“Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонунннинг моҳияти ва аҳамияти

Жорий йилнинг 25 июнида "Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди. 103 моддадан иборат.

Сайлов кодекси Президент, Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш тартибини белгилайди.

Илгари мазкур сайловларни ўтказиш тартиби алоҳида-алоҳида норматив ҳуқуқий-ҳужжатлар билан тартибга солинган эди.

Маҳаллий Кенгашларга сайлов ўтказиш учун қуйидаги сайлов округлари тузилади:

халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш учун — олтмиштадан кўп бўлмаган сайлов округи;

халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказиш учун — ўттизтадан кўп бўлмаган сайлов округи. Ҳар бир сайлов округидан битта депутат сайланади.

Сайлов участкалари сайловга камида олтмиш кун қолганида, қоида тариқасида, сайловчилар сони камида йигирма нафардан ва кўпи билан уч минг нафардан ошмаган ҳолда тузилади. Ҳарбий қисмларда, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, шунингдек олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида сайлов участкалари ана шу муддатда, айрим ҳолларда эса сайловга камида етти кун қолганида тузилади.

Сайлов комиссиялари тизимига қуйидагилар киради:

Марказий сайлов комиссияси;

вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари;

округ сайлов комиссиялари;

участка сайлов комиссиялари.

19-модда. Вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссияларини тузиш

Маҳаллий Кенгашларга сайловни ташкил этиш ва ўтказиш учун:

халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича вилоят сайлов комиссияси;

халқ депутатлари туман Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича туман сайлов комиссияси;

халқ депутатлари шаҳар Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича шаҳар сайлов комиссияси тузилади.

Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари тегишли маҳаллий Кенгашлар томонидан сайловга камида саксон кун қолганида етти — ўн беш нафар комиссия аъзосидан иборат таркибда тузилади ҳамда ўз ваколатларини кейинги сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилингунига қадар амалга оширади.

Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияларининг раислари ушбу комиссия аъзолари орасидан сайлов комиссияси мажлисида тегишли маҳаллий Кенгашнинг тақдимномасига биноан сайланади.

Комиссия раисининг ўринбосари ва комиссия котиби комиссия мажлисида унинг аъзолари орасидан сайланади. Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари расмий веб-сайтларида ва матбуот нашрларида ўз таркиби, манзили ва комиссиянинг телефон рақамлари тўғрисидаги маълумотларни эълон қилади.

Сайлов округларини тузишда сайлов округларидаги сайловчилар сонининг йўл қўйиладиган энг кўп четга чиқиши, қоида тариқасида, ўн фоиздан ошмаслиги керак.

35-модда.Оммавий ахборот воситаларининг вакиллари

Оммавий ахборот воситаларининг вакиллари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларни ёритиш, сайлов куни овоз бериш биноларида ҳозир бўлиш, шу жумладан овозларни санаб чиқиш чоғида ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга.

Оммавий ахборот воситалари вакилларининг ваколатлари Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан берилган ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.

Бошқа давлатларнинг оммавий ахборот воситалари вакилларини Марказий сайлов комиссияси аккредитациядан ўтказади.

Сайловларда ҳар бир фуқаро бир овозга эга.

Сайловда ЭРКИН ВА ЯШИРИН ОВОЗ БЕРИЛАДИ. Сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини назорат қилишга йўл қўйилмайди.

Сайловга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш ОЧИҚ ВА ОШКОРА амалга оширилади.

Сайлов кодекси билан сайлов округлари ва участкаларини тузиш, сайлов комиссиялари фаолиятини ташкил этиш тартиби белгиланди.

Унга мувофиқ, Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказиш учун 150 ТА ҲУДУДИЙ САЙЛОВ ОКРУГИ тузилади.

Илгари 135 та округ тузилган ва 15 нафар депутат Ўзбекистонэкологикҳаракатидан сайланган. Эндиликда Ўзбекистон экологик партияси ташкил этилганлиги боис, мазкур партия депутатликка ўз номзодларини умумий сайловларга қўйган ҳолдаҚонунчилик палатасидан ўрин эгаллаши мумкин.

40-модда. Номзодларни рўйхатга олиш тартиби

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ва Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинади, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодларни рўйхатга олишни эса тегишли вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссияси амалга оширади.

Номзод этиб рўйхатга олинган шахсга рўйхатга олинганлик гувоҳномаси берилади.

Номзодларни рўйхатга олиш сайловга ўттиз беш кун қолганида тугалланади.

