ТАДБИРКОРЛИККА ОИД ҚОНУНЧИЛИК

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 9 июлида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан "Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун имзоланди.

Қонунда Савдо-саноат палатасининг қуйидаги аниқ ва энг муҳим вазифалари белгилаб берилган. Яъни тадбиркорлик субъектлари, айниқса, уларнинг ўз фаолиятини йўлга қўйиш даврида қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли муҳофаза қилиш кафолатларини кучайтириш, соҳанинг жадал ривожланишига ҳар томонлама кўмак бериш, хусусий мулк ва тадбиркорликнинг устуворлик роли ва дахлсизлигини таъминлаш, мамлакатимиз туман ва шаҳарларида аҳолини тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш муҳим вазифалардан бири саналади.

Шунингдек, тадбиркорликка оид қонунчиликни такомиллаштириш, тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалиётга жорий этилиши устидан жамоат экспертизасини ташкил этиш ва жамоат назоратини кучайтиришга кенг жалб қилиш масалалари ҳам шулар жумласига киради.

Тадбиркорлик субъектларига бизнесни ташкил этиш, юритиш ва янада ривожлантиришда амалий ёрдам кўрсатиш, давлат органлари ва бозор инфратузилмаси субъектлари хизматларидан фойдаланиш имкониятлари ва шароитларини тақдим этиш, маслаҳат ёрдами ва ахборот таъминотини тақдим этишга кўмаклашиш масаласи ҳам Қонуннинг мазмун-моҳиятини ташкил этади.

Янгидан фаолият бошлаётган тадбиркорларни жойлаштириш учун бизнес-инкубаторлар яратиш ва фаолиятини ташкил этиш ҳамда уларга бизнес-режаларни тайёрлаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ зарур ахборотларни олиш ва амалий масалаларни ҳал этишда эксперт, ҳуқуқий ва маслаҳат ёрдами кўрсатиш зарур. Қайд этилганидек, давлат ҳокимиятининг барча тармоқлари-қонунчилик, суд ва ижро ҳокимиятлари, шунингдек, банк-молия ташкилотлари ва бозор инфратузилмасининг бошқа субъектлари билан ўзаро ҳамкорлик самарадорлигига хизмат қиладиган тизимнинг янги шаклларини жорий этиш бугунги кунда давр тақозасига айланган.

Мамлакатимиздаги тадбиркорлик субъектларининг халқаро ишбилармонлик ҳам-жамиятига интеграциялашуви, маҳаллий корхоналар маҳсулотларининг ташқи бозорга чиқарилишини таъминлаш, миллий брендларни хорижда фаол илгари суриш, маҳаллий ва хорижий инвестицияларни, шунингдек, замонавий технологияларни жалб этиш масаласининг ҳам назарда тутилгани тадбиркорлар фаолиятида қулай ишбилармонлик муҳитини яратади.

Назорат органлари томонидан режалаштирилган текширувлар ҳақида аввалдан Савдо-саноат палатасига хабар берилиши, шунингдек, давлат органлари, жумладан, назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳузурида ташкил этиладиган жамоат маслаҳат кенгашлари таркибига Савдо-саноат палатаси вакилларининг киритилиши тартиби жорий этилди.

Хусусан, Қонунда Тадбиркорликка кўмаклашиш марказларининг ташкил этилиши кўзда тутилган бўлиб, улар давлат органлари ва бозор инфратузилмаси субъектларининг хизматлари, бизнес-хизматлардан бир жойда фойдаланиш учун зарур шароитлар яратиш ва имкониятларни тақдим этиш орқали тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Нурали ИСРОИЛОВ,

                                                                                                                                              туман Адлия бўлими бошлиғи

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.