ХАЛҚ ФИДОЙИСИ

ХАЛҚ ФИДОЙИСИ
Буюк файласуф Суқрот: “Инсон умри йиллар билан эмас, балки қилган эзгу ишлари билан ўлчанади” дейди. Дарҳақиқат шундай. Орамизда шундай инсонлар борки уларнинг халқ йўлида қилган хизматларини кўриб уларга юракдан-да тан берасан. Ана шундай ўзи учун эмас, ўзгалар учун яшаётган инсонлардан бири қалқоноталик Барно Ҳамроевдир. Фаолияти давомида қаҳрамонимиз таълимни ривожлантиришда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Натижада мактаб рейтинги туман ХТМФМТТЭБга қарашли умумтаълим мактаблари ўртасида энг юқори кўрсатгичга эришилди. Шунингдек, мактаб атрофи гулу гулзорга айлантирилди. Мактаб маҳалла ҳамкорлиги йўлга қўйилиб, ҳамжиҳатликда иш олиб бориш асосий вазифа этиб белгиланди.
Қалқонота маҳалласининг тўйу ҳашам ва маъракаларига Б.Ҳамроев доимо бош-қош бўлади...
Мана бир неча йилдирки домла нафақада. Лекин у киши “Мен нафақадаман. Энди ҳордиқ чиқариб юришим керак” деган тушунчадан йироқда. Сирасини айтганда қаҳрамонимиз етмишга етган бўлсада ҳануз меҳнат билан банд. Ҳануз ўзи учун эмас, ўзгалар учун яшашни хуш кўради. Ўзгалар бахти, унинг бахти.
-Меҳнат қилиш менинг жону дилим. Шу боис ҳам нафақада “жим” ўтиролмадим,-дейди Б.Ҳамроев биз билан бўлган суҳбатда. Ҳа, домла ҳақ гапни айтди. Чунки қачон қарамайлик у киши бир фойдали иш билан машғул эканлигини гувоҳи бўламиз.
-Ҳамро Барноев ўта виждонли, ҳалол одам. Шу учун ҳам уни нафақат маҳалламиз аҳли балки туманимиздаги кўпгина кишилар ҳам юқоридаги фикримизга тўла-тўкис қўшилади. Мен она сифатида юртимизда ана шундай фидойи иноснлар сафида яшаётганимга шукрунолар айтаман,-дейди нафақадаги ўқитувчи Бибинисо Аҳмедова. Хайрли ишнинг эрта кечи йўқ деганларидай домла 2012 йилнинг январ ойидан бошлаб Қалқонота қабристонида фаолият юритиб келмоқда.
Замонавий услубда йўлакчалар барпо этилди. 2000 туп арча, 500 дона петуния гули, 100 дона япон саффораси, 10000 туп тол, 20000 туп атиргул кўчатлари қабристон атрофига ўтқазилди. Бугун бу ердан ўтиб қолсангиз, бу ерни қабристон эмас, гуллардан барпо бўлган гўша деб ўйлайсиз. Ҳа, бу хайрли ишларнинг барчасида қаҳрамонимиз Б.Ҳамроевнинг муносиб ўрни бор деб биламиз...
Эл-юрт учун, ўзидан кечиб меҳнат қилиш-саодатдир. Саодатли умр эса домла Б.Ҳамроевнинг иш услуби. Биз ана шундай хайрли ишни виждоний бурчи деб билган инсонга ҳар томонлама ҳавас қилиб, бу йўлда асло толманг, домлажон деймиз.
Нурали ҲОШИМОВ,
“Навбаҳор тонги”нинг жамоатчи мухбири.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.