1 сентябрдан қонунчиликда нималар ўзгаради?

1 сентябрдан қонунчиликда нималар ўзгаради?

Пенсиялар, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақалар миқдори 1,1 баравар оширилади.

Шунингдек, 2020 йил1 сентябрданбошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида:

-пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 262 470 сўм;

-ёшга доир энг кам пенсиялар – ойига 513 350 сўм;

-болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа – ойига 513 350 сўм;

-зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа – ойига 315 030 сўм этиб белгиланади.

Доимий пропискага оид низом ўз кучини йўқотади
Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш, пропискадан чиқариш ва турган жойи бўйича ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги низом Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 22 майдаги 320-сонлиқароригаасосан ўз кучини йўқотади.

 

Фуқароларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича «Манзил» тизими орқали рўйхатга олиш бошланади.

Шунингдек, 2020 йил 1сентябрданқуйидагиларни назарда тутувчи тартиб жорий этилади:

-Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан истиқомат қилиш муддати 15 кун ҳисобланади;

-доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишни расмийлаштириш бир кун ичида амалга оширилади;

-Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда аввалги доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқиш тартиби бекор қилинади;

-Ўзбекистон Республикаси фуқароларига доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинишини расмийлаштиришда паспорт, уй дафтари ёки хонадон карточкасига рўйхатга олиш штампини босиш амалиёти бекор қилинади;

-доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олишда ҳарбий хизматга мажбурларнинг мудофаа ишлари бўлимларига ҳарбий ҳисобдан чиқиш ва ҳарбий ҳисобга туриш учун бориши тартиби бекор қилинади;

-Ўзбекистон Республикаси фуқароси томонидан солиқ идораларида ҳисобга олинган ижара шартномаси ҳақида маълумот тақдим этилганда вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олинишда уй-жой эгасининг розилиги талаб этилмайди.

Тиббиёт ОТМларида «Тиббий-профилактика ва жамоат саломатлиги» факультети ташкил этилади

Санитария-эпидемиология ва жамоат саломатлиги соҳасида бакалавриат ва магистратура мутахассисликлари бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида тиббиёт олий таълим муассасаларида «Тиббий-профилактика ва жамоат саломатлиги» факультети ташкил этилади.

Фанлар академиясининг Ўзбекистон тарихи давлат музейи ва унинг «Тошкент музейи» филиали ходимларининг иш ҳақи Фанлар академияси илмий ташкилотлари ходимларининг базавий лавозим маошларига тенглаштирилади

«Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий ташкилотларини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарорига биноан Молия вазирлиги Фанлар академиясининг Ўзбекистон тарихи давлат музейи ва унинг «Тошкент музейи» филиали раҳбар ва илмий ходимларининг иш ҳақини Фанлар академияси илмий ташкилотлари раҳбар ва илмий ходимларининг базавий лавозим маошларига тенглаштиради.

 

Давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги маданият саройларида тўлиқ жонли ижро асосида ўтказилган концерт дастурлари учун ижара тўловидан 50 фоиз чегирма бериш тартиби жорий этилади

Давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги концерт, маданият саройлари ва бошқа муассасаларда тўлиқ жонли ижро асосида ўтказилган концерт дастурлари учун ижара тўловидан 50 фоиз чегирма бериш тартиби жорий этилади.

Маданият вазирлиги томонидан харид қилинган, оммавий ижрога мўлжалланган драматик, мусиқали ва мусиқали-драматик асарларни хусусий театрларда ҳам саҳналаштириш ва ижро этишга рухсат берилади.

Бундан ташқари, 2020 йил 1сентябрданқуйидагиларни назарда тутувчи тартиб жорий этилади:

-кўчма цирклар (шапито, дорбозлар гуруҳлари) томонидан ўтказиладиган томоша тадбирларига оммавий тадбир ўтказиш учун рухсатнома ва рухсат бериш хусусиятига эга бошқа ҳужжатларни олиш талаб этилмайди, бунда тадбир ташкилотчилари уни ўтказиш жойи ва вақти тўғрисида ички ишлар органларини камида 10 кун олдин ёзма равишда хабардор қилади;

-ички ишлар органлари, Миллий гвардия ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги органлари кўчма цирклар (шапито, дорбозлар гуруҳлари) томонидан ўтказиладиган томоша тадбирларида жамоат тартиби ва ёнғин хавфсизлигини тўлов ундирилмаган ҳолда таъминлайди;

-давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги маданият ва истироҳат боғлари, спорт иншоотлари, сайилгоҳлар ва бошқа очиқ ҳудудларда кўчма цирклар (шапито, дорбозлар гуруҳлари) томонидан томоша тадбирлари ўтказиш учун ижара ва бошқа турдаги тўловлар ундирилмайди;

-номоддий маданий мерос объектларини (дорбоз, аския ва лапар) асраш ва улардан фойдаланиш фаолияти ўзини ўзи банд қиладиган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига киради (маданият марказлари таркибида фаолият юритаётган шахслар бундан мустасно) ва уларнинг ушбу фаолиятдан олинган даромадларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи татбиқ этилмайди.

Барча аукцион савдолари натижалари QR-код (матрик штрихли код)ни қўллаш орқали расмийлаштирилади.

Шунингдек, «E-IJRO AUKSION» тизимида қуйидагиларни назарда тутувчи тартиб жорий қилинади:

-«мобилидентификация қилиш» билан шахсни идентификациялаш имконини берувчи мобил иловалар орқали аукционда иштирок этиш;

-давлат мулки объектларини ижарага бериш шартномасини ижарага берувчи ва ижарачи ўртасида электрон шаклда (шу жумладан электрон рақамли имзо орқали) икки томонлама тузиш орқали расмийлаштириш;

-савдоларда мавжуд бўлган лотлар ҳақида батафсил маълумотларни ўз ичига олувчи доимий янгиланиб турадиган ва агентликнинг расмий веб-сайтида жойлаштириладиган электрон каталогни яратиш.

 

Давлат ташкилотлари томонидан ўз фаолияти бўйича жамоатчилик олдида электрон ҳисобот бериш тартиби жорий этилади.

Давлат бошқаруви органлари, уларнинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, туман (шаҳар)лар ҳокимликлари томонидан ўз фаолияти бўйича жамоатчилик олдида электрон ҳисобот бериш тартиби жорий этилади.

 

Навбаҳор туман адлия бўлими.

 

1 сентябрдан қонунчиликда нималар ўзгаради?

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.