ЕРНИ ХУСУСИЙЛАШТИРИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

ЕРНИ ХУСУСИЙЛАШТИРИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб ҳокимларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни олиб қўйиш бўйича ваколати халқ депутатлари Кенгашларига берилганлигини фуқаролар мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш йўлидаги жиддий қадам сифатида баҳолаш мумкин. Қолаверса, амалдаги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш йўли билан ерни олиб қўйиш ва компенсация тўлашнинг янги тартиби жорий қилинди. Бунда ер участкаси фақат мулк эгасининг розилиги билан, унга олдиндан компенсация тўлангач олиниши мумкинлигига оид қоидалар киритилди. Шунингдек, ҳокимларнинг ердан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган қарорларни бекор қилиш ваколати эндиликда фақат суд тартибида ҳал қилиниши кўзда тутилмоқда.

2020 йил 1 мартдан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг "Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, ерга нисбатан мулк дахлсизлиги борасида бир қанча ўзгаришлар бўлди. Ер табиий ресурслар ичида ўзига хос алоҳида ҳуқуқий мақомга эга бўлиб, мавжуд барча табиий ресурслардан фойдаланишни ҳуқуқий тартибга солиш масалалари бевосита ер билан боғлиқ ҳуқуқий нормаларга бориб тақалади.

Ўзбекистон Республикасида мустақиллик йилларида табиий ресурсларга, хусусан, ерга нисбатан мулкий муносабатларни белгилашда ҳуқуқ тизимимизга бир қанча янгиликлар киритилди. Мамлакатимизда ер-ҳуқуқий ислоҳотлари босқичма-босқич амалга оширилиб, бунда ердан фойдаланишнинг бозор шароитига мос келувчи янги шакллари жорий қилинди ҳамда улар мунтазам равишда такомиллашиб бормоқда. Хусусан, даставвал ерга нисбатан ашёвий ҳуқуқлар маҳаллий ҳокимият органлари томонидан сотила бошланган бўлса, кейинчалик ер участкаларининг ўзи савдо ва хизмат кўрсатиш мақсадларида хусусийлаштирила бошланди. Эндиликда эса, фуқароларнинг уй-жойлари жойлашган ҳамда уларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкалари, юридик шахсларнинг бино-иншоотлари билан банд бўлган ва уларнинг доимий фойдаланиш ҳуқуқида бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш назарда тутилмоқда.

Бозор иқтисодиётига ўтиш ва хўжаликни бошқаришнинг маъмурий-буйруқбозлик тизимидан халос бўлиш туфайли давлатнинг ерга доир сиёсатида маълум ўзгаришлар юз берди. Жумладан, маҳаллий ҳокимият органлари томонидан ер участкаларини ва ерга нисбатан ашёвий ҳуқуқларни кимошди савдоларида савдо ва хизмат кўрсатиш мақсадларида, якка тартибда уй-жой қуриш ва шахсий ёрдамчи хўжалик юритиш мақсадларида сотиш тартиби жорий қилинди, бунда ер ўзининг табиий хусусиятини сақлаб қолган ҳолда фуқаролик муомаласига киритила бошланди. Демак, мамлакатимизда аста-секинлик билан айрим ер тоифаларига нисбатан хусусий мулк ҳуқуқи жорий этилди.

Ерга нисбатан фуқаролик ҳуқуқий муносабатлари асосан аҳоли яшаш ерлари – шаҳар ерлари негизида ривожланаётганлигини ҳисобга олсак, Ўзбекистонда ерга бозор муносабатларини татбиқ этиш қонуниятларини ўрганиш ва таҳлил этиш, шунга кўра тегишли қонун ҳужжатларини ҳамда назарий қоидаларни такомиллаштириш муҳим заруратга айланмоқда. Қолаверса, Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий-ҳуқуқий, сиёсий ислоҳотлар ҳам ерга нисбатан мулк ҳуқуқи билан боғлиқ муносабатларнинг аҳамияти тобора ортиб бораётганлиги ва шунга кўра соҳадаги муносабатларни доимий равишда такомиллаштириб туриш эҳтиёжини келтириб чиқармоқда. Вужудга келган вазиятда табиийки, давлатнинг ернинг мулкдори сифатидаги ҳуқуқлари чекланиши, ернинг табиий ресурс сифатидаги хусусиятларини йўқотмаган ҳолда ундан фойдаланиш ҳуқуқининг мазмуни, шакллари, умуман, унинг вужудга келиш масалалари янгича талқин қилиниши лозим. Шу нуқтаи назардан олиб қаралганда, ушбу масалалардан келиб чиқадиган муаммоларни илмий-назарий жиҳатдан таҳлил қилиш, яъни ерга нисбатан давлатнинг мулк ҳуқуқи, юридик ва жисмоний шахсларнинг хусусий мулк ҳуқуқи, уларни ҳуқуқий таъминлаш масалалари бутун ер фонди ва унинг алоҳида ер участкалари доираси мақомида кўриб чиқилиши зарур бўлади.

