Адлия минбари.

Янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамияти. Марҳамат, ушбу ҳафта давомида бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари билан таништириб ўтамиз.

Ўтган ҳафтада қабул қилинган Ҳукумат қарори (830-сон, 30.09.2019 й.) билан Аҳоли хонадонларида ва чорвачилик йўналишида фаолият кўрсатадиган хўжалик юритувчи субъектларда парвариш қилинаётган чорва ҳайвонларини суғурта қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, чорва ҳайвонларини суғурталаш учун суғурта қилдирувчининг оғзаки ёки ёзма мурожаати бўйича суғурталовчи билан шартнома тузилади. Эслатиб ўтамиз, суғурталаш ихтиёрий равишда амалга оширилади.

Суғурта қилдирувчи суғурта мукофоти тўлайди ва унга суғурта полиси берилади. Суғурта ҳодисаси яъни суғурталанган ҳайвоннинг нобуд бўлиши, ўғирланиши ва мажбуран сўйилиши рўй берганда бу ҳақда далолатнома тузилади ҳамда Суғурта қилдирувчининг аризаси ва тақдим этилган тегишли ҳужжатларга асосан суғурта товони тўлаб берилади.

Ўтган ҳафтада ҳукумат қарори (832-сон, 30.09.2019 й.) билан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхатини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Унга кўра, Аҳолига давлат ҳисобидан кўрсатиладиган тиббий ёрдам рўйхати ишлаб чиқилади.

Низомга мувофиқ, Рўйхат ҳар йили Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тегишли молия ва режали давр учун Давлат бюджети параметрлари тасдиқлангандан кейин 15 кундан кечикмай ишлаб чиқилади.

Рўйхат тиббий ёрдамнинг қуйидаги турлари бўйича шакллантирилади яъни

👉 шошилинч тиббий ёрдам;

👉 режали (шу жумладан бирламчи тиббий-санитария) ёрдам;

👉 ихтисослашган (шу жумладан юқори технологик) тиббий ёрдам;

👉 паллиатив тиббий ёрдам.

Рўйхатга тиббий хизматларнинг аниқ турлари, шу жумладан дори-дармонлар, сарфлаш материаллари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш киритилади.

Рўйхат тиббий хизматлар турлари ва ҳажмлари белгилаб олинган ҳолда, тиббиёт ташкилотлари даражаси бўйича шакллантирилади.

Бундан ташқари, ўтган ҳафтада, Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиб боришга оид чора-тадбирлар тўғрисида Президент Фармони (ПФ–5841-сон, 03.10.2019 й.) қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, ҳар 2 йилда бир марта сентябрь ойида Қўқон шаҳрида Халқаро ҳунармандчилик фестивали ўтказилади.

Шунингдек, фестиваль доирасида "Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусидаги илмий-амалий конференция ҳам ўтказилади.

Фестивалнинг асосий вазифаларидан бири ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бой маданий меросни дунё ҳамжамияти ўртасида тарғиб этишдан иборат.

Шуниндек, ўтган ҳафтада, Ўзбекистон Республикаси аҳолисига наркологик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди (842-сон, 03.10.2019 й.).

Қарор билан Республика наркология маркази негизида Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилди.

Наркологик касалликларнинг олдини олиш, уларга ташхис қўйиш ва уларни даволашни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш, наркология хизмати муассасаларининг фаолиятига ташкилий-услубий раҳбарлик қилиш Марказнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Қарорга кўра, жамоат жойларида маст ҳолатда бўлган шахслар, агар уларга тиббий ёрдам кўрсатиш зарур бўлган ҳолатларда (алкоголдан оғир заҳарланиш ҳолатлари бундан мустасно), Қорақалпоғистон Республикаси Республика наркология диспансери, вилоятлар ва Тошкент шаҳар наркология диспансерлари ҳузуридаги тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига олиб келиниши керак.

Қарор билан 2019–2022 йилларда Ўзбекистон Республикаси наркология хизматини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.

Дастурга мувофиқ, жами 710 ўринли 8 та объект қурилиши, 300 ўринли 3 та объект реконструкция қилиниши ҳамда 312 ўринли 3 та объект капитал таъмирланиши белгиланди.

