“ХОТИРА УЛУҒ, ҚАДР МУҚАДДАС”

“ХОТИРА УЛУҒ, ҚАДР МУҚАДДАС”Болалигидан шифокор бўлишни орзу қилган Вафо Баҳромовнинг навқирон ёшлиги Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келди. Шу сабаб кўпга келган тўй, дея онаси ёпган нонни тишлаб, юрт тинчлигини, Ватан ҳимоясидек шарафли бурчини адо этиш мақсадида 1941 йил Москва томон йўл олди. Қонли уруш йилларида Вафо Баҳромов сафдошлари билан фашистларга қарши курашда Берлинни забт этишгача бўлган қақшатгич зарбаларда иштирок этди. Бу вақт оралиғида юзлаб, минглаб аскарларнинг жасади бегона юртларда қолиб кетган бўлса, саноқсиз солдатлар, ё оёғи, ё қўли, ёки кўзидан айрилиб, ногирон бўлиб жонажон ватанларига қайтишди. Бу йил шунга ҳам, яъни фашизм устидан қозонилган ғалабага 73 йил тўлди. 73 йил. Ўтган йиллар давомида туманимизда ҳам юзлаб Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари истиқомат қилган бўлса, бугунгикунга келиб эса уларнинг сони беш нафаргина қолди.

Умр-оқар дарё. Йиллар бешафқат. Шу сабаб хонадонларимиз шамчироқлари бўлган ана шу нуронийларимизни ҳар лаҳза ардоқлаб, ҳар лаҳза эҳтиром кўрсатсак, уларнинг умрларига умр қўшилиши шубҳасиз. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 16 апрелда эълон қилинган "Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ана шундай юксак эҳтиромнинг ёрқин намунасидир.

9 май-Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами муносабати билан мазкур фармон ижросинитаъминлаш мақсадида вилоят ҳокими ўринбосари Ғ.Мусулмонов, туман ҳокими Б.Бобоназаров ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати масъуллари Навбаҳор туманида истиқомат қилувчи беш нафар Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиларининг хонадонларида бўлиб Президент совғаларини топширишди.

-Мен бу йил 94 баҳорни қаршиламоқдаман,-дейди "Ғужбоғтепа” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Мустафо бобо Муртазоев. Муҳтарам Юртбошимизга минг бор раҳмат, бизларга юксак ғамхўрлик кўрсатиб 5000000 (беш) млн. сўмдан пул мукофоти, қимматбаҳо тилла соат, маиший техника воситаси ҳамда ун ва ёғ маҳсулотлари улашиб, кўнглимизни тоғдек кўтармоқда. Дунё тургунча турсинлар. Бахтимизга доимо омон бўлсинлар. Яратганнинг ўзи сийласин, паноҳида асрасин!

Байрам муносабати билан Ёшлар иттифоқининг туман бўлими Кенгаши, Ўзбекистон Халқ демократик партияси туман Кенгаши вакиллари ҳамда фаол ўқувчи ёшлар ҳам нуроний отахонларни ватанни мадҳ этувчи шеър ва қўшиқлар айтиб бериб мамнун этишди. Совға-саломлар улашиб, дуоларини олишди.

8 май куни эса эрта тонгдан "Учтут” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Хотира хиёбони кенг жамоатчилик вакиллари билан гавжум бўлди. Мотамсаро она пойига гулчамбарлар қўйиш билан бошланган тадбирнинг асосий тантаналари туман Нуронийлар масканида бўлиб ўтди. Энг аввало, ўтганлар ёди тилга олиниб, шаҳидлар хотирасига қуръон тиловат қилинди. Туман ҳокими Б.Бобоназаров тўпланганларни ушбу улуғ айём билан самимий табриклади. Бир пиёла чой устида ташкил этилган тадбирда нуронийларга эҳтиром кўрсатилди. Она Ватанни, тинчлик ва дўстликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар кеча файзига файз киритди.

Шоди АЗИМОВ,

туман "Нуроний” жамғармаси раиси.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.