Хотин-қизларга йўллаган байрам табриг

Мунис ва муҳтарама онахонлар!

Қадрли опа-сингиллар!

 

Шу кунларда барчамиз она диёримизга гўзал ва бетакрор кўклам элчиси сифатида кириб келаётган 8-март — Хотин-қизлар байрамини кўтаринки кайфият, шоду хуррамлик билан кенг нишонламоқдамиз.

Шу фурсатдан фойдаланиб, барча онажонларимизни, азиз опа-сингилларимизни, дилбар қизларимизни ушбу қутлуғ айём билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

8-март – Хотин-қизлар байрамининг айнан баҳор фаслида нишонланиши замирида ўзига хос маъно ва ҳикмат мужассам. Негаки, табиатнинг уйғониши, яратувчанлик ва гўзаллик ўзгача тароват, мафтункорлик кашф этиши ушбу байрам билан бошланади, албатта. Шу маънода, баҳор ва аёл сўзлари бир-бирига ҳамоҳанг ва уйғундир.

Ҳеч кимга сир эмас, аёл зоти, унинг қандай тенгсиз латофат ва нафосат соҳибаси, эзгулик ва фидойилик рамзи, хонадонларимизнинг файзу фариштаси экани ҳақида тарихимизда улуғ мутафаккирлар, шоир ва алломалар қанча-қанча дил сўзларини баён этганлар. Бу ҳақда гапирганда, аввало, буюк Алишер Навоий бобомизнинг"Жаннат оналарнинг оёғи остидадир”деган ҳикматли сўзларини яна бир бор эслаймиз ва меҳрибон, муқаддас Она сиймоси олдида барчамиз бош эгиб таъзим қиламиз.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Аёлни эъзозлаш, аёлга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олижаноб қадрият ҳисобланади. Биз, барчамиз қандай касб, қандай лавозимда ишламайлик, қалбимиз, юрагимиздаги жамики эзгу фазилатлар учун сиз, меҳрибон аёллардан умрбод қарздормиз.Айниқса, сиз, азизларнинг соғлом зурриёд, баркамол авлодни тарбиялаб вояга етказишдаги ўрнингиз ва хизматингизни ҳеч нарса билан қиёслаб, баҳолаб бўлмайди.Сизларнинг меҳр-муҳаббатингиз, вафо ва садоқатингиз, фидойилигингиз сабабли ҳаётимиз чароғон. Сизлар туфайли оилаларимизда тинчлик-осойишталик, қут-барака ҳукм сураётгани учун барчангизга ҳар қанча тасанно айтсак, арзийди, албатта”, деган сўзлари сиз азиз аёлларимизга бўлган чексиз ҳурмат ва эътиборнинг намунасидир, албатта.

Дарҳақиқат, биз ҳаётимиз мазмуни бўлган севги ва садоқат, меҳр-муҳаббат, назокат ва латофат каби энг нозик туйғуларни аёлларсиз асло тасаввур этаолмаймиз.

Шу маънода, асрлар мобайнида Ер юзида ҳаёт давомийлигини таъминлаб келаётган, бутун ҳаётини фарзандига бахшида этадиган азиз ва муҳтарам Она сиймоси, аёл зоти олдида бош эгиб таъзим қилиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир, десак тўғри бўлади.

Мамлакатимизда Истиқлолга эришган дастлабки йиллардан бошлаб хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузи, ҳурмат ва эътиборини ошириш, ижтимоий ҳимоялаш, моддий ва маънавий рағбатлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Бугун қўлга киритилаётган барча ютуқ ва марралар, улкан бунёдкорлик ва ислоҳотлар замирида турли соҳаларида меҳнат қилаётган хотин-қизларимизнинг ҳам алоҳида ўрни бор, албатта.

Туманимизда таълим-тарбия соҳасида фаолият кўрсатаётган жами икки ярим мингдан ортиқ зиёли ишчи-ходимларнинг 75 фоизи,яни бир минг тўққиз юз нафарини, тиббиёт соҳасида бир ярим минг нафароқ халат сохибларининг 80 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётгани эътирофга лойиқ. Бу кўрсаткич халқ хўжалигининг бошқа соҳаларида ҳам минг-минглаб опа-сингилларимизни туманимиз равнақига ўзларининг муносиб хисса қўшиб келаётганлигини алохида таъкидалаш жоиз.

Ҳудудимизда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларининг яратилишида алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Биргина ўтган 2018 йилда аёлларимиз учун бир млярд ортиқ имтиёзли кредитлар ажратилиб, хотин-қизлар учунбир ярим мингдан ошиқ янги иш ўринлари яратилди.Бу кўрсатгични жорий йилда хам янада ошириш ниятидамиз.Буларнинг барчаси хотин-қизларнинг оилада ўз ўрнига эга бўлиши ва уларнинг моддий, маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланаётганлигидан далолатдир.

Юртимизда хотин-қизларнинг тўла маънода қўллаб-қувватлаб келинаётганлиги, улар фаолияти учун кенг имкониятлар яратилганлиги боис бугунги кунда аёлларимиз хоҳ ишлаб чиқариш, хоҳ фан ва таълим, хоҳ спорт ёки маданият соҳаси бўлсин ўзларининг нималарга қодирлигини, истеъдод ва иқтидорини намоён этиб келмоқда.

Энг муҳими, хонадонимиз чироғи, кўнглимиз фариштаси, оилалар таянчи бўлган мунис аёлларимизни асраб-авайлаш, уларга ширин сўз ва беғубор тилаклар билан меҳрибонлик кўрсатиш барчамизнинг муқаддас бурчимизга айланиши зарур. Чунки инсон қалбидан ўзининг энг юксак инсоний фазилатлари билан чуқур жой олган мўътабар ва нафосат тимсоли бўлган аёлларимиз ҳамиша шундай шон-шарафга лойиқдирлар.

Аёл муқаддас зот. Она табаррук сиймо. Жажжи қизалоқларимиз, ўсмир ёшидаги илмга чанқоқ қизларимиз нурли келажагимиз, бахтимиз бунёдкорларидир. Шунинг учун уларни ҳар қанча эъзозласак, улуғласак ҳам камлик қилади.

Муҳтарама онахонлар, қадрли опа-сингиллар!

Сизларни яна бир бор қутлуғ байрамингиз билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Доимо, юзингиздан табассум, қалбингиздан шоду-хуррамлик аримасин!

Байрамингиз муборак бўлсин!

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.