Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрами муносабати билан Навбаҳор туман ҳокими Облақулов Лочин Нурқуловичнинг байрам ТАБРИГИ

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллик байрами муносабати билан Навбаҳор туман ҳокими Облақулов Лочин Нурқуловичнинг байрам
ТАБРИГИ
Ассалому алайкум, ҳурматли юртдошлар, азиз тумандошлар!
Бугун халқимиз орзиқиб кутган энг улуғ, энг азиз байрам–жонажон Ўзбекистонимиз мустақиллигининг шонли ўттиз йиллик байрамини кўтаринки кайфият ва улкан ютуқлар билан кутиб олмоқдамиз.
Шундай фараҳбахш онларда Сиз азизларни ва сиз орқали бутун юртошларимизни ва туманимиз аҳлини ушбу улуғ кун – мамлакатимиз Мустақиллигининг ўттиз йиллик байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Башарият тарихи шундан далолат берадики, ҳар бир халқ фақат эркин ва озод бўлган тақдирдагина, ўз ҳаёти ва келажагини мустақил барпо этиш ҳуқуқига эга бўлади. "Ҳақ берилмас, ҳақ олинур!” деб миллат озодлиги йўлида жонини фидо қилган улуғ аждодларимизнинг буюк мақсади ҳам шу бўлган.
Биз қандай таҳликали ва суронли даврларни бошимиздан кечирмайлик, қандай ютуқ ва натижаларга эришган бўлмайлик, мустақиллик ғояси, истиқлол руҳи бизга доимо тоғдек таянч бўлмоқда.
Бугун чексиз ифтихор билан айта оламизки, донишманд халқимизнинг узоқни кўра олиши, бирдамлиги ва фидойи меҳнати билан барча синовлардан муносиб ўтиб келмоқдамиз.
Шу нуқтаи назардан, бизнинг инсоний қадр-қимматимизни, ғурур ва шаънимизни, дину диёнатимизни, миллий давлатчилигимизни тиклаб берган Мустақиллик куни Ватанимизнинг шонли тарихида ҳамиша энг ёрқин саҳифа бўлиб қолади.
Албатта, юртимизда ҳукм сураётган осойишталик, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, фаровон ҳаёт завқи қалбимизда она Ватанга бўлган муҳаббат ҳиссини янада мавжлантирмоқда. Зеро, бугун Муҳтарам Юртбошимиз томонидан олиб борилаётган одилона сиёсат замиридаги устувор мақсад ҳам шу ёруғ ва буюк келажак бунёд этиш, униб-ўсиб келаётган ёш авлоднинг бахтли келажагини таъминлашдир.
Мустақиллик йилларида заминимизда барпо этилган муҳташам иморатлар, равон йўлу-кўприклар, обод хиёбон ва гузарлар, намунавий турар жойлар, замонавий маҳаллалар - буларнинг барча-барчаси олдимизга қўйган улуғвор мақсадларимиз йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатлар дебочасидир.
Бугун жаҳон миқёсида юртимиз ҳақида сўз кетганда "Янги Ўзбекистон” ибораси тилга олинмоқда. Бу кейинги йилларда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган залворли ютуқларимизнинг эътирофидир.
Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, муболаға бўлмайди. Чунки бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас.
Давлатимиз раҳбари томонидан йирик корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш ишларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Аграр секторда ислоҳотларни изчил равишда давом эттирилиши натижасида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам юқори самарадорликка эришилмоқда.
Туманимиз кейинги йилларда давлатга пахта ва ғалла етказиб бериш шартномавий режаларини ошиғи билан уддалаб келмоқда. Бу эса ўз навбатида фермер хўжаликларининг даромадини ошишига ҳамда халқ фаровонлигини таъминлашга мустаҳкам замин яратмоқда.
Мамлакатимиздаги иқтисодий юксалиш халқимиз турмуш фаровонлигини янада ошириш, ижтимоий қўллаб– қувватлашни такомиллаштириш имконини берди. Зеро, Истиқлолнинг илк кунларида буни қадрият сифатида улуғлаш, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини қуриш, кучли ижтимоий ҳимоя тизимини яратиш мамлакатимизда устувор вазифа қилиб белгиланди.
Айниқса, аҳолини муносиб турмуши учун барча шарт-шароитларни яратиш, табиий газ, ичимлик суви билан таъминлаш, кўча ва йўлларни обод қилиш масалалари давлатимизнинг диққат марказида бўлиб келаяпти.
