Янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти.

Янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамияти.

Марҳамат, ушбу ҳафта давомида бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари билан таништириб ўтамиз.

Маҳаллий ундан қолипли нон ишлаб чиқарувчиларга солиқ имтиёзи белгиланди

Ўтган ҳафтада Донни қайта ишлаш корхоналари ва қолипли нон ишлаб чиқарувчиларни янада қўллаб-қувватлаш чора тадбирлари тўғрисида Ҳукумат қарори (829-сон, 30.09.2019 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 июлгача фақат маҳаллий дондан ишлаб чиқарилган ундан тайёрланган қолипли нон ишлаб чиқариш ва сотиш ҚҚСдан озод этилади.

2019 йил 1 октябрдан бошлаб импорт қилинганда ҚҚСга тортилган донни қайта ишлаш корхоналари ҚҚС бўйича солиққа тортиладиган айланмани Солиқ кодексида белгиланган тартибда аниқлайдилар.

Шунингдек, қарор билан киритилган ўзгартиришларга кўра юридик шахслар белгиланган рўйхат бўйича четдан келтириладиган ёғоч-тахта материаллари ва ёғоч учун ҚҚС тўлашдан озод қилиш бўйича имтиёз бекор қилинди.

Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва реализациясини мониторинг қилиш тартиби белгиланди

Ўтган ҳафтада Ҳукумат қарори (834-сон, 02.10.2019 й.) билан Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш, импорт қилиш ва уларнинг реализацияси мониторингини амалга ошириш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, Давлат солиқ қўмитасида заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш, импорт ва реализация қилиш билан шуғулланувчи тадбиркорлар тўғрисида маълумотлар базаси шакллантирилади.

Ушбу маълумотлар асосида тадбиркорларнинг ҳисоботлари, шунингдек, солиқ тўловчиларнинг мажбуриятлари пайдо бўлиши (тугатилиши) тўғрисида тегишли ташкилотлардан олинган маълумотлар билан солиштириш орқали камерал назорат ўтказилади.

Камерал назорат натижасида тафовут аниқланса, солиқ тўловчига унинг ҳисоботларига тегишли тузатишлар киритиш ҳамда камчиликларни бартараф этиш юзасидан талабнома юборилади.

Тадбиркорларнинг фаолиятида жиноят аломатлари мавжуд деб топилса, материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилади.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекс ишлаб чиқилади.

Ўтган ҳафтада Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Президент қарори (ПҚ-4473-сон, 04.10.2019 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, жамоатчилик муҳокамасига қўйилган қонун ҳужжатларининг лойиҳалари бўйича муҳокама натижалари Адлия вазирлигига (ҳуқуқий экспертиза учун) ва Вазирлар Маҳкамасига (кўриб чиқиш учун) киритилади.

Бунда, қоида тариқасида, келиб тушган таклифларни кўриб чиқиш натижалари кўрсатилиши мажбурийдир.

✅ Шунингдек, қарорга кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб:

👉 республика, вилоятлараро ННТларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи ставкалари БҲМнинг 4 бараваридан 3 бараваригача;

👉 вилоят ННТлари учун – БҲМнинг 2 бараваридан 1 бараваригача пасайтирилади.

Фаолиятини туман (шаҳар), шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида олиб борадиган ННТни давлат рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи ставкаси БҲМнинг 50 фоизи миқдорида белгиланади.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 февралга қадар Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилади.

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб тўлов асосида ННТлар раҳбарларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари ташкил этилади.

Давлат хизматига қабул очиқ мустақил танлов асосида амалга оширилади

Ўтган ҳафтада, Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент Фармони (ПФ–5843-сон, 03.10.2019 й.) қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб тажриба тариқасида айрим давлат бошқаруви органлари, ташкилотлар ва ҳудудларда, 2021 йил 1 январдан бошлаб эса республиканинг барча давлат органлари ва ташкилотларида давлат хизматига қабул очиқ мустақил танлов асосида амалга оширилади.

