туман ҳокими маърузаси

Ассалому-алайкум азиз ва муҳтарам тумандошлар

Қадрли онахонлар, Азиз опа-сингиллар!

 

Авалламбор Сиз азизларни ва Сизлар орқали туманимизнинг барча хотин-қизларини ушбу улуғ 8-март"Халқаро хотин-қизлар куни” байрами муносабати билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Бугун ҳар бир соҳа вакиллари, фуқароларимиз ва ҳар бир хонадон аъзоси яқинлашиб келаётган 8-март "Халқаро хотин-қизлар куни” байрамини ёруғ юз ва яхши ниятлар билан кутиб олаётгани қалбимизга олам-олам қувонч бахш этади.

Аёлини улуғлаган халқ буюк, аёлини ардоқлаган юрт қудратли бўлади.

 

Қадрли онахонлар, Азиз опа-сингиллар!

Биз ҳаётимиз маъно-мазмуни ва гўзаллигини биринчи навбатда барчамизни дунёга келтирган, оқ ювиб, оқ тараб вояга етказган муқаддас Она сиймосида, аёл тимсолида кўрамиз, аёл зотини Яратганнинг тенгсиз мўъжизаси, деб улуғлаймиз.

Ҳақиқатан ҳам, гўзаллик ва нафосат, меҳру муҳаббат, вафо ва назокат рамзи бўлган, ўзининг меҳрибонлиги, қалб саховати билан ҳар қайси оилани оила қиладиган, унга файзу тароват берадиган, фарзандларимиз юрагига ўз она-юртига севги ва садоқат туйғусини сингдирадиган аёлларимизнинг бетакрор фазилатлари ҳақида ҳар қанча гапирсак, уларни ҳар қанча эъзозласак, арзийди,

Сизнинг буюк қалбингиз Ватан учун ҳар қандай хизматга тайёр фарзандларни улғайтирмоқда ва уларнинг ғайрати билан обод юртимиз ҳамиша мустаҳкам қўрғондек ҳимояланган.

Шундай тарбиянгиз ва эзгу йўлдаги олийҳиммат ишларингиз учун Сизга бугун яна бир бор миннатдорчилик изҳор этаман. Она алласида акс этган меҳру муҳаббат мурғак қалбларга эзгулик уруғини сочсин ва келгусида ундан инсонийлик дарахтлари униб, маърифат мевалари етилсинки, ўзбек халқининг қудрати ва буюклиги жаҳон узра ёйилсин. Ҳар бир дуоингиз эзгу ишларимизга бахшида бўлсин.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, хонадонларимизни меҳр-муҳаббат, нафосат, эзгулик нури билан мунаввар этиб турадиган Сиз азизларга бўлган эътибор ниҳоятда кучайди. Истиқболли юртимиз равнақи, миллатимиз ривожи, насл-насабимизнинг қадим илдизлари, чуқур томирлари истиқлол барқарорлигини, баркамол авлод бугуни ва келажагини Сиз аёлларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.

"Аёллар йили”, "Оналар ва болалар йили”, "Соғлом авлод йили”, "Мустаҳкам оила йили”, "Соғлом бола йили” ва бу йилларда қабул қилинган Давлат дастурларидан ҳам кўриниб турибдики, жамиятимизда аёлларга бўлган эътибор давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган.

Албатта Аёл чиндан ҳам муқаддас ҳилқатдир. У она, жамиятнинг куч-қудрати, оила гултожи. Айтиш мумкинки, Юртбошимизнинг ғамхўрлиги, эъзозу эҳтиромлари сабаб оила ва жамиятда аёлларимиз мавқеи янада ошди. Айниқса, Муҳтарам Президентимизнинг "Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг эълон қилиниши аёлларимизга бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигининг ёрқин тимсолидир.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда туманимизда 102 минг нафар аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, уларнинг 51 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Айни чоғда ҳар бир жабҳада хотин-қизларимизнинг фаоллиги ҳамда юртимиз равнақига қўшаётган ҳиссалари алоҳида эътиборга лойиқ.

Бугунги кунда аёл депутат, аёл олима, аёл шифокор, аёл педагок, аёл тадбиркор. Хуллас, халқ хўжалигининг ҳар бир жабҳасида хотин-қизларимизнинг фаол иштирокини кўриб кўзингиз қувнаб, дилингиз яйрайди. Шу маънода туманимиз хотин-қизлари фаолиятлари мисолида гапирадиган бўлсак, айни чоғда 6 нафар фан номзоди, 14нафар журналист, 1016 нафар хотин-қизларимиз соғлиқни сақлаш тизимида, 1245нафар опа-сингилларимиз таълим тизими, 221нафар саноат соҳасида, 2812 нафар қишлоқ хўжалиги соҳасида, 875 нафари тадбиркорлик соҳасида аёлларимизнинг ҳалол меҳнат қилаётганликлари юқоридаги фикримизни исботлайди.

