ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЯНГИЛИКЛАР.

Марҳамат, ушбу ҳафта давомида бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари билан таништириб ўтамиз.

Энди дорихоналарда видео кузатув камералари бўлиши шарт

Ўтган ҳафтада Дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида Президент қарори (ПҚ–4438-сон, 06.09.2019 й.) қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2019 йил 1 декабрдан бошлаб кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган дориларнинг чакана савдоси фақат ижтимоий дорихоналар, тегишли лицензияга эга бўлган дорихоналар томонидан амалга оширилади.

Мазкур рўйхат Ҳукумат томонидан бир ҳафта муддатда тасдиқланиши лозим.

✅ Қарор билан қуйидагилар белгиланди:

👉 кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган дорилар учун ёзилган рецептлар дорихоналарда бир йил давомида сақланади;

👉 беморга рецептли дориларни рецептни расмийлаштирмасдан тайинлаш тақиқланади;

👉 2020 йил 1 январдан бошлаб дорилар ва тиббий буюмларнинг савдо жараёнини узлуксиз равишда видеога ёзиб олиш ва бир ой давомида видео-ёзувларни сақлаш мазкур фаолият учун лицензия талаби ҳисобланади ва талабнинг мунтазам бир йил давомида бир мартадан кўп бузилиши лицензиянинг амал қилишини тугатиш учун асос бўлади.

2021 йил 1 январга қадар электрон тарзда рецепт бериш ахборот тизими жорий этилади.

Мазкур ахборот тизими 2021 йил 1 мартдан Тошкент шаҳрида, 2022 йил 1 мартдан бошлаб эса республиканинг барча ҳудудларида мажбурий равишда қўлланилади.

Савдо ва хизмат кўрсатишда виртуал кассалар жорий этилади

Ўтган ҳафтада Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент Фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, савдо (хизмат кўрсатиш) шохобчаларида аҳоли билан амалга оширилган ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотларни давлат солиқ хизмати органларига онлайн узатишни назарда тутувчи виртуал кассалар онлайн назорат касса машиналари (онлайн-НКМ) қаторида жорий этилади.

✅ Фармон билан ўрнатилган тартибга мувофиқ:

👉 тадбиркорлик субъектлари онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтган тақдирда: ⬇️

• уларга нисбатан амалдаги фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини ишлатиш бўйича мажбуриятлар бекор қилинади;

• кунлик ўртача нақд пул тушуми миқдоридан қатъи назар нақд пулни банк кассаларига инкассация хизматлари орқали ўзлари белгилаган даврларда ёки мустақил равишда топшириш ҳуқуқига эга бўлади;

• уларга ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган фойда солиғи ёки ягона солиқ тўлови ёхуд қатъий белгиланган солиқ суммасини унинг ҳар бирини харид қилиш, ўрнатиш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар суммасига камайтириш ҳуқуқи берилади, бунда ушбу сумма базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан ошмаган бўлиши керак;

• виртуал касса дастурий маҳсулотининг асос қисми (базаси) уларга Давлат солиқ қўмитаси томонидан бепул берилади;

👉 жисмоний шахсларнинг банк пластик карталари ёки чегирма (дисконт) карталарига оммавий оферта шартлари асосида ўтказилган бонуслар (пул, балл ва бошқа бирликлар) шаклидаги маблағлар (cashback) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи базаси сифатида қаралмайди;

👉 жисмоний шахсларнинг уй хўжалиги шароитида оладиган даромадлари даромад солиғидан озод қилинишида, реализация қилинган маҳсулот жисмоний шахс ёки унинг оила аъзоларига ажратилган томорқа ер участкасида етиштирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилиш тартиби бекор қилинади.

Шунингдек, Фармонга мувофиқ онлайн-НКМ ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтган тадбиркорлик субъектлари томонидан тақдим қилинган чекда товарлар (ишлар, хизматлар) номи, миқдори, қиймати (нархи), суммаси, қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлганда қўшилган қиймат солиғи ставкаси ва суммаси, шунингдек, QR-код ва фискал белги мажбурий тартибда акс эттирилади ва ушбу маълумотлар акс эттирилмаган чеклар ҳақиқий ҳисобланмайди.

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди (737-сон, 05.09.2019 й.)

Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 январдан атроф табиий муҳитга таъсир қилиш хавфи юқори бўлган янги ишга тушириладиган хўжалик субъектларининг ҳавони ифлослантириш манбаларида намуналарни олиш ва таҳлил қилиш бўйича автоматик станциялар мажбурий тартибда ўрнатилади.

Қарор билан Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига атроф табиий муҳит мониторинги соҳасида барча вазирлик ва ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш вазифаси юкланди.

Шунингдек, 2021 йил 1 январгача республика ва вилоят даражасидаги барча идоравий таҳлил лабораториялари аккредитациядан ўтказилади.

Қарорга кўра, атроф табиий муҳит давлат мониторинги тизимининг ягона геоахборот маълумотлар базаси 2021 йил 1 январдан тўлиқ фаолият кўрсатиши белгиланди.

Шунингдек, 2021 йил 1 декабрдан республикада атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторинги автоматлаштирилади.