Бутун мамлакатимизда бўлгани каби туманимизда ҳам барча соҳаларда ислоҳотлар амалга оширилиб, барқарор ривожланиш кузатилмоқда.
Жумладан, Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрами муносабати билан туманимизда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан манзилли дастур асосида 2 та мактаб, 2 та мактабгача таълим ташкилоти, 4 та соғлиқни сақлаш объектлари, 1 та спорт, 1 маданият ва 2 та бошқа ижтимоий соҳа объектларида таъмирлаш ишлари якунига етказилиб, куз-қиш мавсумига тайёр ҳолатга келтирилди.
"Обод қишлоқ” дастури доирасида "Уч тут” ва "Меҳнат” маҳалла фуқаролар йиғинларида 2 та мактаб (10-11-умумтаълим мактаби) таъмирланди, 2 та мактабгача таълим ташкилоти ("Дилрабо” ва "Ширин”) янгидан барпо этилди, 1 та қишлоқ оилавий полик-линикаси мукаммал таъмирланди.
Бундан ташқари, "Обод қишлоқ” дастури бўйича ҳудудаги 1615 та оғир ва ўрта хонадонлар таъмирланди. Шундан Халқ депутатлари Навбаҳор туман кенгаши қарорига асосан 40 та хонадон учун 575 млн сўмлик қурилиш материаллари бепул равишда ажратилиб, бугунги кунда таъмирлаш ишлари тўлиқ якунланди.
Дастур асосида 17,8 км ичимлик суви тармоғи тортилмоқда, 810 та бетон таянч устунлари ўрнатилиб, 25,6 км электр тармоқлари ҳамда 7 та трансформатор пунктлари янгидан қурилди.
Ҳудуддаги 24,0 км йўллар қўм шағал аралашмаси ёрдамида ва 4,7 км йўл асфальт қоплама асосида таъмирланди ва 9 км тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди.
1 та маҳалла биноси мукаммал таъмирланиб, 1 та маҳалла биноси янгидан қурилди, 1 та "WORK-AUT” майдончаси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Туман ҳудудида 851,8 км йўллар мавжуд бўлиб, шундан 234,0 км асосий йўллар бўлса, 617,8 км йўллар ички хўжалик йўллари ҳисобланади.
2020 йилда марказлашган маблағлар ҳисобидан 11,2 км,
ҳашар йўли билан 14,6 км йўллар қум-шағал аралашмаси ёрдамида таъмирланди.
2021 йилга шу даврига келиб 30,9 км йўл асфальтбетон ва 12,1 км ички хўжалик йўллари қум-шағал аралашмаси ёрдамида таъмирланди.
Йил якунига қадар 24 та МФЙ ҳудудидаги 40,1 км ички хўжалик йўлларини қум-шағал аралашмаси ёрдамида таъмирлаш режалаштирилган.
Тумандаги маҳаллий ва давлат аҳамиятига эга бўлган автомобиль йўлларининг 10,5 км қисмида 26,0 млрд сўм маблағ эвазига реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари барча маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳашар асосида ички йўлларни шағаллаштириш устувор йўналишларимиздан бири бўлиб қолади.
2020 йилда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 8 600 млн.сўм маблағ эвазига 1 та сув йиғиш ва тарқатиш иншооти мукаммал таъмирланди, 26,8 км сув қувурлари янгидан қурилди.
Энг қувонарлиси, бундай кенг кўламли қурилиш, бунёдкорлик ва ободончилик ишларига гувоҳ бўлаётган юртдошларимиз мустақилликни ўз тақдири, бахти деб таъриф этишмоқда.
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллик байрами муносабати билан бир қатор юртдошларимизни кўрсатган фидокорона меҳнатлари учун "Шуҳрат” медали билан тақдирлаш тўғрисидаги Муҳтарам Президентимизнинг фармонлари имзоланганлиги мазкур байрамга муносиб туҳфа бўлди.
Азиз тумандошлар !
Сизларни ва бутун туманимиз аҳлини мазкур улуғ айём, Мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрами билан яна бир бор чин дилдан муборакбод этаман.
Сиз азизларга мустаҳкам соғлик, бахту - саодат, Ватанимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигини ошириш йўлидаги масъулиятли ва шарафли фаолиятларингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Жаннатмакон юртимиз осмони ҳамиша беғубор ва мусаффо бўлишини, хонадонингиздан файзу барака, тинчлик-осойишталик ва фаровонлик аримаслигини, меҳнаткаш ва олижаноб, бағрикенг халқимиз доимо соғ-омон бўлишини тилаб қоламан.
Мустақиллигимиз абадий бўлсин!
 


 

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.