ҚАРЗДОР ОТАГА ЖИНОЯТ ИШИ ҚЎЗҒАТИЛДИ

ПРЕСС РЕЛИЗ

ҚАРЗДОР ОТАГА ЖИНОЯТ ИШИ ҚЎЗҒАТИЛДИ

Жамиятни ич-ичидан кемирадиган иллатлардан бири бу оилавий ажримлар, эр-хотининг ажрашишидир. "Фалончи ажрашибди”, деган гапни биз онда-сонда эшитишимиз мумкин (илгари ҳатто бу гап қулоққа чалинса бир сесканардик), бироқ энг камида туман миқёсида худди шу масалани умумий олиб қараганда вазият қувонарли даражада эмаслигини пайқаш мумкин.

Хусусан, Мажбурий ижро бюроси Навбаҳор туман бўлимида бугунги кунда алимент билан боғлиқ 1.490 тадан зиёд ҳужжатлар бўйича ижро ҳаракатлари олиб борилаётган бўлиб, бу ҳолат камида шунча оила дарз кетган, деганидир. (Яъни, судгача бормай, алимент тўлаётганлар ҳам бор). Туман МИБ томонидан ҳозирга қадар 1 млрд. 105 млн. сўмдан зиёд маблағлар – алимент қарздорлардан ундириб берилди.

Мисол тариқасида фуқаро Ф.Ашуров 7 ой давомида ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган фарзандига жами 2.575.000 сўм алимент пулларини тўламасдан қочиб юрган бўлсада, давлат ижрочисининг олиб борган ижро ҳаракатлари натижасида алимент қарздорлиги тўлиқ бартараф этилди. Бундан хурсанд бўлган фуқаро А.Худойназарова ўз миннатдорчилигини билдириб, МИБ Навбаҳор туман ходимларига ташаккурнома ёзиб берди.

Ундирувчининг ташаккурномаси МИБ ходимларнинг кейинги фаолиятида янада шижоат билан меҳнат қилишига ундайди.

Шу ўринда баъзи оталар нега ўз фарзандига алимент тўлашдан бўйин товлаши ва ўз масъулиятини унитиб қўйиши кишини ўйга толдиради. Эр ва хотиннинг келишмовчилиги сабабли ажрашиши ёки бирга яшамаслиги сабабли қачонгача фарзанд азият чекиши керак деган савол туғилади? Саволга ҳанузгача аниқ жавоб йўқ.

Қайд этиш жоиз, бугунги кунда жамоатчилик эътиборини шу масалага қаратиш энг муҳим саналади. Фарзандини моддий таъминлашни хоҳламаётганлар билан маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, маслаҳатчилари, аҳолининг фаол қатлами, халқ ичида обрў-эътибор қозонган кексалар ва масъул органлар ҳамкорликда иш олиб борса, бу каби муаммолар бир мунча камаяди.

Жумладан, фуқаро Хамдамов Собир фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро судининг 03.07.2017 йилдаги суд буйруғига асосан ундирувчи Жабборова Ситоранинг фойдасига икки нафар вояга етмаган фарзандлари, яъни 06.09.2009 йилда Хамдамов Фаррух ва 13.11.2014 йилда туғилган Хамдамов Фурқатларнинг моддий таъминоти учун улар вояга етгунга қадар ҳар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларидан 1/3 қисми миқдорида алимент тўлаши лозимлигини аниқ билгани ҳолда, бу борада Навбаҳор туман маъмурий судининг 01.02.2019 йилдаги қарори билан моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлиги учун МЖтКнинг 474-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этгани учун ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланиб, жазо муддатини ўтаб чиққан бўлсада, бундан ўзига тегишли хулоса чиқармасдан, бу ҳақда давлат ижрочилари томонидан бир неча бор огоҳлантирилишига қарамай 2 ойдан ортиқ, яъни 01.02.2019 йилдан 01.09.2019 йилга қадар тўлаб берилиши лозим бўлган 4.630.233 сўм пул маблағини тўламасдан, вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлаб келган.

Фуқаро Хамдамов Собир моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлашдан бўйин товлаши, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламасликда ифодаланган хатти-ҳаракатлари юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 122-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, айблов далолатномаси билан жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судига юборилди. Суднинг 15.10.2019 йилги ҳукми билан С.Хамдамов айбдор деб топилиб, 1 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

 

МИБ Навбаҳор туман

бўлими суриштирувчиси Комил ПИРМАТОВ

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.