НАВБАҲОР ТУМАН ҲОКИМИ Л.Н.ОБЛАҚУЛОВНИНГ "НАВРЎЗ" УМУМХАЛҚ БАЙРАМИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАБРИГИ

НАВБАҲОР ТУМАН ҲОКИМИ Л.Н.ОБЛАҚУЛОВНИНГ "НАВРЎЗ" УМУМХАЛҚ БАЙРАМИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАБРИГИ                                              

Қадрли тумандошлар!

Барчамиз орзиқиб кутганимиз фаслларнинг келинчаги бўлмиш баҳор юртимизга кириб келди. Баҳор ўзининг ҳусну латофати, беқиёс гўзаллиги ва бетакрор таровати билан бутун борлиққа зеб бериб, табиатни яшилликка буркади. 
Ана шундай фарахбахш дамларда "Наврўз” умумхалқ байрамининг халқимиз томонидан катта шодиёна қилиниши барчамизга завқу шавқ улашади. "Наврўз” аслида янги кун, янги ризқ-рўз, янги шодлик дегани.
Ушбу муқаддас айёмда кишилар ўртасида гина ва адоватлар унутилиб, ҳамма бир-бирига эзгулик ва яхшиликларга йўғрилган дил изҳорларини йўллашади.
Мана шундай саодатли кунларда яшариш ва янгиланиш айёми "Наврўз” умумхалқ байрами муносабати билан сиз азизларни, сизлар орқали бутун туманимиз аҳлини чин қалбимдан муборакбод этаман.
Ҳеч кимга сир эмас, бир пайтлар ушбу қутлуғ айёмни байрам сифатида нишонлаш фақатгина орзу эди, холос. Миллий анъана ва урф-одатларимиз, қадриятларимиз хусусида сўз айтиш эса қанчалик мушкул эканлигини ёши улуғларимиз яхши билишади. Шу боис, Истиқлолимизнинг ўтган йиллар давомида кўп миллатли халқимиз томонидан  шарқона янги йилимизни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиши бутун дунё халқларини ҳайратга солиб, уларда ҳавас ҳиссини уйғотмоқда.        
Бугун эрта тонгдан юртимизнинг ҳар бир гўшасида бўлгани сингари туманимизнинг барча  маҳалла ва гузарларида ҳам ушбу айём катта тантана қилинмоқда. 
Кўп миллатли халқимизнинг шукроналик туйғуси акс этган юзу кўзларидан истиқлол туфайли қайта бўй кўрсатган миллий анъана ва урф-одатларимиз, қадриятларимиз тантанасини илғаш қийин эмас. Болажонларимиз қўлларида учираётган варраклар бамисоли қуш каби кўкда парвоз этиши гўёки, фарзандаларимизнинг илм-фан, спорт ва санъат йўналишларидаги парвози доимо сарбаланд бўлишидан нишонадир.

       Яхши биласиз, азал-азалдан покизаликни хуш кўрувчи элимиз, ўтган ҳафтада мамлакатимиз бўйлаб умумхалқ хайрия ҳашари ташкил этилди. Ушбу хайрли тадбирда туманимиз аҳли ҳам фаол иштирок этиб, барча корхона ва ташкилотлар, муассасалари ҳамда маҳаллаларда ободонлаштириш кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. Янги ниҳоллар ўтқазилиб, боғ-роғлар яратилди. Ариқ ва зовурлар тозаланиб, дов-дарахтларга шакл берилди. 
 Таъкидлаш жоизки, ўтган йиллар давомида туманимизда улкан қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилиши натижасида бугунги кунга келиб туманимиз қиёфаси тубдан ўзгарди. 

 Энг асосийси, эришаётган бу каби ютуқларимиз ҳамда амалга ошираётган хайрли ишларимиз замирида аввало, ҳалол ва пок, танти ва бағрикенг аҳолимизнинг фидокорона меҳнатлари маҳсули мужассам. Шу сабаб ҳар бир соҳада тараққий этиб, кун сайин жаҳонга юз тутиб бораётган юртимизга ҳеч қачон кўз тегмасин. 
Она Ватанимизнинг осмони доимо мусаффо бўлиб, тинчлик-хотиржамлик, шоду хуррамлик, бахт ва омад сизу бизни асло тарк этмасин.
Яна бир бор "Наврўз” умумхалқ байрами билан сиз азизларни, сизлар орқали бутун туманимиз аҳлини чин қалбимдан муборакбод этаман. 

Байрамингиз муборак бўлсин азизлар!
НАВБАҲОР ТУМАН ҲОКИМИ Л.Н.ОБЛАҚУЛОВНИНГ "НАВРЎЗ" УМУМХАЛҚ БАЙРАМИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАБРИГИ

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.