Х И Р М О Н Б Ў Л И Б Т Ў К И Л Д И Д О Н

Х И Р М О Н   Б Ў Л И Б   Т Ў К И Л Д И   Д О НИстиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳалар сингари қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилишга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бунинг натижасида ер ўз эгасини топди. Юртдошларимиз орасида айни чоғда мулкдорлар сафи йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Жумладан, 2009 йилда ташкил этилган "Абдуллаев Зикрилло” фермер хўжалигига Нурпўлат Абдуллаев раҳбарлик қилиб келмоқда. Ўтган йиллар давомида ушбу фермер хўжалиги пахта ва ғалла етиштиришда мўл-кўл хирмон яратиб, ватанимиз иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётгани алоҳида таҳсинга лойиқ. Жорий йилда эса 27 гектарлик майдонга ғалла уруғи қадаган қаҳрамонимиз ҳосил пишиб етилгунга қадар дала бошидан келган эмас. Деҳқоннинг этагидан нафас оладиган ер ҳам буғдойдан 89 тонналик хирмон билан миришкорларни сийлади. Бошқача қилиб айтганда, давлатга ғалла сотиш шартномавий режасини 120 фоизга ортиғи билан бажариб, халқимиз олдида юзлари ёруғ бўлишди. 33,4 гектарлик майдонда эса пахта экилган бўлиб, айни пайтда агротехник тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳозирда ушбу фермер хўжалигида 5 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланган.

Таъкидлаш жоизки, туманимизда фаолият юритаётган Нурпўлат ака сингари бободеҳқонларимиз томонидан жорий йилда 8682 гектар майдонга ғалла, 7717 гектар майдонга эса пахта уруғи қадалди. Бугунги кунда қўли қадоқ бобо-деҳқонларимиз йил-ўн икки ой тонгни шомга улаб, ҳалол меҳнатидан баракали насиба олишга астойдил бел боғлашган.

-Бу йил ғалланинг йили бўлди,- дейди биз билан суҳбатда туман Қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи Нурали Худойқулов.- Ҳозирда 4000 гектар майдондан ғалла йиғиб-териб олинган бўлса, 2900 гектар майдон сомондан тозаланди. Донни нес-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш мақсадида 23 та комбайнда механизаторларимиз кунни-кун, тунни-тун демасдан меҳнат қилиб, улкан хирмон яратишга ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшаётир. Шунингдек, 23 та ёрдамчи отрядлар ташкил этилди, бундан ташқари, 11 та сомондан тозалаш отрядига 3-4 тадан трактор ҳамда тир-камалар бириктирилиб, такрорий экинларга тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди. Жорий йилда 3730 гектар майдон такрорий экин учун ажратилган бўлиб, шундан 175 гектар майдонга сабзавот, 39 гектарига полиз экинлари, 210 гектар ерга кунгабоқар, 1507 гектар майдонга дуккакли, 15 гектарга шоли ҳамда 1784 гектар ер майдонига эса озуқа экинлари экиш кўзда тутилган. Ҳеч кимга сир эмас, бу йил пахта ниҳоллари йилнинг оғир келиши натижасида сийрак ва нимжон униб чиқди. Шу сабаб айни чоғда буғдойдан бўшаган 224 гектар ер майдонига такроран чигит уруғи қа-далди.

Уруғ сепган хирмон қилур, сепмаган армон, деган нақл бор халқимизда. Бу ҳикматнинг маъносини чуқур англаган бободеҳқонларимиз ерга уруғ тушган онданоқ "Дон билан хирмон тўлсин, элимга нон мўл бўлсин”,-дея эзгу ниятлар қилган бўлса не ажаб. Об-ҳавонинг инжиқликлари, йилимизнинг ём-ғирсиз қуруқ келишига қарамасдан фермерларимиз томонидан хирмонимиз донга тўлгани нафақат бободеҳқонларимизнинг, балки элимизнинг ҳам ризқига ризқ қўшаётгани янада қувончлидир.

 

Навбаҳор ЮСУПОВА.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.