Номзодлар рўйхатга олинганидан кейин беш кунлик муддатда тегишли сайлов комиссияси рўйхатга олинганлик тўғрисидаги хабарни номзоднинг фамилиясини, исмини, отасининг исмини, туғилган йилини, партияга мансублигини, эгаллаб турган лавозимини (машғулотининг турини), иш ва яшаш жойини, шунингдек уни номзод этиб кўрсатган сиёсий партияни кўрсатган ҳолда эълон қилади.

42-модда. Номзодлик мақомидан маҳрум этиш. Номзоднинг номзодликдан воз кечиши

Сиёсий партия у ёки бу шахсни номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги ўз қарорини сайловга кечи билан ўн беш кун қолганида бекор қилиш ҳуқуқига эга, бу шахс тегишли сайлов комиссияси томонидан номзодлик мақомидан маҳрум этилиши мумкин. Сиёсий партия номзодлар кўрсатиш муддати тугагунига қадар тегишли сайлов комиссиясига янги номзодни рўйхатга олиш тўғрисида таклиф киритиши мумкин.

Эндиликда САЙЛОВЧИЛАРНИНГ ЯГОНА ЭЛЕКТРОН РЎЙХАТИ шакллантирилади.

Унга кўра сайловчилар Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида сайловчиларнинг рўйхати тўғрисидаги ўзи учун керакли маълумотларни олиш имкониятига эга бўлади.

Сайловчиларнинг рўйхатлари сайловга 15 кун қолганида, чет давлатлардаги ваколатхоналарда, санаторийлар ва дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ерларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларида эса сайловга 7 кун қолганида ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим қилинади.

Кодекс билан кузатувчиларнинг, сиёсий партиялар ваколатли вакилларининг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланди.

Жумладан, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари сайлов жараёнини ёритиш, овоз бериш биноларида, шу жумладан овозларни санаб чиқиш чоғида ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга.

Президент сайлови, Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўйича САЙЛОВ КАМПАНИЯСИ бошланганлиги уларнинг ваколатлари тугашидан камида 3 ОЙ ОЛДИН ЭЪЛОН ҚИЛИНАДИ.

Кодексда участка сайлов комиссиялари жойлашган биноларнинг жиҳозланишига оид талаблар ўз аксини топди.

Хусусан, сайлов комиссиялари жойлашган биноларда сайлов участкасининг харитаси, зарур мебель, офис техника воситалари (телефон, принтер, Интернетга уланган ва Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимиша кириш имкониятига эга комьпютерлар, сейф, канцелярия товарлари) бўлиши керак.

САЙЛОВЛАР СОАТ 8.00 ДАН 20.00 ГАЧА ЎТКАЗИЛАДИ. Илгари соат 6 дан соат 20 гачаўтказилган.

51-модда. Овоз бериш вақти ва жойи

Овоз бериш сайлов куни соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади. Овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида участка сайлов комиссияси сайловчиларни сайловдан камида ўн кун олдин хабардор қилади.

Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда, дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудлардаги фуқаролар турган жойларда, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум этиш жойларида тузилган сайлов участкаларида участка сайлов комиссияси, агар рўйхатга киритилган барча фуқаролар овоз бериб бўлган бўлса, овоз бериш тугаганлигини исталган вақтда эълон қилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган сайлов участкаларида сайлов қутиларини соат 20.00 дан олдин очиш ва овозларни санаб чиқишга йўл қўйилмайди.

Сайловчиовозберишбиносигакелгач участка сайлов комиссиясининг аъзосига ўзшахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда сайловчилар рўйхатига имзо қўяди. Шундан кейин унга сайлов бюллетени берилади.

Сайлов бюллетени яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасида тўлдирилади. Сайлов бюллетенини тўлдириш вақтида овоз берувчидан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади.

Сайловда сайловчи ўзи ёқлаб овоз бераётган номзоднинг фамилияси рўпарасида, ўнг томонда жойлашган бўш квадратга"+” ёки"√” ёхуд "х” белгисини қўяди.

Қонунчилик палатаси депутатларининг ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг такрорий сайлови қуйидаги ҳолларда ўтказилади:

агар сайлов округи бўйича сайлов ўтмаган ёхуд ҳақиқий эмас деб топилган бўлса;

агар такрорий овоз бериш сайланган депутатни аниқлаш имконини бермаган бўлса;

агар сайлов округи бўйича кўпи билан икки номзод қўйилган бўлса ва улардан ҳеч бири сайланмаган бўлса.

