МАНЗУР МЕҲНАТ ШУКУҲИ

МАНЗУР МЕҲНАТ ШУКУҲИМАНЗУР МЕҲНАТ ШУКУҲИМАНЗУР МЕҲНАТ ШУКУҲИБугун она диёримизнинг қайси бир гўшасига борманг қўли қадоқ деҳқонларимизнинг пешона тери маҳсули бўлган оқ-олтин хирмонининг бир мисқолини ҳам нес-нобуд қилмасдан териб олиш мақсадида далаларда жавлон ураётган теримчиларни кўришимиз мумкин. Одатда, ғўзани парваришлаш деҳқондан чуқур билим ва меҳнат, катта тажриба талаб этади. Йилнинг ҳар қандай фаслида заҳматкаш миришкорларимиз қадрдон далаларида иш билан машғул бўлишади. Саратоннинг жазирамасида, қаҳратоннинг чилласида ҳам деҳқон учун иш топилади.

Жорий йилимизнинг бир оз ноқулай ва мураккаб келишига қарамасдан узоқ йиллар пахтачиликда орттирилган тажриба, замонавий агротехник тадбирларни самарали қўллаш натижасида фермерларимиз галма-галдан оқ олтиндан тоғдек хирмон яратиб, ўз зиммаларига юклатилган мажбуриятни ортиғи билан адо этишаётир.

"Муҳаммад Равшан” фермер хўжалиги ҳам тумандаги илғор фермер хўжаликлардан. Айни чоғда мазкур фермер хўжалиги аъзолари давлатга пахта топшириш шартномавий режасини бажариб, ўз жамоаси билан ғалаба нашидасини тантана қилаётир.

Таъкидлаш жоизки, мавсум бошлангандан буён хўжалик далаларида "Мирзо Улуғбек” маҳалласи аҳли, уюшмаган аҳоли вакиллари, ёшлар, хотин-қизлар ҳар куни 130-140 килограммдан пахта теришиб, оқ-олтин хирмонини яратишга муносиб ҳиссаларини қўшишди.

2011 йилдан буён ушбу фермер хўжалигини бошқариб келаман. Ана шу ўтган йиллар давомида ғалла ва пахта етиштириш бўйича пешқадамлар сафидамиз,-дейди фермер хўжалиги раҳбари Азим Жўраев. Жами ер майдонимиз 52 гектар бўлиб, жорий йил ҳосили учун 25 гектар майдонга ғалла, 27 гектарига эса чигит қадаган эдик. 55 центнердан ҳосил олиб, давлатга ғалла топшириш режасини ҳам ортиғи билан уддалаган эдик. Яратганга беҳисоб шукрлар бўлсинки, кеча-ю-кундуз қилган меҳнатларимиз-нинг самараси ўлароқ пахта топшириш режасини ҳам бажардик.

Ҳа, фермер хўжалиги ўз зиммасига юклатилган вазифани ортиғи билан уддалаб, эл-юрт олдида юзи ёруғ бўлди. Бунда фермер хўжалиги раҳбари билан бир қаторда, механзатор Акбар Маҳаммадиев, сувчилар Умиджон Рўзиев, Шоҳзоджон Туропов, пудратчилар Каромат Ҳамидова, Мафтуна Саъдуллаева ҳамда Лайло Турдиеваларнинг муносиб улушлари бор.

Шуни ҳам фахр билан таъкидлаш жоизки, бу ерда туман Хотин-қизлар қўмитасининг ташаббуси билан чиқиб, пахтани ёмғирли кунларга қолдирмасдан териб олишда пахтакорларимизга кўмакдош бўлаётган ҳожи оналар Зумрад Ёқубова, Маърифат Файзиева, айни пайтда нафақада бўлган турли соҳа вакиллари Сайёра Хушматова, Озода Холова, Улжон Отақулова, Шафоат Очилова, Маҳкам Аҳмедоваларни, маҳалла фуқаролар йиғинлари маслаҳатчилари Ҳалима Айимбетова, Ноила Ҳасанова, Зиёда Пирназароваларни 80-100 килограммдан пахта териб, бошқаларга ўрнак бўлаётганликлари қувонарли ҳолдир.

Куз фасли аслида бободеҳқоннинг меҳнатига баҳо берадиган, меҳнати маҳсулини кўрадиган палладир. Бу паллада барча бирлашиб, далаларда қийғос очилган ҳосилни ёғингарчилик кунларга қолдирмасдан териб олишда ҳамжиҳатлик кўрсатса нур устига аъло нур бўларди. Зеро, бугунги ҳосил эртанги тўкин дастурхонимизнинг мустаҳкам асосидир.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.