Бундан ташқари, ўтган ҳафтада Товар-хомашё биржалари фаолияти самарадорлигини ошириш ва биржа савдоси механизмларини янада такомиллаштириш чоралари тўғрисидаги Президент қарори (ПҚ–4484-сон, 08.10.2019 й.) қабул қилинди.

Қарор билан Ички бозорда фақат биржа савдолари орқали сотиладиган маҳсулотлар белгиланди

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 январдан бошлаб:

👉 давлат улуши 50 % дан ортиқ бўлган корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларнинг бир қисми Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ўрнатиладиган квоталар бўйича фақат биржа савдолари орқали экспорт қилинади.

Шунингдек, қуйидагилар ички бозорда фақат биржа савдолари орқали сотилади:

👉 техник мой, омухта ем, хўжалик совуни, нефть эриткичи, нефть парафини ва мис купороси;

👉 маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган шакар (республиканинг олис ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларида жойлашган истеъмолчиларга тўғридан-тўғри шартнома асосида ўз савдо тармоқлари орқали сотиладиган, умумий ишлаб чиқариш ҳажмининг 10 фоизидан ошмайдиган ҳажми бундан мустасно);

👉 иситиш ёқилғиси, ёқиш мазути, суюлтирилган газ ва нефть битуми (махсус истеъмолчиларга ўрнатилган тартибда тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотиладиган ҳажмлар бундан мустасно).

✅ Қарор билан биржа фаолиятини амалга оширишда биржа фаолиятини амалга оширишда товар-хомашё биржалари раҳбарлари малака талаблари бекор бўлди.

Ўтган ҳафтада, Сув ресурсларини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент қарори (ПҚ-4486-сон, 09.10.2019 й.) қабул қилинди.

Унга кўра, янги агентлик Сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги ташкил этилди. Ушбу агентлик Сув хўжалиги вазирлиги ҳузурида ташкил этилиб, Агентлик сув хўжалиги тизимини такомиллаштиришга қаратилган лойиҳаларни шакллантириш ва ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга масъул ҳисобланади.

Қарорга кўра, 2020 йилдан бошлаб сув етказиб бериш бўйича харажатларнинг бир қисмини сув истеъмолчилари томонидан қоплаш механизмлари жорий этилиб, сув хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция ва модернизация қилиш харажатларидаги бюджет маблағлари улуши босқичма-босқич камайтирилади.

Шунингдек, қарорга кўра, сув хўжалиги вазирлиги идора ва ташкилотлари ходимларининг базавий тариф ставкаларига 2019 йил 1 ноябрдан 1,1 ва 2020 йил 1 январдан 1,2 миқдорда тузатиш коэффициентини қўллаш ҳисобига уларнинг иш ҳақи оширилади.

2019 йил 1 ноябрдан бошлаб сув хўжалиги ташкилотлари раҳбарлари ҳар чоракда тегишли туман халқ депутатлари Кенгашига сув ресурсларини бошқариш ҳолати тўғрисида ҳисобот киритиши лозимлиги белгиланди.

Бундан ташқари ўтган ҳафтада, Ўзбекистон Республикасининг "Меценатлик тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.

Қонун маданият ва санъатни, шунингдек маданият ва санъат соҳасидаги илм-фанни, таълимни, маърифатни ҳамда бошқа фаолиятни ривожлантириш мақсадида ихтиёрий ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш чоғида юзага келадиган муносабатларни тартибга солишга қаратилган.

Қонунга таянч тушунчалар киритилиб, унда меценат, меценатлик (меценатлик фаолияти), меценатлик кўмаги, меценатлик кўмагини олувчи тушунчалари очиб берилган.

Маълумот ўрнида шуни айтиш керакки, меценат — меценатлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний ёки юридик шахс бўлиши мумкин. Ўзбекистон Республикасининг резидентлари ва норезидентлари меценатлар бўлиши мумкин. Улар меценатлик фаолиятини ихтиёрийлик ҳамда бу фаолиятнинг мақсадларини эркин танлаш асосида монеликсиз амалга оширишга ҳақлидир.

Меценатлик фаолияти дейилганда, маданият ва санъатни, шунингдек, мазкур соҳадаги илм-фанни, таълимни, маърифатни ривожлантиришга ҳомийлик қилиш тушунилади.

Қонунга кўра меценатлик фаолияти Ўзбекистон Республикасининг маданий мерос объектларини сақлаш, муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадларида амалга оширилади.