60-модда. Такрорий сайловни ўтказиш асослари ва тартиби

Қонунчилик палатаси депутатларининг ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг такрорий сайлови тегишли сайлов комиссиясининг топшириғига биноан округ сайлов комиссияси томонидан ўтказилади. Бунда округ ва участка сайлов комиссиялари фаолиятида сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши аниқланган тақдирда, тегишли сайлов комиссияси такрорий сайлов янги таркибдаги округ ва участка сайлов комиссиялари томонидан ўтказилиши зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Овоз бериш асосий сайловни ўтказиш учун тузилган ўша сайлов участкаларида ва сайловчиларнинг ўша рўйхатлари бўйича ўтказилади.

Қонунчилик палатаси депутатларининг ва маҳаллий Кенгашлар депутатларининг такрорий сайлови асосий сайловдан кейин кечи билан бир ойлик муддат ичида ўтказилади. Сайлов комиссияларини тузиш, номзодларни рўйхатга олиш ва бошқа тадбирлар ушбу Кодексда белгиланган тартибда амалга оширилади.

ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Президент 5 йил муддатга сайланади ва бир шахс сурункасига 2 муддатдан ортиқ Президент бўлиши мумкин эмас.

35 ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётганф фуқаро Президент этиб сайланиши мумкин.

Президент сайловида иштирок этиш учун сиёсий партия сайловга камида 75 кун қолганида Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатларни тақдим этади.

Президентликка номзодлар кўрсатиш сайловга 65 кун қолганида бошланади 45 кун қолганида тугайди.

Президент сайлов натижалари эълон қилинган кундан кечи билан 2 ойда Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида қасамёд қилган пайтдан эътиборан ўз лавозимига киришади.

ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ ДЕПУТАТЛАРИ САЙЛОВИНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Қонунчилик палатаси 5 йилга сайланадиган 150 депутатдан иборат.

Депутатлар ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида сайланади.

Депутатликка номзодлар сиёсий партиялар томонидан кўрсатилади.

Номзодлар сайлов куни йигирма беш ёшга тўлган ҳамда камида 5 йил Ўзбекистон ҳудудида яшаётган бўлиши лозим.

Депутат этиб сайланган шахслар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган пайтдан эътиборан Қонунчилик палатаси депутати мақомига эга бўлади.

СЕНАТНИ ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ

Олий Мажлис Сенати ҳудудий вакиллик палатаси бўлиб, Сенат аъзоларидан таркиб топади.

Сенат аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда – олти кишидан сайланади.

Сенатга сайлов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимият вакиллик органлари депутатларининг қўшма мажлисларида мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади.

Сенатнингўнолтинафараъзосиэнгобрўлифуқароларорасидан Президент томонидантайинланади.

Сенатнингваколатмуддати – беш йил.

15-боб. Маҳаллий Кенгашларга сайловнинг ўзига хос хусусиятлари

88-модда. Маҳаллий Кенгашларга сайлов

Маҳаллий Кенгашларга сайлов ҳудудий бир мандатли сайлов округлари бўйича кўппартиявийлик асосида беш йил муддатга ўтказилади.

89-модда. Сайловда иштирок этиш учун сиёсий партиялар томонидан тақдим этиладиган ҳужжатлар

Депутатликка номзодлар кўрсатиш учун сиёсий партия сайловга камида етмиш кун қолганида тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши керак:

сайловда иштирок этиш тўғрисида сиёсий партиянинг тегишли вилоят, туман, шаҳар органи раҳбари томонидан имзоланган ариза;

сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида тўрт ой олдин рўйхатга олинганлиги ҳақидаги маълумотнома.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлар тақдим этилгач, тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси сиёсий партиянинг ваколатли вакилига ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана ва вақт қайд этилган маълумотнома беради. Сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида беш кунлик муддатда партиянинг сайловда иштирок этишига ижозат бериш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилади. Сайловда иштирок этувчи партиялар рўйхати аризаларнинг келиб тушиш навбати тартибига қараб матбуотда эълон қилинади.

90-модда. Маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодларга қўйиладиган талаблар

Сайлов куни йигирма бир ёшга тўлган ҳамда камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган фуқаролар маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайланиш ҳуқуқига эга.

Қуйидагилар:

содир этган оғир ёки ўта оғир жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд судланганлиги олиб ташланмаган фуқаролар;

сайлов кунига қадар сўнгги беш йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшамаган фуқаролар;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчилари, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг, Миллий гвардиясининг, Ички ишлар вазирлигининг, Давлат божхона қўмитасининг, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмаларнинг ходимлари;

диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод этиб рўйхатга олинмайди.

Судьялар, прокуратура органларининг ва ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахслари (бундан вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари мустасно) депутат этиб сайланган тақдирда, эгаллаб турган лавозимидан бўшаш тўғрисида ариза бериш шарти билан маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод этиб рўйхатга олинади.

