Рангларга ошуфта қалблар

Ёшларни жисмонан соғлом ва маънан баркамол этиб тарбиялаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, улар орасидан иқтидорлиларни кашф этиб, истеъдодларини муносиб рағбатлантириш мақсадида, ҳар йили турли кўрик танловлар ўтказилиб келинмоқда. Анъанавий тарзда умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ўртасида 1-июнь Халқаро Болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ўтказиб кели-наётган "Ер куррасида тинчлик бўлсин” болалар расмлар кўрик танлови ҳам ана шу мақсадга қаратилган бўлиб, ўқувчилар орасидан кўплаб ёш муссавирларни кашф этиб келмоқда.

Роҳатой Ўринбоева ранглар жилосига мафтун бўлган ёшларимиздан. У туманимиздаги 25-умумтаълим мактабининг 6-синфида таҳсил олади. Роҳа-тойда ҳозирданоқ рангларни ажрата билиш, ҳис этиш қобилияти юқори дара-жада ривожланган. Буни англаган онаси Замира опа Роҳатойдаги бу қобилиятни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди.

-Қўшни болалар ўзлари севган ўйинларни ўйнашса, Роҳатой эса уззу-кун ерга ўтириб олиб, тупроққа ниманидир расмини солиш билан банд бўларди. Аввалига бунга унчалик эътибор қаратмадим. Аммо, кейинчалик унинг шаклларни аниқ ва бехато чизаётганини кўриб, унда расм чизишга бўлган қизиқиш борлигини сездим ва у билан шуғулланишга ҳаракат қилдим. Айни пайтда эса 25-умумтаълим мактабида устози Самия Авезовадан тасвирий санъатнинг сир-асрорларини ўрганиб келмоқда-дейди Замира опа Раҳма-това.

Роҳатой ўзи чизган суратлари билан туман, вилоят, Республика миқёсида бўлиб ўтаётган кўрик-танловларда фахрли ўринларни қўлга киритмоқда. Жумладан, "Соғлом турмуш тарафдоримиз” танловининг вилоят босқичида ғолиб бўлиб, танловнинг Республика босқичида фахрли ўринларни қўлга киритган бўлса, жорий йилда эса ёш рассомлар гуруҳи билан биргаликда "Яшил сайёрамиз ўз қўлимизда”, "Жаҳолатга қарши маърифат” кўрик танловларининг тасвирий санъат йўналишида вилоят босқичи ғолиби бўлди.

-Роҳатой тасвирий санъатни дилдан ҳис этади. Бирор бир тасвирни чизишни сўрасангиз, уни шунчаки тасвирлаб қўймасдан, юракдан чизади. Унда рангларни яхши танлаш қобилияти кучли-дейди Роҳатойнинг устози Самия Авезова.

Роҳатойнинг орзулари бир олам. Келажакда у моҳир муссавир бўлиб, туманимизнинг миллий колоритини яратмоқчи. Меҳрибону Эргашева эса ҳали мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиси. У "Ер куррасида тинчлик бўлсин” Республика кўрик танловининг вилоят босқичида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ўртасида фахрли биринчи ўрин эгаллаб, Республика босиқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Унинг ранглар билан тиллаша олиши, ўзининг бола хаёлидаги тассавурини оқ қоғозга аниқ тушира олиши бизни ҳайратга солди.

Туманимизда Роҳатой ҳамда Меҳрибону каби истеъдодлар жуда кўплаб топилади. Уларнинг иқтидорларини юзага чиқариб, уларга суянч бўлиш эса биз катталарнингг инсоний бурчимиздир.

Маҳбуба РАСУЛОВА.

 

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.