Шунингдек, қонунга кўра, жисмоний ва юридик шахслар меценатлик фаолиятини ихтиёрийлик ҳамда бу фаолиятнинг мақсадларини эркин танлаш асосида монеликсиз амалга оширишга ҳақлидир бу фаолият шартнома асосида расмийлаштирилади.

Меценатлик фаолияти меценат ва меценатлик кўмагини олувчи ўртасида тузиладиган шартнома асосида амалга оширилади.

Шунингдек, Қонунга кўра давлат меценатларга солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ҳамда тарифлар бўйича имтиёзлар ва преференциялар бериш кабилар орқали ушбу фаолиятни қўллаб-қувватлаши белгиланган.

Меценатлик кўмаги давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши мумкин эмаслиги белгиланди.

Бундан ташқари ўтган ҳафтада, Ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб этиш механизмларини ва донорлар билан ишлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида Президент фармони қабул қилинди.

Фармон кўра, чет элдан грант маблағларини жалб қилишда қатнашган ходимлар рағбатлантирилади.

Фармонга мувофиқ, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг донорлар билан ҳамкорлигини ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш борасида таклифлар ишлаб чиқиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.

Шунингдек, Фармонга кўра, давлат органлари қиймати 100 минг АҚШ долларидан ортиқ бўлган грантларни ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб этиш ва донорлар билан ҳамкорлик қилиш дастурларига киритган ҳолда жалб этади.

Фармон билан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Комиссиясининг техник кўмагини мувофиқлаштириш бюроси (ЎзБюроКЕС) тугатилди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг марказий аппарати тузилмасида Ташқи беғараз кўмакни мувофиқлаштириш департаменти ташкил этилди.

✅ Фармонга кўра, 2019 йил 1 декабрдан бошлаб:

👉 Ўзбекистон Республикасига донорлар делегациялари ташрифларини ва уларнинг расмий шахслар билан учрашувларини ташкил этиш бўйича сўровларни Ташқи ишлар вазирлигига олдиндан юбориш муддати 30 иш кунидан 15 иш кунигача қисқартирилади;

👉 грант олувчилар томонидан банк ҳисобварақларидан кўчирмаларни, шунингдек, техник кўмак маблағлари тўғрисида ахборот ва идоравий ҳисоботни Молия вазирлигининг Ғазначилигига тақдим этиш мажбурияти бекор қилинади;

👉 грант олувчилар ҳар чоракда олинган ва ўзлаштирилган грантлар ҳамда амалга оширилаётган ташқи беғараз кўмак лойиҳалари тўғрисидаги маълумотларни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига тақдим этади;

👉 давлат органлари раҳбарлари грант маблағларини жалб қилишда бевосита қатнашган ҳодимларни меҳнатга ҳақ тўлаш минимал миқдорининг 15 бараваригача бир йўла мукофотлаш тарзидаги рағбатлантиришга ҳақли бўлади.

Бундан ташқари ўтган ҳафтада, Ўзбекистон Республикасининг Биологик хилма-хиллик ҳақидаги Ковенциянинг биохавфсизлик бўйича Картахена протоколига қўшилиши тўғрисидаги Қонун (ЎРҚ–569-сон, 14.10.2019 й.) Президент томонидан имзоланди.

Ушбу Протокол 2000 йил 29 январда Монреаль шаҳрида қабул қилинган бўлиб, ҳозирги вақтга қадар Протоколга 171 та давлат ҳамда халқаро ташкилот сифатида Европа Иттифоқи (ЕИ) қўшилган.

Ўтган ҳафтада, Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида Ҳукумат қарори (866-сон, 14.10.2019 й.) қабул қилинди.

Энди, Ун ишлаб чиқаришга мўлжалланмаган буғдой фақат биржа орқали сотилади.

Қарорга мувофиқ, 2019 йил 15 октябрдан:

👉 2019 йил ҳосилидан тайёрланган ва ун ишлаб чиқаришга мўлжалланган буғдойдан бошқа ғалла истеъмолчиларнинг барча тоифаларига фақат биржа орқали сотилади;

👉 давлат харидлари доирасида сотиб олинган буғдойни қайта ишлашдан олинган ун барча истеъмолчиларга 100 фоиз тўловни олдиндан амалга ошириш орқали очиқ биржа савдоларида сотилади;

👉 2019 йил ҳосилидан тайёрланган буғдойнинг 1 тоннаси ун ишлаб чиқаришга 1300 минг сўмдан улгуржи нархда сотилади.