Қарор билан Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, мониторинг бўйича ишлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган ва камида 5 йилда бир марта қайта кўриб чиқиладиган Атроф табиий муҳит давлат мониторинги дастурига асосан ўтказилади.

Ўтган ҳафтада, Ҳукумат қарори (744-сон, 06.09.2019 й.) билан Банк фаолияти соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.

Киритилган ўзгартиришларга кўра, хорижий инвесторларга Марказий Банк розилигисиз, тижорат банкларининг 5% гача миқдордаги акцияларини сотиб олишга рухсат берилади.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ташкил этилди

Ўтган ҳафтада Ўзбекистон Республикасида санитария-эпидемиология хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент Фармони (ПФ-5814-сон, 09.09.2019 й.) қабул қилинди.

✅ Фармонга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария-эпидемиология назорати хизмати ташкилотлари ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари негизида қуйидагилар ташкил этилди:

👉 Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари;

👉 Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги.

Давлат инспекциясининг асосий вазифаларидан бири санитария-эпидемиология назорати соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини самарали мувофиқлаштириш ва улар билан ҳамкорлик қилишни таъминлашдан иборат.

Янги ташкил этилаётган Агентлик эса, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб боради.

Фармонга кўра, Давлат инспекцияси бошлиғи бир вақтнинг ўзида Бош давлат санитария инспектори, Агентлик директори эса бир вақтнинг ўзида Бош давлат санитария врачи ҳисобланади.

Шунингдек, Давлат инспекцияси ва Агентлик ҳузурида юридик шахс ташкил этмасдан бюджетдан ташқари моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармалари ташкил этилди.

Шунингдек, ўтган ҳафтада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлигини ташкил этиш тўғрисидаги Президент Фармони (ПФ–5815-сон) ҳамда ушбу Агентлик фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида Президент қарори (ПҚ–4444-сон, 09.09.2019 й.) қабул қилинди.

Фармон билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.

✅ Қуйидагилар Агентликнинг идоравий бўйсунувига ўтказилди:

👉 Президент мактаблари;

👉 ижод мактаблари;

👉 Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати ва Абу Али Ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернати.

Фармон билан Агентликнинг асосий вазифалари белгиланди.

Шунга кўра, Агентлик Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда ёшларни аниқлаш, танлаш, ўқитиш ва тарбиялаш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади.

Агентликка Бош вазир тақдимномасига кўра Президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.

Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар учун ўрнатиладиган давлат таълим стандартлари Агентлик томонидан тасдиқланади.

 

Пахта ҳосилини териш учун нархлар белгиланди

2019 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишларини уюшқоқлик билан ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида Ҳукумат қарори қабул қилинди (752-сон, 09.09.2019 й.).

✅ Қарор кўра:

👉 машинада терилган 1 т пахта учун – 600 000 сўм хизмат ҳақи;

👉 қўлда терилган 1 кг пахта учун биринчи теримда – 800 сўмдан, иккинчи теримда – 1200 сўмдан;

👉 мавсум мобайнида терим отряди раҳбарларига ҳар ойда 2 млн сўмдан, терим марказлари раҳбарларига 3 млн сўмдан меҳнат ҳақи тўланади.

Шунингдек, пахта тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилотларига ва кластерларга пахтани териб олиш учун банклар томонидан йиллик 16 фоиз ставкада кредит ажратилади.

Бундан ташқари, қарорга кўра 2019 йил ҳосилини қисқа муддатда йиғиб олиш, теримчилар билан ўз муддатида ҳисоб-китоб қилиш учун Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига 2020 йилда қайтариш шарти билан фоизсиз ссуда ажратилади.

 

Хусусий нотариал идоралар жорий этилади

 

Бу билан, Нотариал хизмат кўрсатишнинг сифат жиҳатдан юқори, тезкор бўлиши фуқароларда ишончни мустаҳкамлайди.

Ўтган ҳафтада Президент томонидан имзоланган "Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон айни шу мақсадларни назарда тутади.

Фармонга асосан, қуйидагилар назарда тутилди.

Биринчидан, 2020 йил 1 январдан хусусий нотариал идоралар ташкил этилади. Бу ўзгариш аҳолининг нотариал идорада навбат кутиб қолиши ва идорама-идора сарсон бўлиб юришининг олдини олади.

Нотариал палата ташкил этилади ва унга барча нотариуслар аъзо бўлади.

Иккинчидан, мол-мулклар билан боғлиқ битимларни тасдиқлашда ҳам бир қатор талаблар бекор қилинади.

Хусусан, келаётган йилнинг 1 январидан эътиборан қурилиши тугалланмаган уй-жойларни сотишда ҳокимликларнинг рухсати, васийликдаги шахс номидан турар жойни ижарага (арендага) беришда васийлик ва ҳомийлик органининг розилиги талаб этилмайди.

Учинчидан, бир қатор нотариал ҳаракатларни мажбурий нотариал тасдиқлаш талаби бекор қилинмоқда.

Хусусан, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб яқин қариндошлар ўртасида нотариал тасдиқланган автоишончнома бекор қилинади.

