Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича вақтинчалик тартиб белгиланди.

Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича вақтинчалик тартиб белгиланди.

 

"Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (2-сон, 08.01.2021 й.) қабул қилинди.

Қарор билан Хотин-қизлар муаммоларини "Аёллар дафтари”ни юритиш орқали тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича вақтинчалик тартиб тасдиқланди.

Унга кўра, ҳар бир сектор кесимида маҳаллабай "Аёллар дафтари”га 30 ёшдан ошган қуйидаги тоифадаги хотин-қизлар киритилади:

➖ ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин қизлар;

➖ боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд хотин-қизлар;

➖ ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар;

➖ уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар;

➖ нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жойи мавжуд бўлмаган хотин-қизлар;

➖ қарамоғида бир ёки ундан ортиқ I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд ёлғиз аёллар;

➖ тиббий ҳимояга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар (ўзи ва биргаликда яшовчи оила аъзолари оғир ижтимоий вазиятда бўлган, сурункали ёки оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган, ногиронлик гуруҳи белгиланмаган, етарли дамромад манбаига эга бўлмаганлар);

➖ ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож хотин-қизлар;

➖ психологик маслаҳатга муҳтож хотин-қизлар (тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, ижтимоий муаммолари мавжуд хотин-қизлар).

"Аёллар дафтари” қуйидаги тартибда юритилади:

Хотин-қизларнинг муаммолари, эҳтиёжлари ва қизиқишлари ҳар ярим йил биринчи ойининг дастлабки 15 кунида уйма-уй юриб ўрганилади.

Хотин-қизларнинг муаммолари анкета-сўровнома орқали аниқланиб, аниқланган муаммолар 3 кундан ошмаган муддатда хотин-қизларнинг шахсий индивидуал анкеталарига киритилади.

Шунга кўра, 1 кун муддатда индивидуал анкеталар кўриб чиқилади.

Шундан кейин 3 кундан ошмаган муддатда анкета маълумотлари идора ва ташкилотларнинг маълумотлари билан солиштирилади ҳамда аёлларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтожлик даражаси (тоифаси) аниқланади.

"Аёллар дафтари”га киритиладиган хотин-қизларнинг рўйхатлари ҳамда уларнинг муаммоларини бартараф этишга қаратилган "Йўл харитаси” лойиҳаси 7 кундан ошмаган муддатда Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашига киритилади.

Тасдиқланган рўйхатлар 3 кундан ошмаган муддатда Маҳалла ягона ахборот тизими дастурига киритилиб, шу асосда вақтинчалик тартибда белгиланган хизматлар кўрсатилади.

Қарорга кўра, "Аёллар дафтари”га киритилган ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларга БҲМнинг 150 бараваригача (33 млн 450 минг сўм) миқдорда кредитлар ажратилади.

Кредитларнинг фоиз ставкаси Марказий банкнинг асосий ставкасида белгиланади.

Кредитлар 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатда Халқ банкининг туман (шаҳар) филиаллари томонидан "Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг фамилия, исми, отасининг исми бўйича алфавит тартибида шакллантирилган қатъий навбат асосида ажратилади.

Шунингдек, Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгаши томонидан тасдиқланган рўйхатлар асосида "Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга БҲМнинг икки бараваридан тўрт бараваригача (446 минг сўмдан 892 минг сўмгача) миқдорда бир марталик моддий ёрдам берилиши мумкин.

Бир марталик ёрдам олган хотин-қизлар "Аёллар дафтари”дан чиқарилмаган ёки бир йил ичида қайта киритилган ҳолларда бир марталик моддий ёрдам бир календарь йили давомида бир маротаба берилади.

Бундан ташқари, секторлар раҳбарлари ҳамда туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг хулосаси асосида "Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга турар жой ижара компенсацияси тўлаб берилади.

Турар жой ижараси тўғрисидаги шартнома 2021 йил 31 декабрга қадар бўлган муддатга тузилиб, тўловлар ижарага берувчига тўғридан-тўғри тўланади.

"Аёллар дафтари”га икки ва ундан ортиқ ортиқ масалаларини ҳал этиш учун киритилган хотин-қизларнинг барча масалалари тўлиқ ҳал этилгач, дафтардан чиқарилади.

Дафтардан чиқарилган хотин-қизлар туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлашбўлимлари томонидан 5 кун ичида бу ҳақда ёзма равишда хабардор қилинади.

Навбаҳор туман адлия бўлими бошлиғи Н.Э.Исроилов

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.