2019 йил 1 октябрдан бошлаб ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган айрим тоифаларига бериладиган ҳар ойлик пул компенсацияси оширилиб, 50 000 сўм миқдорида белгиланди.

✅ Шунингдек, 2019 йил 1 октябрдан бошлаб компенсация оладиган аҳоли тоифаларига қуйидагилар ҳам қўшилди:

👉 14 ёшгача бўлган болалари учун нафақа олувчи оилалар;

👉 белгиланган энг кам миқдорда ёшга доир пенсия олувчилар.

Шунингдек, ўтган ҳафтада, Адлия вазирлигининг юридик коллежлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида Ҳукумат қарори (873-сон, 15.10.2019 й.) қабул қилинди.

Қарор билан юридик коллежларни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш параметрлари тасдиқланди.

Қарорга кўра, объектларда қурилиш ва монтаж ишлари "фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш” шартларида ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

Шунингдек, қарорга мувофиқ, мартаба даражаларига эга бўлган юридик коллежлари ходимларига устамалар ва мартаба даражалари учун қўшимчалар Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ва бюджетдан ташқари бошқа маблағлари ҳисобидан тўланади.

2025 йил 1 январга қадар мазкур қарор доирасида белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича олиб кириладиган Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар ва қурилиш материаллари божхона тўловларидан (ҚҚС ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинади.

Шунингдек, юридик коллежларда замонавий АКТни янада кенг жорий қилиш мақсадида "Электрон юридик коллеж” электрон платформаси ишлаб чиқилади, электрон ҳужжат айланиш тизими яратилади.

Ўтган ҳафтада қабул қилинган Президент қарори (ПҚ–4492-сон, 16.10.2019 й.) билан Ядро-энергетика дастури учун кадрлар салоҳиятини ривожлантириш стратегияси тасдиқланди.

Стратегияга мувофиқ, ядро-энергетика дастури учун кадрлар тайёрлашга давлат буюртмаси шакллантирилади.

Бунинг учун ушбу кадрларга бўлган эҳтиёж аниқланади, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш учун мутахассисликлар рўйхати белгиланади.

Маълумот учун, Президентимизнинг тегишли Фармони билан Ўзбекистон Миллий университети, Самарқанд давлат университетида атом энергетикаси соҳасида мутахассислар тайёрлаш учун янги магистартура мутахассисликлари очилди, Тошкент давлат техника университетида "Энергетика (атом энергетикаси)” мутахассислиги бўйича талабаларни ўқитиш ташкил этилди.

Ўтган ҳафтада Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди (876-сон, 16.10.2019 й.)

Президентнинг тегишли Фармонига (http://lex.uz/docs/4429732) асосан илгари фойдаланишда бўлган автомобилларни топшириб, қиймати орасидаги фарқни тўлаш орқали янгисини харид қилиш имконини берувчи "TRADE-IN” дастури 2019 йил 1 октябрдан татбиқ этила бошлади.

Шунга кўра, ҳукуматнинг қатор қарорларига "TRADE-IN” тушунчаси, ушбу дастурни қўллаш тартиби ва шартларини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилди.

Хусусан, автомобиллар фуқаролар ва юридик шахслар томонидан расмий дилерлик корхоналарига "TRADE-IN” дастури бўйича сотилганда битимнинг нотариал тасдиқланиши талаб этилмайди.

Шунингдек, расмий дилер мазкур дастур бўйича илгари фойдаланишда бўлган автомобилни сотиб олганда, вақтинча рўйхатдан ўтказиш учун ҳудудий ДЙҲХХ органларига тақдим этилиши лозим бўлган ҳужжатлар белгилаб берилди.

Бунда, автомобилни вақтинчалик рўйхатдан ўтказишда ДЙҲХХ органлари томонидан тегишли маълумотнома берилади, ушбу маълумотнома автомобилни бошқариш ҳуқуқини бермайди, шунингдек вақтинчалик рўйхатдан ўтказганлик учун йиғим ундирилмайди.

Навбаҳор туман адлия бўлими.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.