 

2020 йил 1 январдан бошлаб корхонани ижарага, текин фойдаланишга бериш, бирламчи бозорда мол-мулкни лизингга бериш ва гаров (ипотека) шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш тартиби бекор қилинади.

Фармонга кўра (https://t.me/huquqiyaxborot/5510), 2020 йил 1 январдан қуйидаги янги нотариал ҳаракатлар жорий этилади:

👉 фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда судгача бўлган жараёнда далилларни таъминлаш;

👉 мулкий ва мерос масалаларида медиатор вазифаларини бажариш;

👉 муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объектининг тақдим этилган вақтини тасдиқлаш.

✅ 2020 йил 1 январидан қуйидаги қулайликлар яратилади:

👉 кўчмас мулклар бўйича битимларни нотариал тасдиқлашда МИБнинг ваколатларига кирадиган коммунал хизматлар бўйича қарздорликлар ҳақида маълумотлар фақат Бюронинг ахборот тизими орқали онлайн режимда текширилади;

👉 агар тарафлар турли ҳудудларда бўлса, ўша ҳудуддаги нотариал идорада туриб видеоконференцалоқа орқали битимларни нотариал тасдиқлаши мумкин;

👉 очиқ ахборот тизимидаги айрим ҳужжатларнинг электрон шакли мулкни бегоналаштириш билан боғлиқ бўлмаган ҳаракатларни амалга оширишда ҳужжатнинг қоғоз шакли билан тенг ҳуқуқий кучга эга бўлади;

👉 республика ҳудудида нотариал тасдиқланган аризалар, ижара шартномалари ва ишончномалар нотариусга тақдим этилмасдан туриб, уларни ноёб рақам орқали текшириш мумкин бўлади;

👉 нотариусга мурожаат этишда электрон навбат олиш ва ҳужжатларни олдиндан тайёрлаб қўйиш хизмати жорий этилади;

👉 нотариал архивда мавжуд бўлган ҳужжатлар нусхасини Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш имкони яратилади.

Меҳнат шароитлари ноқулай бўлган ҳудудлар рўйхати белгиланди

Ўтган ҳафтада, Ҳукумат қарори (743-сон, 06.09.2019 й.) билан Табиий-иқлим ва маиший шароитлари оғир ва ноқулай бўлган жойларда ишловчи ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашга туман коэффициентларини, шунингдек, уларга ҳар йили бериладиган қўшимча таътилнинг энг кам муддатини белгилаш ва қўллаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Йиллик устама ва йиллик қўшимча таътиллар табиий-иқлим шароитлари оғир ва ноқулай бўлган жойлар рўйхатига киритилган жойларда ишларни бажарувчи барча ходимларга қўлланилади ва берилади.

Бунда устама миқдори ушбу жой учун белгиланган тегишли коэффициентни иш ҳақи суммасига кўпайтириш орқали белгиланади.

Устамалар ходим ушбу жойда яшаши ёки яшамаслигидан қатъи назар иш жойи бўйича тўланади.

Рўйхатда кўрсатилган ҳудудларга бир ойдан ортиқ муддатга хизмат сафарига юборилган ходимларга ҳам мазкур ҳудудда бўлган вақти учун ушбу жой учун назарда тутилган миқдорда устама тўланади.

Бунда устама меҳнатга доир қонун ҳужжатларида назарда тутилган сафарларда харажатларни қоплаш учун тўловдан қатъи назар тўланади.

Ўтган ҳафтада, "Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” Қонун Президент томонидан имзоланди (ЎРҚ-566-сон, 10.09.2019 й.).

Қонун билан 10 дан ортиқ қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Судлар тўғрисидаги Қонунга киритилган ўзгаритишларга кўра, эндиликда судьялик учун 35 ёш бўлиш талаб этилади (илгари 30 ёш эди).

Шунингдек, судьялик лавозимига биринчи марта тайинланадиган захирадаги номзодлар Судьялар олий мактабида ўртача ойлик иш ҳақи сақланмаган ҳолда ўқиши белгиланди (илгари, ўртача ойлик иш ҳақи сақланган).

Қонун билан Халқ маслаҳатчиларининг ҳам ёши 35 ёш этиб белгиланди (илгари 30 ёш эди).

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўтган ҳафтада, Аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисидаги Ҳукумат қарори (754-сон, 09.09.2019 й.) қабул қилинди.

Қарор билан Аҳолининг барча қатламларини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Ушбу соҳадаги вазифалардан бири аҳолини фавқулодда вазиятларда муҳофазаланиш, жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш, ҳимоя воситаларидан фойдаланишга ўргатишдан иборат.

Эндиликда ҳар ҳафтанинг чоршанба кунлари аҳолининг фавқулодда вазиятларнинголдини олиш ёки ёнғинлар профилактикаси бўйича тайёрлаш табдирлари ўтказилади.

Шунингдек, юртимизга ташриф буюраётган туристларга фавқулодда вазиятда тўғри ҳаракат қилиш бўйича суҳбат ўтказилади, уларга йўриқнома, буклет ва эслатмалар тарқатилади.

 

Навбаҳор туман

адлия бўлими.


Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.