Айни пайтда туман Тиббиёт бирлашмаси шифокорлари Марипова Шоира ва "Охунбобоев” ҚВП мудираси Ходжаева Сайёра, "Ҳаловаттепа” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Ҳамроева Муҳаббат, "Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Қодирова Сония, "Пахтакор” маҳалла фуқаролар йиғини бошланғич Хотин-қизлар ташкилоти раиси Мирзаева Нигора, 14-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Ибрагимова Норжон, 23-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Тоирова Мақсуда, 1-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Эргашова Махбуба, Иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчисиМуниса Аъзамова, "Очилова Инобат” фермер хўжалиги раиси Очилова Инобат, "Афросиёб Гулшани” хусусий корхонаси раҳбариОлтинова Гулшан, Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси Сарвиноз Бекбўтаева, туман ФҲДЁ бўлими мудирасиМоҳира Халиловалардан ҳар қанча фахрлансак арзийди.

Қадрли тумандошлар, Азиз опа-сингиллар!

Баҳор тимсолида табиат гўзаллиги, унинг бор сеҳри ва жозибаси қанчалик яққол намоён бўлса, аёл тимсолида энг юксак инсоний фазилатлар шу қадар гавдаланади.

Аёл зоти ўзининг муҳаббати ва садоқати, оналик меҳри билан том маънода Яратганнинг тенгсиз мўъжизасидир.

Ҳаммамизга маълумки, хонадонимиз чироғи, оила таянчи бўлмиш аёл сиймоси халқимиз тасаввурида азал-азалдан эзгулик ва фидойилик тимсоли бўлиб келган. Шубҳасиз буни мозийдан ҳам илғаш қийин эмас. Айтайлик жасорат ва муҳаббат бобида тенгсиз бўлган Сароймулкхоним, Нодирабегим, Зебунисо, Увайсий ҳамда Зулфияхоним каби улуғ сиймолари ҳамда тарих ва бугун учун қолдирган ўчмас излари абадиятга мангу муҳрланган.

Мустақиллик улар орзу қилган озодлик, тенглик, матонату шижоат, ғайрату салоҳият омилларини тўла яратиб берди. Шуниси эътиборга сазоворки, хотин-қизлар юртимиздаги ўзгаришлар жараёнида фаол иштирок этиш билан бирга, ўзининг билими ва иқтидори билан кўпгина жабҳаларда етакчи мавқеларни эгаллаб келмоқда.

Муҳтарам Юртбошимиз томонидан жорий йилга "Кексаларни эъзозлаш йили деб ном берилди. Давлатимиз Раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимидаги маърузасида: "Қайси хонадонда нуроний отахон ёки онахон бўлса, бу оилада, албатта, файзу барака, фаровонлик, аҳиллик бўлади”деганида ҳақ эдилар. Ана шу ҳақиқатни чуқур англаган ҳолда нафақат туманимизда, балки бутун мамлакатимизда ёши улуғ онахонларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилишда барчамизнинг зиммамиздаги масъулиятни чуқурроқ ҳис этмоғимиз лозим деб биламан.

Биз болаларимизнинг соғлом ва баркамол бўлиб ўсишига қанча эътибор қаратсак, улар фан, санъат, спорт ва бошқа соҳалар бўйича жаҳон миқёсида ўринларига, ўз овозларига эга бўлишади.

Зеро, Муҳтарам Юртбошимиз айтганидек: "Оилани ҳам, жамиятимизни ҳам бирлаштириб, унга файзу баракот киритадиган, хонадонларимизни меҳр-муҳаббат, нафосат, эзгулик нури билан мунаввар қиладиган зотлар ҳам аслида мўътабар оналаримиз, мунис опа-сингилларимиздир”.

Азиз опа-сингиллар!

Барчангизни яна бир бор 8-март "Халқаро хотин-қизлар куни” байрами билан самимий муборакбод этаман.

Сиз азизларга мустаҳкам соғлик, бахту саодат, Ватанимизравнақи ва халқимиз фаровонлигини ошириш йўлидаги масъулиятли ва шарафли фаолиятларингизда улкан муваффақиятлар тилайман.

Жаннатмакон юртимиз осмони ҳамиша беғубор ва мусаффо бўлишини, хонадонингиздан файзу барака, тинчлик-осойишталик ва фаровонлик аримаслигини тилаб қоламан.

Эътиборингиз учун раҳмат!

 

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.