91-модда. Маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатиш тартиби

Маҳаллий Кенгашларнинг депутатлигига номзодлар кўрсатиш сайловга олтмиш беш кун қолганида бошланади ва сайловга қирқ беш кун қолганида тугалланади.

Маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатиш сиёсий партияларнинг тегишли органлари томонидан амалга оширилади.

Сиёсий партиялар тегишли ҳудудда жойлашган ҳар бир сайлов округидан маҳаллий Кенгашлар депутатлигига биттадан номзод кўрсатишга ваколатлидир.

Бир шахс тегишли маҳаллий Кенгашга сайлов ўтказиш бўйича фақат битта сайлов округидан депутатликка номзод этиб кўрсатилиши мумкин. Депутатликка номзодлар танлаш тартиби сиёсий партиялар томонидан белгиланади.

Аёлларнинг сони сиёсий партиядан кўрсатилган маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини ташкил этиши керак.

Сиёсий партиялар фақат ўз партияси аъзоларини ёки партиясизларни депутатликка номзод этиб кўрсатади. Депутатликка номзодлар кўрсатилганлиги тўғрисида баённома тузилади.

92-модда. Маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодларни рўйхатга олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар

Сиёсий партия тегишли органининг раҳбари маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодларни рўйхатга олишни илтимос қилиб, тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат этади. Аризага қуйидагилар илова қилинади:

сиёсий партия тегишли органининг депутатликка номзодлар кўрсатиш тўғрисидаги қарори;

сиёсий партия тегишли органи мажлисининг маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатиш тўғрисидаги баённомаси, унда депутатликка номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, касби, лавозими (машғулотининг тури), иш ва яшаш жойи, партияга мансублиги, шунингдек сайлов округининг номи ва рақами кўрсатилади;

маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзоднинг ўз номзоди тегишли сайлов округидан овозга қўйилишига рози эканлиги тўғрисидаги аризаси;

ушбу Кодекс 90-моддасининг учинчи қисмида кўрсатиб ўтилган шахсларнинг, башарти улар маҳаллий Кенгашлар депутатлари этиб сайлангудек бўлса, эгаллаб турган лавозимидан бўшаш тўғрисидаги аризаси.

Ҳужжатларни тақдим этган шахсга тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана ва вақт кўрсатилган маълумотнома беради.

Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси сиёсий партиялардан депутатликка номзодларни рўйхатга олиш учун ҳужжатларни қабул қилишни рўйхатга олиш муддати тугалланишига етти кун қолганида якунлайди.

Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни беш кунлик муддат ичида текшириб чиқади ва уларнинг ушбу Кодекс талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради.

Вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси рўйхатга олиш учун тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган номувофиқликлар ва ушбу Кодекс талабларидан четга чиқиш ҳоллари тўғрисида тегишли сиёсий партиялар раҳбарларига маълум қилади. Сиёсий партия ҳужжатларда аниқланган номувофиқлар ва хатоларни икки кунлик муддатда тузатишга ҳамда уларни тегишли сайлов комиссиясига тақдим этишга ҳақли.

93-модда. Бўшаб қолган ўринларга маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловини ўтказиш

Депутатлик ваколатлари муддатидан олдин тугатилган ҳолларда тегишли сайлов округларида янги сайлов ўтказилади.

Сайлов тегишли маҳаллий Кенгаш томонидан сайлов ўтказилишига камида бир ой қолганида тайинланади ва ушбу Кодекснинг талабларига риоя этилган ҳолда ташкил этилади. Бунда округ сайлов комиссияси сайловга йигирма беш кун қолганида, участка сайлов комиссиялари эса ўн беш кун қолганида тузилади.

Тегишли маҳаллий Кенгашнинг ваколат муддати тугашига олти ойдан кам вақт қолганида депутатнинг ўрни бўшаб қолган тақдирда, бўшаб қолган ўринга янги депутат сайлови ўтказилмаслиги мумкин.

САЙЛОВ НАТИЖАЛАРИНИ ЭЪЛОН ҚИЛИШ

Президент сайлови, Олий Мажлисга сайлов якунларига кўра Марказий сайлов комиссиясининг қарори сайловдан кейин 10 кундан кечиктирмай қабул қилинади ва Марказий сайлов комиссиясининг рамий веб-сайтида ва бошқа манбаларда эълон қилинади.

Маҳаллий Кенгашга ўтказилган сайлов якунлари тўғрисидаги қарор тегишли сайлов комиссияси томонидан сайловдан кейин 10 кундан кечиктирмай қабул қилинади ва матбуотда эълон қилинади. Шунингдек оммавий ахборот воситаларида ҳаммага маълум қилинади.

 

Навбаҳор туман адлия бўлими

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.