АЗИЗ ВА ЯГОНАМСАН, ЖОНАЖОН ЎЗБЕКИСТОНИМ!

АЗИЗ ВА ЯГОНАМСАН, ЖОНАЖОН ЎЗБЕКИСТОНИМ!Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 28 июнда эълон қилинган "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида, айни чоғда республикамизнинг барча ҳудудларида тайёргарлик ишлари билан бир қаторда, тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Яқинда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика маданият вазирлиги ҳамда Навоий вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани сингари Навбаҳор туманида ҳам "Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида байрам тадбирлари ташкил этилди. Навбаҳор агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежида бўлиб ўтган учрашувда "Сарбон” миллий эстрада гуруҳи бадиий раҳбари Фарҳод Саидов, таниқли шоира Ойдиннисо ҳамда бошқа тарғибот гуруҳи аъзолари аҳоли билан учрашиб, тадбир доирасида буюк мустақиллигимиз меъмори, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотираси ёдга олинди.

Сўзга чиққанлар Ислом Каримовнинг маънавий жасорати, чорак аср давомида "Ўзбек модели” асосида мамлакатимиз тарақ-қиётига қўшган муносиб ҳиссаси, кўп миллатли халқимизга озод ва обод ватан қолдириб кетганлиги хусусида тўхталиб ўтишди. Илм-фан, маданият ва санъат, спорт, қишлоқ хўжалиги, саноат, тадбиркорлик, хуллас, ўтган даврда халқ хўжалигининг барча соҳаларида асрларга татигулик оламшумул ислоҳотлар амалга оширилиб, жаҳон харитасида Ўзбекистон давлати, ўзбек миллати ўзига хос ўрни ва обрў-эътиборга эга бўлди.

Тадбирда шоира ОйдинНисо она ватанни, тинчлик ва дўстликни тараннум этувчи дилбар шеърларидан намуналар ўқиб берди. Эстрада хонандаси Фарҳод Саидовнинг Истиқлолни мадҳ этувчи дилрабо куй-қўшиқлари давра файзига файз киритди.

Туман Маданият бўлимига қарашли "Кескантерак” дам олиш масканида бўлиб ўтган тарғибот тадбири ҳам навбаҳорликларнинг қалбида унутилмас воқеага айланди. Учрашувни туман ҳокими ўринбосари К. Аллаев кириш сўзи билан очиб берди. Шундан сўнг Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист М.Тўхтаева, тарғибот гуруҳи аъзоси Н.Жабборовлар сўзга чиқиб, кейинги икки йил ичида юртимизда Ҳаракатлар стратегияси доирасида ҳар бир соҳа сингари кучли ижтимоий ҳимоя тизимида улкан ислоҳотлар амалга оширилиб, халқимизни, одамларни рози қилиш борасида давлатимиз томонидан олиб борилаётган эзгу ва хайрли ишлар хусусида алоҳида тўхталиб ўтишди. Айниқса, "Ҳар бир оила тадбиркор” ҳамда "Ёшлар-келажагимиз” Давлат дастурлари доирасида аҳоли, хусусан ёшларимизга имтиёзли кредитлар ажратиб, янги иш ўринларининг яратилиши нафақат халқимиз турмуш фаровонлигини ошишига, балки мамлакат тараққиётида ҳам муҳим ўрин тутмоқда. "Обод маҳалла” дастури доирасида бугун қишлоқларимиз қиёфаси тубдан ўзгариб бормоқда. Халқимизнинг кайфиятида шукроналик туйғулари жўш ураётир. Тадбирда ёши улуғ отахону онахонларимиз сўзга чиқиб, Истиқлол берган буюк неъматлардан розилик ҳисси билан гапириб, юртимиз тинчлигини кўз қорачиғидек асраш, фарзандларимизни комил инсонлар этиб тарбиялаш хусусида тўхталишди. Зеро, пойдевори мустаҳкам мамлакатнинг келажаги албатта нурафшон бўлади.

Беҳзод ХАЛИЛОВ,

туман Маънавият ва маърифат

                                                                                                                                                           бўлинмаси раҳбари

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.