Ерга нисбатан мулк ҳуқуқига оид муаммолар хусусида сўз юритишдан аввал ерга нисбатан мулк ҳуқуқи тушунчасига аниқлик киритиш лозим. Ерга нисбатан мулк ҳуқуқи – давлат, юридик ва жисмоний шахсларнинг ерга нисбатан белгиланадиган мулкий ҳуқуқи бўлиб, ушбу ҳуқуқ субъект ва объектига кўра ўзига хос мазмунга эга бўлади. Яъни, давлатнинг ерга нисбатан мулк ҳуқуқи юридик ёки жисмоний шахснинг ерга бўлган мулк ҳуқуқидан фарқ қилади. Чунки ер кимга тегишли бўлишидан қатъи назар давлат ҳамиша уни муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш устидан умумий назоратни олиб боради.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига асосан ер умуммиллий бойлик бўлиб ҳисобланади. Умуммиллий бойлик тушунчаси эса мамлакат ер фондининг умумий тарзда давлат мулки эканлигини англатади. Бошқа табиий ресурслар каби ер ҳам давлат муҳофазасида бўлиб, ундан оқилона, тўғри ва илмий асосланган тарзда фойдаланиш зарур. Шунингдек, ер қонунда белгиланган ҳоллардан ташқари олди-сотди қилинмайди, айирбошланмайди, ҳадя этилмайди, гаровга қўйилмайди.

Табиий ресурслар ичида ер ўзига хос алоҳида ҳуқуқий мақомга эга бўлиб, бу ҳол мамлакатимизда ерга нисбатан белгиланадиган мулк ҳуқуқининг ўзига хослигида ҳам намоён бўлади. Дунёнинг кўпчилик ривожланган давлатларида ер фуқаролик айирбошлаш объекти доирасига киритилиб, бундай ер участкаларига нисбатан фуқаролик-ҳуқуқий шартномаларига оид нормалар қўлланилади. Ер ҳуқуқи мустақил ҳуқуқ тармоғи сифатида мавжуд бўлган давлатларда ерга оид мулкий муносабатларни тартибга солишда фуқаролик ҳуқуқи нормаларига нисбатан ер ҳуқуқи нормалари устун мавқеъга эгалиги кўпчилик ҳуқуқшунос олимлар томонидан қайд этиб келинади. Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизнинг замонавий ер ҳуқуқи назариясида ерга нисбатан давлатнинг мулк ҳуқуқи ҳамда фуқаролар ва жисмоний шахсларнинг хусусий мулк ҳуқуқи атамалари қўлланилади.

Қайд этиш керакки, Президентимизнинг 2018 йил 1 августдаги "Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5495-сонли фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 октябрдаги "Давлат мулки объектларини ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тадбиркорлик субъектларига сотиш тартибини соддалаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 январдаги "Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5623-сон фармони бугунги кунда ер участкалари билан боғлиқ ислоҳотларни амалга оширишда ҳуқуқий асос вазифасини ўтамоқда.

Дунёнинг кўпчилик ривожланган давлатларида ер фуқаролик айирбошлаш объекти доирасига киритилишига қарамай, унга нисбатан умумий тартибда давлат мулкчилиги сақланиб қолади. Яъни, давлат юридик ва жисмоний шахсларнинг хусусий мулки ҳисобланган ер участкаларининг сифати, улардан мақсадли
ЕРНИ ХУСУСИЙЛАШТИРИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.