, фармонга кўра, вилоят даражасидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлари бирлаштирилиб, уларнинг негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолинган ҳолда ягона умумюрисдикция судлари ташкил этилади.

Фармонда илғор хорижий тажриба ва халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда республикада самарали маъмурий одил судлов тизимини яратиш мақсадида маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларни ташкил этиш ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш назарда тутилмоқда.

Бу билан маъмурий судларни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсадга, яъни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги муносабатлар тартибга солиниб, ушбу органлар фаолиятида қонунийликни таъминлаш, уларнинг ноқонуний қарорларини бекор қилиш орқали фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ўз вақтида ҳамда самарали тиклашга эришилади.

Фармонга кўра, эндиликда судда ишларни кўришда инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлик тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида жиноят ишлари бўйича судларда дастлабки эшитув институти жорий этилади.

Бу амалиёт орқали суд ишларни судга тайинлаш жараёнида дастлабки терговда аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун ишни прокурорга қайтариш масалани ҳал этиши мумкин бўлади.

Фармонда прокурорнинг судда иш кўрилиши жараёнида иштирок этиш тартиби илғор халқаро стандартларга мослаштириш назарда тутилмоқда.

Жумладан, прокурор суд жараёнида айбловдан воз кечган тақдирда, реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш;

прокурор томонидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан ишни ўрганиш учун чақириб олиш;

прокурорнинг фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида ўз ташаббуси билан иштирок этишини чегаралаш назарда тутилмоқда.

Мазкур тартиб прокуратура ва суд орасидаги ҳуқуқий-процессуал муносабатларни халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга ҳамда жиноят процесси иштирокчилари ваколатларининг ўзаро мувозанатини таъминлашга хизмат қилади.

Шубилан бир қаторда Фармонда Ўзбекистон Республикаси Олий судида назорат инстанциясини тугатиш белгиланди. Эндиликда Олий суд ишларни назорат тартибида кўрмайди.

Фармонга кўра, Олий судда кассация инстанциясидан юқори инстанция бўлмаганлиги учун фуқаролар вилоят судларининг апелляция тартибида кўрилган қарорлари устидан Олий судга кассация тартибида шикоят ёзадилар ва кассация инстанциясининг ўзида низога узил-кесил нуқта қўйилади.

Назорат инстанциясининг тугатилиши эса фуқароларнинг йиллар давомида сарсон бўлишининг олдини олади ва ишларнинг Олий судда кассация инстанциясида кўрилиши ишларнинг тезда ечим топишини англатади.

Президентимиз 2020 йил 30 июндаги видеоселектордаги маърузасидан келиб чиқиб, фармонда судлар томонидан илғор тажрибалар ва халқаро стандартлар асосида суд тизимида "бир суд – бир инстанция” тамойили йўлга қўйилади.

"Бир суд-бир инстанция" тамойилининг мазмун-моҳияти шундан иборатки, бу биринчидан, ишларнинг биринчи инстанциядаёқ қонуний ечимини топишга қаратилган ҳаракат бўлса, иккинчидан ишларнинг иккинчи инстанцияда сифатли, тез ва холисона кўриб чиқилишини, судда ягона тўхтамга келишни таъминлашдир.

Суд-ҳуқуқ соҳасида ишлаб чиқилаётган чора-тадбирлар замирида Муҳтарам Президентимизнинг кўп бора таъкидлаган "Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониши лозим" деган сўзлар ётибди.

Президентимиз Фармонида белгиланган чора-тадбирлар албатта судлар фаолиятини такомиллаштиришга, одил судлов самарадорлигини оширишга, суд ҳужжатларининг барқарорлигини таъминлашга, фуқароларнинг одил судловга бўлган, чет эл инвесторларининг мамлакатимизда қонун устуворлигига бўлган ишончини оширишга хизмат қилади деб ҳисоблаймиз.

 

Навбаҳор туман адлия

бўлими бошлиғи Н.Э.Исроилов

 

 

Суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.