Қонунчиликдаги янгиликлар.

Янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамияти.

Марҳамат, бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган янги қонун ҳужжатлари билан таништириб ўтамиз.

"Республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасига баҳо бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Ҳукумат қарори (8-сон, 08.01.2020 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 мартдан бошлаб республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасига баҳо бериш тизими жорий этилади.

2020 йил 1 мартга қадар тадбиркорликни ривожланганлик даражаси кўрсаткичларини ҳисоблаш ва баҳолаш бўйича "BUSINESS INDICATOR” автоматлаштирилган онлайн ахборот тизими ишга туширилади.

Ушбу тизимни ишлаб чиқиш, унга техник хизмат кўрсатиш юзасидан, истисно тариқасида, тендер (танлов) савдоларини ўтказмасдан энг яхши таклифларни саралаб олиш йўли билан шартнома тузилади.

Қарор билан Республика ҳудудларида тадбиркорликнинг ривожланганлик даражасини баҳолаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Низомга кўра, баҳолаш ярим йиллик ва йил якуни бўйича ўтказилади.

Баҳолаш натижасида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек туман ва шаҳарлар рейтинги тузилади, рейтингда юқори кўрсаткичларга эга ҳудуддаги ташкилотлар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари бошқарув ходимлари моддий рағбатлантирилади.

Баҳолаш Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

"Ўзбекистоннинг халқаро иқтисодий ҳамкорлигини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент Фармони (ПФ–5903-сон, 10.01.2020 й.) қабул қилинди.

Президентнинг 20.08.2019 йилдаги ПФ-5785-сон Фармони билан хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари ишлаб чиқилган. Ҳужжат билан Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича Республика комиссияси ва Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш департаменти ташкил этилган эди.

Фармонга мувофиқ, Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш масалалари департаменти Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаменти этиб қайта ташкил этилди.

Департаментга бир қатор қўшимча вазифалар юклатилди.

Жумладан, Департамент миллий иқтисодиётнинг муҳим вазифаларини ҳал этиш ҳамда уни барқарор ривожлантиришга қаратилган интеграциялашув имкониятларини кенгайтириш ишларини мувофиқлаштиради.

Фармонга мувофиқ, бир қатор вазирлик ва идоралар марказий аппарати тузилмасида ходимлар умумий чекланган сони доирасида Ўзбекистон иқтисодиётининг жаҳон иқтисодий тизимига интеграциялашуви масалалари билан шуғулланувчи таркибий бўлинмалар ташкил этилади.

Шунингдек, ўтган ҳафтада, "Давлат тиббиёт муассасалари томонидан фуқароларга маълумотномалар бериш тартибини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (18-сон, 10.01.2020 й.) қабул қилинди. Бу билан тиббиёт муассасаларидан маълумотномалар олиш соддалаштирилди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб фуқароларнинг Руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳамда Наркология диспансери ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисидаги маълумотнома Давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим этиладиган бўлди.

✅ Шунингдек, 2020 йил 1 апрелдан бошлаб:

👉 Руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳамда Наркология диспансери томонидан фуқароларнинг ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисидаги маълумотномани тўғридан-тўғри бериш амалиёти бекор қилинади;

👉 Наркология ва руҳий касалликларга чалинган фуқаролар ҳисоби фақат электрон шаклда юритилади.

2020 йил 1 мартгача давлат хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган автоматлаштирилган электрон ахборот тизими ишлаб чиқилади.

Қарор билан фуқароларнинг Руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳамда Наркология диспансери ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисида маълумотнома бериш бўйича маъмурий регламентлар тасдиқланди.

Хизмат кўрсатилгани учун БҲМнинг 2%и миқдорида йиғим ундирилади. ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда, кўрсатилган сумманинг 90%и миқдорида йиғим тўланади.

Шунингдек, ўтган ҳафтада Айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун Президент томонидан имзоланди.

Энди бирламчи бозордан кўчмас мулк ва транспорт сотиб олинганда ипотека ва гаров шартномаси нотариал тасдиқланмайди

Қонунга мувофиқ, нотариат тизими тубдан ислоҳ қилиниши муносабати билан Ўзбекистоннинг 10 дан ортиқ қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, "Гаров тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартишга кўра, бирламчи бозордан кўчмас мулк ва транспорт воситаларини олиш чоғидаги ипотека ва гаров тўғрисидаги шартномаларнинг нотариал тасдиқланиши талаб этилмайди.

