“М Е Ҳ Н А Т Я Р М А Р К А С И” бўлиб ўтди

“М Е Ҳ Н А Т   Я Р М А Р К А С И” бўлиб ўтдиАҳолини иш билан таъминлаш ҳозирги даврнинг долзарб муаммоларидан биридир. Негаки нафақат фуқароларимиз, балки ёшларимиз бандлигини таъминлаш эртанги кунимиз ёруғ пойдеворига қўйилган муҳим қадам ҳисобланади. Табиийки, ушбу муаммо бартараф этилсагина жиноятчилик, хорижга иш излаб кетиш ҳолатлари кескин камайишига эришилади.

Хусусан, ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган "Меҳнат ярмаркаси” бу борада фуқароларнинг мушкулини осон қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Куни кеча Навбаҳор Енгил саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида туман ҳокимлиги, туман прокуратураси ҳамда туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамкорлигида ташкил этилган "Меҳнат ярмаркаси”да 230 нафар фуқаролар иштирок этди. Мазкур тадбирда 80 дан ортиқ мутасадди корхона ва ташкилотлар бўш иш ўринлари билан қатнашди. Ярмаркада иш топишда қийналаётган 116 нафар фуқаролар иш билан таъминланганлиги тўғрисидаги йўлланмаларга эга бўлишди. Шунингдек, 20 нафардан ортиқ ёш чевар қизларимизга банк кредити асосида тикув машиналари топширилди.

-Мен жорий йилда Навоий Давлат педаго-гика институтининг "Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси” факультетини тамомлаб, тумандаги 23-умумий ўрта таълим мактабига тасвирий санъат ва чизмачилик фанлари ўқитувчиси вазифасига ишга қабул қилиндим,-дейди биз билан суҳбатда "Пахтакор” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро Бобур Жўраев. -Менинг олдимга қўйган мақсадларимдан бири устозлик мақомига эришиб, болажонларга сабоқ бериш эди. Орзуларим ушалганидан жуда ҳам мамнунман.

Шунингдек, ярмарка доирасида тумандаги тадбиркорлар ўзларининг етиштирган озиқ-овқат ва полиз маҳсулотлари кўргазмаси билан иштирок этишди.

 

Миршоҳид ҲАКИМОВ,

                                                                                                                                                 туман прокурори ўринбосари

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.