Эндиликда, давлат фуқаролик хизматига ишга қабул қилиш ва хизматчиларнинг хизмат бўйича ўсиб бориши билан боғлиқ фаолиятда номзодларни адолатли баҳолаб бориш ва улар орасидан энг муносибларини танлашга қаратилган меритократия тамойили қўлланилади.

Шунингдек, Фармонга асосан давлат фуқаролик хизмати ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг ягона тизими жорий этилади.

Фармон билан, Президент ҳузурида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Президентнинг давлат хизмати ва вакиллик органлари билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси бир пайтнинг ўзида Агентлик директори ҳисобланади.

Шу билан бирга, ушбу Агентлик ҳузурида Давлат хизматини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.

"Яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси тасдиқланди

Ўтган ҳафтада Президент қарори (ПҚ-4477-сон, 04.10.2019 й.) билан 2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг "яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегияси тасдиқланди.

"Яшил” иқтисодиётга ўтишнинг асосий вазифаларидан бири иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишдан иборат.

Бунга технологияларни модернизациялаш ва молиявий механизмларни ривожлантириш орқали эришилади.

Стратегияни амалга ошириш натижасида иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан солиштирма ажратмалари 2010 йилдагига нисбатан 10 фоизга қисқартирилади.

Шунингдек, 100 фоизгача аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари замонавий арзон ва ишончли энергиядан фойдаланиш имконияти билан таъминланади.

Бундан ташқари, экологик жиҳатдан яхшиланган мотор ёқилғиси ва автомобиллар ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланиш кенгайтирилади, электр транспорти ривожлантирилади.

Тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгашлари ташкил этилди

Ўтган ҳафтада Ҳукумат қарори (848-сон, 05.10.2019 й.) билан Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ҳузурида Тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгашлари ташкил этилди.

Қарор билан Тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгашлари тўғрисидаги намунавий низом тасдиқланди.

Унга кўра, Тадбиркорлар кенгашлари ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади.

Кенгаш таркиби фаол тадбиркорлар, ҳуқуқшунослар ва жамоатчиликнинг бошқа вакилларидан иборат фуқаролар орасидан сайлаб олинади.

Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ ва ғов бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигига, ваколатли давлат органларига тақдим этиш Кенгашнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Кенгаш таркиби ҳар уч йилда тасдиқланади.

1000 нафар ходим хорижий давлатларга стажировкага юборилади

Ўтган ҳафтада, Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди (ПҚ–4472-сон, 03.10.2019 й.).

Қарорга мувофиқ, Агентлик давлат фуқаролик хизматчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши бўйича қонун ҳужжатларининг сўзсиз бажарилишини ўрганади.

Қарор билан давлат органлари ва ташкилотлари кадрлар бўлинмаларининг асосий вазифалари белгиланди.

Қарорга кўра, давлат органлари ва ташкилотларининг ўрта ва қуйи бўғинидаги энг истиқболли ходимларнинг камида 1000 нафарини 3 ойдан 6 ойгача бўлган муддатда хорижий давлатларга стажировкага юбориш бўйича дастур ишлаб чиқилади.

Стажировка ўтаётган шахсларга стажировка ўтаётган мамлакатдаги Ўзбекистон Республикаси элчиси меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорининг 60 фоизи миқдорида ўртача ойлик иш ҳақи тўланади.

Ходим стажировка тугагандан сўнг давлат органи ва ташкилотига камида 2 йил ишлаб бериши шарт.

Қарор билан Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошида Давлат фуқаролик хизматчилари малакасини ошириш маркази ташкил этилди.

Шунингдек, Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Замонавий заргарлик савдо-ишлаб чиқариш марказлари ташкил этилади

Замонавий заргарлик савдо-ишлаб чиқариш марказларини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида Ҳукумат қарори (851-сон, 07.10.2019 й.) қабул қилинди.

Қарор билан 2019-2020 йилларда ҳудудлар кесимида замонавий заргарлик савдо-ишлаб чиқариш марказларини ташкил этиш жадвали тасдиқланди.

Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига ушбу жадвалга асосланган таклифлардан келиб чиқиб ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилди.

Қарорга мувофиқ, заргарлик марказлари асосан ҳунармандчиликни ривожлантириш марказларида, шунингдек, тегишли ҳудудларнинг туристик йўналишларида жойлаштирилади.