Шунингдек, "Нотариат тўғрисида”ги Қонун хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус, нотариал палатага оид нормалар билан тўлдирилди.

Нотариал палата хусусий амалиёт билан шуғулланувчи барча нотариусларнинг аъзолигига асосланган нотижорат ташкилот ҳисобланади.

Бундан ташқари, амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхатига хусусий нотариал фаолият ҳам киритилди.

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Адлия вазирлиги томонидан Марказий банк бошқарувининг "Ҳар бир оила-тадбиркор” дастури доирасида кредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қарори рўйхатдан ўтказилди.

Энди "Ҳар бир оила-тадбиркор” дастури доирасида кредитлар ажратиш фоизларни банкларнинг ўзи белгилайди.

Ўзгартиришлар ва қўшимчага асосан:

"Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида кредитлар ажратиш АТ Халқ банки, "Микрокредитбанк” АТБ ва "Агробанк” АТБ томонидан амалга оширилади;

ушбу кредитлар тижорат банклари орқали МБнинг қайта молиялаштириш ставкасида, 2021 йил 1 январдан эса тижорат банклари томонидан бозор тамойиллари асосида мустақил равишда ўрнатиладиган ставкаларда ажратилади;

тижорат банклари томонидан бозор тамойиллари асосида мустақил равишда ўрнатиладиган ставкаларда ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз харажатларнинг бир қисмини компенсация қилиш механизми қўлланилади.

Ҳукумат қарори (28-сон, 16.01.2020 й.) билан Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, Агентлик тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг кенг табақаларини бизнес билан шуғулланишга жалб этиш соҳасида ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Агентлик кичик ва ўрта бизнесни, хусусий тадбиркорликнинг барча шаклларини ривожлантиришга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга оширади.

Агентликка Президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор – иқтисодиёт ва саноат вазирининг ўринбосари бошчилик қилади.

Қарор билан, шунингдек, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси тўғрисидаги низом тасдиқланди.

"Давлат божи тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди

Қонунга мувофиқ, давлат божи юридик аҳамиятли ҳаракатларни амалга оширганлик ва (ёки) бундай ҳаракатлар учун ваколатли шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун ундириладиган мажбурий тўловдир.

Қонунда давлат божини ундириш объектлари ҳамда давлат божи ставкаларининг миқдорлари белгиланди.

Қонун билан давлат божини тўлашдан озод қилинадиган жисмоний ва юридик шахсларнинг қатъий рўйхати белгилаб берилди.

Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича судларда даъвогарлар иш ҳақини ундириш тўғрисидаги даъволар, алиментлар ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан давлат божини тўлашдан озод қилинади.

Давлат божининг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши, тўлиқ ундирилиши ва Давлат бюджетига ўз вақтида ўтказилиши устидан назорат давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилади.

Қонунда давлат божи ундириладиган объектлар ва давлат божи ставкалари миқдорлари белгилиб, қуйидагилар бўйича ставкалар пасайтирилди:

1) мол-мулк ижараси шартномасини тасдиқлаганлик учун:

эр (хотин), уларнинг ота-оналари, болалари ва уларнинг эр-хотинлари, набиралари, бувилари, боболари, ака-ука ва опа-сингилларига – БҲМнинг 50%идан БҲМнинг 25%игача;

жисмоний шахслар учун – 1 БҲМдан БҲМнинг 50%игача;

юридик шахслар учун ёки бир тараф юридик шахс бўлганда – 2 БҲМдан 1 БҲМгача;

2) адлия органлари рўйхатдан ўтказганлиги учун:

республика, вилоятлараро ННТ – 4 БҲМдан 3 БҲМгача;

вилоят ҳудудида фаолият юритадиган ННТ – 2 БҲМдан 1 БҲМгача;

туман, шаҳар, посёлка, қишлоқ ва овул ҳудудида фаолият юритадиган ННТ – 2 БҲМдан БҲМнинг 50%игача;

3) концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун ставкалар ушбу субъектларнинг жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашга ўтганлиги муносабати билан 4 бараварга пасайтирилди.

Қонунчиликдаги сўнги янгиликлар билан Адлия вазирлигининг телеграмм мессенжеридаги Ҳуқуқий аҳборот канали ва лекс нуқта уз сайти билан танишишингиз мумкин.

Навбаҳор туман адлия бўлими.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.