“В А Т А Н Н И Ш А Р А Ф Л А Р А С Л Ў Ғ Л О Н Л А Р”

“В А Т А Н Н И   Ш А Р А Ф Л А Р   А С Л   Ў Ғ Л О Н Л А Р”14 январь-"Ватан ҳимоячилари куни” ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганлигининг 26 йиллиги муносабати билан туман Маданият бўлими концертлар залида туман ҳокимлиги ҳамда туман Мудофаа ишлари бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган байрам тадбири ана шундай номланди. Дастлаб ватан ҳимоячилари шарафига давлатимиз мадҳияси янгради. Шундан сўнг туман ҳокими Б. Бобоназаров иштирокчиларни ушбу улуғ айём билан самимий муборакбод этиб, туман Мудофаа ишлари бўлимига байрам туҳфаси сифатида компьютер жамланмасини тақдим этди. Сўнгра туман Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи Ж. Мусулмонов ҳам сўзга чиқиб, ўз табригида сарҳадларимиз дахлсизлиги, халқимиз осойишталигини таъминлашда ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиб келаётган юртимиз посбонлари ва уларнинг ота-оналарига миннатдорчилик билдирди. Энг асосийси, фарзанди ортидан раҳматлар эшитиш ҳар бир ота-она учун юксак шарафдир. Шунингдек, тадбирда ҳарбий соҳадаги ўз хизмат вазифасини шараф ва масъулият билан адо этаётган чоғида ҳалок бўлган ўнга яқин марҳум зобитларнинг оила аъзоларига туман ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди. Таъкидланганидек, киндик қонимиз тўкилган замин-она ватанимизни кўз қорачиғи сингари асраш нафақат ҳарбийларнинг, балки кекса-ю ёш, ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Истиқлол йилларида миллий армиямизнинг моддий-техника базаси янада мустаҳкамланиб, мудофаа саноати тараққиётнинг янги босқичида бутунлай замонавий қиёфада бўй кўрсатаётгани алоҳида эътирофга лойиқ. Бундан ташқари, зобитларимизнинг ижтимоий ҳаётимизда фаол иштирокини янада ошириш борасида уларни уй-жой билан таъминлаш масаласи ҳам доимий равишда давлатимизнинг эътибор марказида эканлиги ёшларимиз онгида катта қизиқиш уйғотиб, аскар бўлиш орзусида бўлган мард ва жасур йигитларимиз сафи йилдан-йилга ошиб бораётганига сабаб бўлмоқда. Бу ифтихорни ҳаттоки боғча ёшидаги болажонларимизда ҳам келажакка умид уйғотаётганини уларнинг "мен катта бўлсам аскар бўламан”, деган эзгу мақсад ва ҳайқириғи мисолида ҳам илғаш қийин эмас. Концерт дастурида она ватанни, тинчлик ва дўстликни тараннум этувчи дилрабо куй-қўшиқлар давра файзига-файз киритди. Сайёра КЕНЖАЕВА, туман ХТБ масъул ходими.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.