Шунингдек, заргарлик марказларини ташкил этиш учун ташаббускорларга фойдаланилмаётган бино ва иншоотлар "ноль” харид қийматида сотилади.

✅ Ушбу марказларни ташкил этилишида ҳамда республикада ўтказиладиган халқ амалий санъати фестивалларида қатнашувчи хорижий мутахассисларга:

👉 кириш визалари расмийлаштиришда консуллик ва бошқа йиғимлар ундирилмайди;

👉 кўп марталик визалар расмийлаштиришда давлат божи ундирилмайди.

Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхати тасдиқланди

Ўтган ҳафтада Ҳукумат қарори (846-сон, 04.10.2019 й.) билан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхати тасдиқланди.

Ҳукумат қарори (846-сон, 04.10.2019 й.) билан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхати тасдиқланди.

Қарорга мувофиқ, республика бўйича жами 8208 та моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари мавжуд бўлиб, шундан 4748 таси археология ёдгорликлари 2250 таси архитектура ёдгорликлари, 678 таси монументал санъат ёдгорликлари, 532 таси диққатга сазовор жойлардир.

Қарор билан маданият вазирига зарурат бўлганда тегишли буйруқ билан, объектнинг номи, даври ва манзилига аниқлик киритиш (тушунтириш бериш) ҳуқуқи берилди.

Шунингдек, Маданият вазирлиги асосли зарурат пайдо бўлганида миллий рўйхатга ўзгартириш ва қўшимча киритиш тўғрисида Ҳукуматга таклиф киритиб боради.

Миллий рўйхатга киритилган объектларга тарихий, бадиий ёки ўзга маданий қимматлилиги туфайли гаров ва ипотека қўлланилиши мумкин эмас, хусусий мулк ҳисобланган моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари бундан мустасно.

Болалар мусиқа ва санъат мактаблари ходимларининг базавий тариф ставкалари ошди

Болалар мусиқа ва санъат мактаблари раҳбар, ўқитувчи ва концертмейстерлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ходимларининг базавий тариф ставкалари 2019 йил 1 октябрдан:

👉 директор ва директор ўринбосарлари учун – 1,5 бараварга;

👉 ўқитувчилар ва концертмейстерлар учун – 1,25 бараварга оширилди.

✅ Шунингдек, қарорга кўра:

👉 илғор хорижий тажриба асосида болалар мусиқа ва санъат мактабларида таълим сифатини баҳолашнинг замонавий тизими ишлаб чиқилади;

👉 болалар мусиқа ва санъат мактаблари раҳбар ходимлари лавозимига номзодларни танлов асосида саралаш амалиёти жорий этилади;

👉 ушбу мактаблар раҳбар ходимларининг масофадан туриб малакасини ошириш тизими ташкил этилади.

 

 

ҚҚС миқдори 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилди

"Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбилари тўғрисида”ги Фармон Президент томонидан имзоланди (ПФ–5837-сон, 26.09.2019 й.).

Фармонга мувофиқ, жорий йилнинг 1 октябридан қўшилган қиймат солиғи ставкаси (ҚҚС) амалдаги 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилади.

Шунингдек, солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчининг тижорат банкларидаги ҳисобварақлар бўйича операцияларини тўхтатиб туриш бўйича амалдаги тартиб бекор қилинди.

✅ Бундан ташқари, Фармонга кўра 2020 йилги Давлат бюджети лойиҳаси тайёрланишида:

👉 давлат корхоналари, устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган юридик шахслар учун ягона ижтимоий тўлов ставкасини 25 фоиздан 12 фоизга тушириш;

👉 дивидент шаклида тўланадиган даромадларга солиқ ставкасини сақлаб қолган ҳолда, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкасини 15 фоиз миқдорида белгилаш;

👉 қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини бекор қилиш назарда тутилади.

2019 йил 1 октябрдан бошлаб илгари Молия вазирлигининг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ўтказиб келинган ягона солиқ тўлови суммаси Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига ўтказилади.

Навбаҳор туман адлия бўлими.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.