Бунёдкорлик ишларимиз халқимиз манфаатларига хизмат қилсин

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида 30 июнь куни Қашқадарё вилоятига келди.

Бунёдкорлик ишларимиз халқимиз манфаатларига хизмат қилсинҚашқадарё вилояти иқтисодий салоҳияти, ер ости ва ер усти бойликлари, ривожланган саноат тармоқлари ва қишлоқ хўжалиги билан мамлакатимиз тараққиётида муҳим ўрин тутади. Омилкор ва ишбилармон инсонлар меҳнати туфайли барча соҳаларда улкан муваффақиятлар қўлга киритилмоқда.

Вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми изчил ўсмоқда. Мамлакатимиз умумий саноат маҳсулотининг қарийб 11 фоизи ушбу вилоятда ишлаб чиқарилмоқда. Шўртан ва Муборак газ-кимё мажмуалари, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи каби замонавий саноат корхоналарида жаҳон бозорида харидоргир маҳсулотлар тайёрланмоқда.

Йирик инвестиция лойиҳаси асосида Талимаржон иссиқлик электр станциясида йилига 900 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга иккита буғ-газ қурилмасини қуриш ишлари жадал давом этмоқда. Президентимиз Ислом Каримовнинг 2013 йил 2 августдаги "2013-2016 йилларда Қашқадарё вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган дастурга асосан умумий қиймати 2 миллиард 98 миллион долларга тенг 555 лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. Бугунги кунгача уларнинг 440 дан ортиғи ҳаётга татбиқ этилиб, саноат соҳасининг янги турларини ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш ва фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Қашқадарё вилоятида ҳам улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Иқтисодий-ижтимоий инфратузилма ривожланиб, шаҳар ва қишлоқлар қиёфаси тубдан ўзгариб бормоқда.

Кейинги йилларда вилоят маркази Қарши шаҳри ҳар томонлама ривожланиб бормоқда. Айниқса, шаҳарнинг 2700 йиллиги муносабати билан кўҳна Насаф янада гўзал ва обод масканга айланди.

Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 июлдаги "Қарши шаҳрини келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Қарши шаҳрининг ҳудуди кенгайтирилмоқда. Янги автостанция ва вокзаллар, кўпқаватли уй-жойлар, боғ ва хиёбонлар, хизмат кўрсатиш объектлари бунёд этилмоқда.

Йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш мақсадида узунлиги 56 километр бўлган ҳалқа йўли қурилмоқда. Унинг темир йўл ва дарёлар билан кесишадиган нуқталарида 6 замонавий йўл ўтказгич ва кўприклар бунёд этилмоқда. Бу шаҳар ҳавоси мусаффолигини ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Ҳалқа йўлининг Қашқадарё дарёсини кесиб ўтадиган қисмида узунлиги 108, эни 27 метрлик янги кўприк барпо этилди. Амир Темур кўприги реконструкция қилинди.

Президентимиз вилоятга сафарини ушбу кўприклар билан танишишдан бошлади.

Бир пайтлар Қашқадарё деганда одамларнинг кўз олдига чўл келарди. Қурилиш ва ободонлаштириш ишларига эътибор йўқ эди. Бажарилган қурилишлар ҳам мендан кетгунча, эгасига етгунча қабилида, ҳисобот учун қилинарди. Мустақиллик йилларида узоқни кўзлаб, изчиллик билан амалга оширган ишларимиз самарасида Қарши шаҳри обод ва фаровон бўлиб бораётир. Буни замонавий иншоотлар, мана шундай кўприклар мисолида яққол кўришимиз мумкин, деди Ислом Каримов.

Давлатимиз раҳбари кўприклар атрофини ободонлаштириш, йўл ва дарё бўйларига ҳудуднинг табиий иқлим шароитига мос манзарали дарахтлар ўтқазиш, аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун зарур бўладиган барча шароит ва қулайликларни яратиш кераклигини таъкидлади. Дарёнинг икки қирғоғини мустаҳкамлаш, соҳилбўйини ободонлаштириш, қайиқ станцияси ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берди.

Президентимиз Қарши шаҳрининг Ўзбекистон кўчасида бунёд этилган кўпқаватли уйларни бориб кўрди.

Илгари бу ерда режасиз қуриб ташланган, кўримсиз, пастқам уйлар бўларди. Улар кенг ва равон йўлга мутлақо мос келмас, шаҳарнинг замонавий қиёфасини бузиб турар эди.

Шаҳарнинг бош режасига мувофиқ, мазкур кўчада замонавий кўпқаватли уй-жойлар барпо этилди. Уларнинг юқори қаватларида кенг ва шинам хонадонлар бўлиб, биринчи қаватида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари жойлашган.

Биноларнинг биринчи қавати девори гранит, юқори қаватлари оқ мармар билан қоплангани ажиб чирой бахш этган. Бундай архитектура чанг-ғуборни сездирмай, бинонинг асл қиёфасини сақлашда муҳим аҳамият касб этади.

Бунёдкорлик ишларига бутун қалб қўрини бағишламоқ керак. Ободлик кўнгилдан бошланади, деган сўзлар халқимиз қалбидан чуқур жой олди, эзгу даъватга айланди, деди Президентимиз. Одамлар ўз уйини, кўчасини, маҳалласини обод қилишга, бахтли ҳаёт кечиришга интилиб яшамоқда. Бу уй-жойларни қуришдан мақсадимиз ҳам халқимизнинг обод ва фаровон яшашини таъминлашдир. Улардаги шароит, атрофдаги муҳит ҳам шунга мос бўлиши керак.

Қарши шаҳридаги кўчалар, майдон ва хиёбонлардаги яшил ҳудудларни кенгайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар ана шу мақсадга хизмат қилмоқда. Аҳоли, айниқса, аёллар ва болалар бу ерда сайр қилиб, ҳордиқ чиқармоқда.

Ҳар бир шаҳарнинг бош режаси устида ишлаганда, бино ва йўллар қураётганда беш-ўн йилни эмас, балки узоқ истиқболни ўйлаб иш юритиш лозим. Улар ҳар томонлама мукаммал манзара ҳосил қилсин, шу билан бирга, пишиқ ва мустаҳкам бўлсин, нафақат бугунги, балки келажак авлодларимизга ҳам хизмат қилсин, деди Ислом Каримов.

Давлатимиз раҳбари қурилиш ва ободонлаштириш ишларини изчил давом эттириш, шаҳар қиёфасини янада яхшилаш, аҳолининг дам олиши учун янада кўпроқ қулайликлар яратиш, йўл бўйларини кўкаламзорлаштириш ва фаввораларни замонавий технологиялар асосида такомиллаштириш бўйича зарур кўрсатмалар берди.

Uza.uz дан олинди.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.