Д О Л З А Р Б М А С А Л А Л А Р М У Ҳ О К А М А С И

Туман ҳокимлиги мажлислар залида Халқ депутатлари туман Кенгашининг қирқ олтинчи сессияси бўлиб ўтди. Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокими ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, дахлдор корхона ва ташкилотлар, муассасалар масъуллари ҳамда ОАВлари вакиллари иштирокида бўлиб ўтган сессия ишини Халқ депутатлари туман Кенгаши раиси ўринбосари Ғ. Пайзиев бошқариб борди.

Дастлаб кун тартибидаги Навбаҳор туманини комплекс ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини ошириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирларнинг бажарилишини ташкил этиш юзасидан секторлар раҳбарларининг ҳисоботи тингланди. Жумладан, туман ҳокими, 1-сектор раҳбари Л. Облақулов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги "Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3182-сонли қарорининг тумандаги ижроси, шунингдек Навбаҳор туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш тарзи ва ижтимоий муҳофазасини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ишларни ташкил этиш юзасидан 2018 йил 3-чораги учун мўлжалланган "Йўл харитаси”да белгилаб берилган вазифаларни сўзсиз бажарилиши юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Белгиланган чора-тадбирларга мувофиқ, аҳоли хонадонларига ичимлик суви, газ, электр энергия таъминотини узлуксиз равишда яхшилаш, ички йўлларни таъмирлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалалари депутатларнинг муҳокама марказида бўлди.

Шундан сўнг фермер хўжаликларига тегишли бўлган ер майдонларини камайтирилган ҳолда мақбуллаштириш, айрим фермер хўжаликларига тегишли бўлган ер майдонларини туман заҳира ерлари ҳисобига қайтариш ҳамда янги фермер хўжаликлари ташкил этиш тўғрисидаги масала муҳокама этилди.

Сессияда Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Б. Рўзимуродовнинг соғлиги туфайли ёзган аризасига асосан депутатлик ваколатини муддатидан илгари тугатиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилиб, депутатлар муҳокамаси жараёнида бир овоздан маъқулланди. Шу муносабат билан ўрни бўшаб қолган 10-"Қизилой” сайлов округида Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлигига сайлов ўтказиш санаси 2018 йил 16 сентябрь-якшанба куни этиб белгиланди.

Шунингдек, сессия ишида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимига шу кунга қадар вилоят ҳокимлиги Иқтисодиёт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келган Б. Раҳмонов номзоди депутатлар томонидан тасдиқланди. Сессия сўнггида муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Азимжон ЁРҚУЛОВ,

                                                                                                                            Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.