Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан туман ҳокими Л.Облақуловнинг Т А Б Р И Г И

Ассалому алайкум ҳурматли дўстлар, азиз тумандошлар!

Барчангизни, эркин ва обод келажагимизнинг мустаҳкам пойдеворини белгилаб берган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллик байрами билан табриклаб, чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Ҳар бир давлат ўз истиқлол ва тараққиёт йўлини танлар экан, халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган энг муҳим мақсад ва вазифаларини ўзининг Конституцияси - Асосий қонунида мустаҳкамлаб олади. Бинобарин, ўз халқининг хоҳиш-иродаси, дили ва тилидаги эзгу ниятларига ҳамоҳанг Конституцияга эга бўлган мамлакат ўзи белгилаган юксак марралардан ҳеч қачон оғишмасдан, доимо олдинга қараб боради.

Тарихга назар солсак, асрлар давомида шаклланган маънавий-ахлоқий қадриятлар ва инсоннинг табиий ҳуқуқлари цивилизация жараёнлари натижасида Конституция шаклига келганини кўрамиз.

Конституция башарият ҳаётида илк бор инсоннинг озод ва эркин яшаш, мулкка эга бўлиш, таълим олиш, меҳнат қилиш, сайлаш ва сайланиш каби ҳуқуқларини, сўз ҳамда эътиқод эркинликларини олий қадрият даражасига кўтарди.

Мустақиллигимизнинг илк даврида қабул қилинган Конституциямиз шахс, жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларда ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳамда уларнинг кафолатларини аниқ-равшан белгилаб берди.

Бош қомусимиз, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, юртимиз фуқаролари тенглигининг кафолатланишини эътироф этди ва замонавий демократик тараққиёт учун замин яратди.

Айнан шу сабабли Конституциямизни эҳтиром билан улуғлашимиз, ҳар томонлама ўрганишимиз, унга изчил амал қилишимиз, Асосий қонунимизда мужассам бўлган аждодларимизнинг буюк мероси ва умуминсоний қадриятларни ёшларимиз қалбига сингдиришимиз зарур.

Халқ билан доимий мулоқотда бўлиш, одамларнинг ташвиш-муаммоларини ҳал этиш, уларни рози қилиш фаолиятимизнинг асосий мезонига айланмоқда.

Ҳурматли Президентимиз Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида бошланган улкан ислоҳотларимизни самарали амалга оширишда ушбу масалаларнинг аҳамияти кун сайин тобора ортиб бораётганини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.

Конституциямиз қабул қилинган кундан бошлаб юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти, эркин бозор муносабатларига асосланган иқтисодиётни қуриш, халқимиз учун обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, халқаро майдонда ўзимизга муносиб ўрин эгаллашда Асосий Қомусимиз мустаҳкам замин бўлиб келмоқда.

Ҳурматли дўстлар!

Халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шароит яратиш – Конституциямизнинг бош мақсадидир.

Ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида аҳолининг турмуш даражаси ва реал даромадлари албатта ошиб бормоқда. Шундай бўлса-да, бу борада ҳали олдимизда кўплаб вазифалар турибди.

Мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашнинг энг самарали йўли бу – тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.

Туманимизда ҳам ишлаб чиқариш ҳажмлари сезиларли даражада ошиб, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаришнинг кўпайиши, хусусий тадбиркорликни янада ривожлантирилишига алоҳида эътиборнинг кучайтирилиши натижасида кўплаб қўшимча иш ўринларини яратилиши ҳам бунинг яққол мисолидир. Бошқа соҳаларда жумладан, халқ таълими, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт соҳаларини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида ҳам кўплаб мисоллар келтириб ўтишимиз мумкин.

Азиз дўстлар!

Сизларни яна бир бор Бош Қомусимиз, Конституция қабул қилинган куннинг 29 йиллиги билан самимий муборакбод этаман.

Барчангизга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт-саодат, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик ва файзу барака тилайман!Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан туман ҳокими Л.Облақуловнинг Т А Б Р И Г И

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.